Глинка танлови ғолиблари Ўзбекистонда концерт беришди

Танловда илк бор ўзбекистонлик хонанда ғолиб бўлган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 12 сен – Sputnik. М.И. Глинка номидаги XXVII халқаро вокалистлар танлови ғолиблари Алишер Навоий номидаги давлат катта академик театрида (ДАКТ) концерт уюштиришди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур танлов дунёдаги энг нуфузли танловлар сирасига киради. 30 йил давомида унда жуда кўп афсонавий опера юлдузлари ғолиб бўлишган. Жорий йилдаги беллашувларда эса Ўзбекистонлик ёш тенор Отабек Назировнинг қўли баланд келган эди.
Глинка танлови
Танловдаги ғалабасидан сўнг Отабек Назировга Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг январь ойида “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” фахрий унвони берилган.
Танлов ғолиблари карвони бундан аввал Россиянинг деярли барча маданий марказларига концерт сафарларини уюштириб, бу гал Ўзбекистонга ҳам ташриф буюришди.
“Бу танлов улуғ номлар ва улуғ асарлар билан боғлиқ. Болалигимдан рус классикасига меҳрим бўлакча эди. Буни қарангки, тақдир тақозоси билан айни танлов ғолиблари бу каби буюк асарларни ватанимизга олиб келишди. Улар билан нафақат сафдош, балки буюк композиторнинг номини ўзида олиб юрган танлов лауреати сифатида бугун саҳнада бўлганимдан бағоят мамнунман”, – дейди Отабек Назиров.
Концерт давомида нафақат Глинка, балки Чайковский ҳамда Мусоргский асарларига ҳам мурожаат қилинди. “Мафтункор куйлаш” (Belcanto) даврига мансуб Донисетти ҳамда веризим йўналишининг моҳир устаси Пуччини қаламига мансуб мураккаб асарлар ҳам ижро этилди.
Концерт якунида эса хонандалар ўзбек опера ихлосмандларига ўзгача совға ҳозирлашди. Улар ўзбек композитори Анор Назаров репертуаридан “Ватан азиздир” таронасини ижро этишди.
Тошкентда “Кино” гуруҳининг концерти қандай ўтди - видео