ТОШКЕНТ, 11 фев — Sputnik. Ўзбекистон Президенти Туркманистон Президентини табриклади, деб хабар қилган Ўзбекистон ТИВ матбуот-хизмати.
"Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовга БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 12-декабрни Халқаро бетарафлик куни деб эълон қилиш тўғрисидаги Резолютсия қабул қилиниши муносабати билан чин дилдан табриклаб мактуб йўллади", — дейилади хабарда.
Ўзбекистон раҳбари Ўзбекистонда Туркманистон билан дўстлик ва қўшничилик муносабатлари алоҳида қадрланишини айтган. "Бизнинг давлатларимиз халқаро сиёсат ва минтақавий барқарорликнинг долзарб масалалари бўйича умумий ёки ўхшаш позицияга эга", — дейилади мактубда.
Шавкат Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедовга мустаҳкам соғлик, масъулиятли давлат ишларида янги зафарлар, Туркманистон халқига эса тинчлик, фаровонлик ва янада равнақ топишни тилади.