ТОШКЕНТ, 5 авг — Sputnik. Туркия президенти Тойиб Эрдўғонга қарши исён юзлаб одамлар ўлимига олиб келди, молиявий йўқотишлар эса миллиардлаб долларларда ўлчанмоқда. Исён туфайли ўз жойидан айрилганлар қанча: оммавий "тозалаш" ишлари исёнчилар "уяси" саналмиш армия билан бир қаторда, мамлакатдаги деярли барча муассасаларни қамраб олди, деб ёзади нашр.
Йўқотишлар: одамлар ва пуллар
Энг сўнгги маълумотларга мувофиқ, исён оқибатида мамлакатнинг 246 нафар фуқароси ҳалок бўлган. Икки мингдан зиёд киши жароҳатланган. Бу статистикада исёнчилар томонида бўлган кишилар ўлими ҳисобга олинмаган.
"Агар биз барча самолётлар, вертолётлар, қурол-аслаҳалар, бомбалар ва (вайрон қилинган) биноларни пулга чақадиган бўлсак, етказилган зарар миқдорини камида 300 миллиард лир (100 миллиард доллар) деб айтиш мумкин" — дея баёнот қилди Туркия Савдо ва божхона вазири Бюлент Тюфенкчи.
Вазир айтилган зарар миқдори аниқмаслигини, у янада кўпроқни ташкил қилиши мумкинлигини ҳам қўшимча қилди.
"Кўплаб чет элликлар мамлакатимизга ташрифини бекор қилди. Афсуски, исёнчилар Туркиянинг обрўйига жиддий путур етказдилар. Бизнинг кўчаларимизда танкларни ва паралмент қандай қилиб бомбардимон қилинганини кўрган одамлар Туркияга қайтиб келмайдилар", — дея иқтибос келтирган вазир нутқидан Hurriyet нашри.
Минглаб одамлар ҳибсга ва қамоққа олинди
Давлат тўнтаришини амалга оширишга уринишдан кейин Туркияни ҳибсга олиш "уммони" қоплаб олди. Маълумотларга кўра, июль ойи охирига қадар қўлга олинганлар сони 25 мингдан ошиб кетган.
Оммавий ҳибсга олиш ишлари, бошқалар билан бир қаторда, юқори лавозимга эга мансабдорлар орасида ҳам олиб борилган. Масалан, Анқара прокуратураси томонидан 44 киши, шу жумладан, губернаторлар, вице-губернаторлар ва бошқа раҳбарларни ҳибсга олиш учун ордер чиқарилган.
Мансабдорланинг барчаси исённи ташкил қилганликда айбланаётган, мухолифатчи имом Фатхулла Гюлен билан алоқадорликда гумонланмоқда.
Туркия ҳукумати паспортлар орқали ҳам зарба беришни унутмади. Ички ишлар вазири сўзларига мувофиқ, мамлакатда 74562 кишининг паспорти бекор қилинган.
Генералларнинг тахминан тенг ярми "тозаланган"
Энг кенг кўламдаги тозалаш ишлари олий армия қўмондонлигида бўлиб ўтди. Исённи амалга оширишга уринишдан кейин 163 нафар генерал ва адмираллар (умумий миқдорнинг 40%и) қўлга олинди. Мамлакат пиёда қўшинларидаги 198 нафар генералдан 87 нафари, Ҳарбий Ҳаво кучларидаги 72 нафар генералдан 30 нафари, Ҳарбий Денгиз Кучларида эса 55 адмиралдан 32 нафари ишдан ҳайдалди. Туркиянинг Resmi Gazete расмий нашрида чоп этилган маълумотларга кўра, жами 1684 нафар офицерлар ишдан бўшатилган.
167 нафар генераллар янги лавозимларга тайинланган. Пиёда қўшинлари қўмондонлигида — 94 генерал, ҲҲК — 44, ҲДК — 22 адмирал янги тайинловлар олган.
Бундан ташқари 6 генерал ва 1 адмирал Истамбулдаги Ҳарбий-тиббий академиядаги тузилмаларга тайинлов олган.
Ҳукуматнинг ишонтириб айтишига қараганда, бу ишларнинг ҳеч бири мамлакат қуролли кучлари жанговор тайёргарлиги ҳолатига мутлақо таъсир этмайди. "Армия тозалангач… у янада ишончли бўлади, унинг жангда самарадорлиги ортади", — дея баёнот қилган Туркия ТИВ раҳбари Мавлют Чавушоглу.
Турк армияси — сон жиҳатдан НАТОда иккинчи ўринда туради. 2014 йилги маълумотларда Туркия армияси сони 610 минг кишини ташкил қилган, ундан кейинги ўринларда турган француз ва Британия армияси турк армиясига нисбатан уч карра камдир.
Бўшатишлар: губернаторлардан тортиб футболгача
Ишдан олиб ташлашлар фақат ҳарбий соҳада рўй бераётгани йўқ. Туркия Бош вазири Биноли Йилдирим берган хабарга мувофиқ, давлат тўнтаришини амалга оширишга уриниш иши юзасидан ўтказилган суриштирувлар доирасида 58611 киши ишдан четлатилган.
Анадолу агентлиги ундан ҳам кўпроқ киши ўз ишидан маҳрум бўлгани ҳақида ёзган. Нашрда эълон қилинган маълумотларга кўра, 66 минг давлат хизматчилари ўз лавозимларидан четлатилган, "тозалаш" ишлари барча вазирлик ва муассасаларга "тегиб" ўтган.
Ундан кейинги ўринларда ИИВ (8,8 минг), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (5,6 минг), Молия вазирлиги (1,5 минг) ва Диний ишлар бўйича бошқарма (1,1 минг) келмоқда.
Мудофаа, энергетика, ижтимоий муҳофаза, қишлоқ хўжалиги ва транспорт вазирликларида мингга яқин ходимлар ишдан бўшатилган.
Saba газетаси, шунингдек, Туркия миллий авиаташувчиси бўлмиш Turkish Airlines компаниясининг юздан зиёд ходимлари ишдан бўшатилгани ҳақида хабар берган. Маълумотларга кўра, улар орасида компания раҳбарлари ҳам бор.
Тозалаш ишлари, бир қарашда сиёсатдан узоқ бўлган соҳа — спортни ҳам айланиб ўтмади. Ҳарҳолда, турк футболи йўқотишларни бошдан кечирди.
"Туркия футбол федерацияси 94 ходим, шу жумладан, арбитрлар, уларнинг ёрдамчилари, регионал ҳакамлар қўмитаси аъзолари ҳамда кузатувчилар билан муносабатларни узишга қарор қилди", — деб хабар қилган ташкилот.
ОАВ ҳам шарманда қилинди
Исён туфайли журналистлар ҳам таъқибга олинди. Турк ҳукумати уч ахборот агентликлари, 16 ТВ каналлари, 23 радиостанциялар, 45 газета ва 15 журналларни ёпишга фармон берди. 20 дан ортиқ ахборот-сайтларига кириш блокировка қилинди, 29 нашриёт лицензиядан маҳрум қилинди.
Журналистларни ҳимоя қилиш Қўмитаси маълумотларига мувофиқ, Туркия ҳукумати 88 нафар ОАВ ходимларини ҳибсга олиш учун ордер чиқарган. 330 нафарга яқин журналистлар аккретидациядан маҳрум бўлган.
Қўмита Туркиядаги ОАВ соҳасида рўй бераётган ҳодисаларга "Жодугарлар ови" деб ном берди.
"Ҳукумат дарҳол барча қўлга олинган журналистларни озод этиши лозим. Биз шунга чақирамиз", — дейди Қўмитанинг Европа ва Марказий Осиё бўйича мувофиқлаштирувчиси Нина Огнянова.
Уч ойлик Фавқулодда вазият
Туркия ҳукумати исёндан сўнг инсон ҳуқуқлари соҳасида бир қатор кескин ўзгартиришлар киритишини эълон қилди.
Ҳар ҳолда, 15-16 июл ҳодисаларидан кейин бир қатор қатъий чоралар ҳақида гап очилди. Мисол учун, ўлим жазосини қайтариш ҳақида.
Эрдўғоннинг бу сўзлари Ғарбда кескин танқид қилинди. Европа Комиссияси раиси Жан-Клод Юнкер, масалан, агар Туркия ўлим жазосини қайта тиклайдиган бўлса, Европа Иттифоқи мамлакатнинг европа блокига кириш учун бошланган жараёнини тўхтатишини маълум қилди.
Ҳозирча бу масала бўйича қарор қабул қилингани йўқ, лекин Туркияда уч ой давомида фавқулодда ҳолат давом этади. Эрдўғон сўзларига кўра, бу исёнга алоқадорларга қарши самарали ва тез чоралар кўриш учун амалга оширилган. Шу билан бирга, турк етакчиси бу ҳолат демократия, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига зарар етказмаслиги, аксинча уларни мустаҳкамлаши ҳақида фикр билдирган.
Айтганча, Туркия ҳукумати Фавқулодда ҳолат бекор қилинишини кечиктирмасликка ваъда берган.
"Биз фавқулодда ҳолатни иложи борича тезроқ — узоғи билан 6-7 ҳафта ичида бекор қиламиз деган умиддамиз", — деб айтган Туркия Бош вазири ўринбосари Нўмон Куртулмуш NTV телеканали эфирида.