Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги изчил сиёсий мулоқот стратегик аҳамиятга эга – Ерхов

Элчи Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик кўпригини мустаҳкамлаш у учун шараф эканини таъкидлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 28 ноя – Sputnik. Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги изчил сиёсий мулоқот, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш каби масалалар нафақат долзарб, балки стратегик аҳамиятга эга. Бу ҳақда Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Алексей Ерхов маълум қилди.
Ерхов икки давлат ўртасидаги дўстлик кўпригини мустаҳкамлаш у учун юксак шараф ва улкан масъулият эканини қайд этди.

“Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги изчил сиёсий мулоқот, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш каби масалалар нафақат долзарб, балки стратегик аҳамиятга эга. Мамлакатларимиз ички ва ташқи сиёсатда ишонч, тенглик ва ўзаро ҳурмат принциплари асосида шерикликни янги босқичга чиқариш бўйича қатъий иродага эга”, - деди у Ўзбекистон президентига ишонч ёрлиқларини топшириш маросимидан кейин.

Элчининг сўзларига кўра, у Ўзбекистоннинг барча вазирлик ва идоралари, ҳукумат ва парламент институтлари билан яқин ва самарали мулоқот олиб боришни ният қилган. Биргаликда стратегик шерикликни янада кучайтириш, иқтисодий интеграция имкониятларини кенгайтириш, гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда икки давлат манфаатларига хизмат қилувчи янги сиёсий ташаббусларни амалга ошириш режалаштирилган.
“Икки мамлакатнинг дўстлиги ва бир мақсад сари интилиши бугунги геосиёсий шароитда алоҳида аҳамият касб этмоқда. Миссиям давомида ушбу стратегик йўлни янада ривожлантиришга бор куч ва тажрибамни йўналтираман”, - дея хулоса қилди Ерхов.
Эслатиб ўтамиз, 5 сентябрь куни Алексей Ерхов Россиянинг Ўзбекистондаги янги элчиси лавозимига тайинланган эди.
Ерхов: Россия ва Ўзбекистон муносабатлари ўз кўлами билан кўплаб давлатлар учун намуна