Тил катта паремиологик захирага эга. Ибора, мақол, матал ва ҳикматли сўзлардан ташкил топадиган бундай қайроқи сўзлар халқнинг ўзи каби қадимий. Эл ўзининг баъзан аччиқ, баъзан ширин турмушида кўрган-кечирганларини топиб-тутиб мақолу маталларда муҳрлаган. Уларни бир ўқиш билан панд оласиз, қайта ўқиш билан этник-маданий тажрибалардан хабар топасиз, қайта-қайта ўқиш билан халқнинг олам ва одамга муносабатларини кашф этасиз. Шу жиҳатдан ўзбек паремалари бир ўқишга ҳам, бот ўқишга ҳам арзийди.
Маълумки, халқ турмушида инсонларга зарар етказиши мумкин бўлган жониворлар номини айтишдан тийилинган, уларни тилга олишга ижтимоий тақиқ қўйилган. Масалан, агар чаён ўз номи билан аталса, киши чаёнга йўлиқади, деб ўйлангани учун қадим ўзбекчиликда бу ҳашарот номини айтмаслик урфлашган. Дунёнинг аксар элларига хос бу эски тутумни замонавий фан табу, табулаш атайди. Аммо табуланган тушунчалар одамлар энг кўп дуч келадиган бўлгани сабабли уларни бошқа ном билан айтиш йўлини топган ва фанда бундай лисоний тутум эвфемиклаштириш деб тушунтирилади.
Одамлар орасида чаён отсиз, эшак, гаждум аталган ва бу билан гўё чаён чалғитилган. Ёки илон дейилса, илон келиб қолишидан чўчиб, уни арқон, арғамчи, олачилвир, қамчи атаб, гўё илон чалғитилган. Рус лингвомаданиятида айиқнинг номини айтиш табуланган. Уни асалхўр (любител меда), полвон (силач), пахмоқ (лохмач), Потапич, хўжайин (хозяин), ўрмончи (лесник), Мишка сингари номлар билан тилга олганлар. Славян лингвомаданиятидаги бу ижтимоий тақиқнинг тагида ҳам юқорида айтиб ўтганимиздек ҳақиқий ном ва унинг ортида турадиган қўрқув ётади.
Бўрини йўқласанг, қулоғи кўринади
Туркийлар – бўрини тотем даражасига кўтарган халқ, олис аждодларимиз ўзларини кўк бўри авлоди деб билганлар. Албатта, ислом таъсири ва замона зайли бундай тотемистик қарашларни эскиртирган, бугунги туркийлар ўзларининг Одам авлоди эканлигини билади. Бўри култининг излари айрим кишилар бўри тиши, тирноғини ёнида олиб юришидагина кўзга ташланади. Бироқ хоҳлаймизми-йўқми, бўри – йиртқич ҳайвон. Шу йиртқичлигига бориб, кутилмаганда подага ҳужум қилиб, қўй-қўзини еб-ёриб кетаверган. Шунинг учун халқнинг кейинги тарихида айни жондор чорвадорларни безовта қилгувчи ашаддий йиртқич сифатида ўрнашган ва унинг номи ижтимоий тақиққа учраган.
Чорвадор халқ онгида бўри номи тилга олинса, худди ўзи келиб қоладигандек тасаввур шаклланган. Мазкур тасаввурлар дастлаб “Бўрини йўқласанг, қулоғи кўринади” тарзидаги одатий гапни пайдо қилган. Юқорида зикр этганимиз табулашдан туғилган бундай лисоний ифодалар секин-аста халқ тилига кўчиб, мақол тусини олган. Ақлан ва руҳан юксалган инсонни бугун бўри номини айтсанг, келиб қолади, деб қўрқитиб бўлмагани учун ҳам айни мақол кўчма маънода қўлланишга ўтган. Ҳозир бирон-бир киши ҳақида гапириб турганингизда тўсатдан ўша одам кўриниб қолса, ярим ҳазил, ярим чин қилиб шу мақолайтилади: Бўрини йўқласанг, қулоғи кўринаркан. Оғир хаёллардан қийналиб ўтирганида, бир куни Очил ўзи йўқлаб келди. Холхўжа уни зўрға таниди (Асқад Мухтор, Фано ва бақо).
Бу тасаввур халқ тафаккурига чуқур ўрнашгани боис айни мақол қайта ижодий ишланган. Масалан: Бўрини йўқласанг боши кўринармиш, тулкини эсласанг туёғи кўринибди, қуённи қувласанг – қулоғи... Кўринди: қулоғи ҳам, туёғи ҳам (Эркин Аъзам, Шовқин).
Хизрни йўқласам бўлар экан
Муайян нарса номининг тилга олиниши билан ўша нарсага йўлиқилиши ҳақидаги тасаввурга бугунги авлод кўпам ишонавермайди. Аммо кундалик нутқимизда ўша инончлардан туғилган нақлларни ҳеч бир иккиланишсиз қўллайверамиз. Масалан, ҳозирги ўзбек тилида Хизрни йўқласам бўлар экан деган ифода бор бўлиб, у “кимдир тилга олинганда ўзи келиб қолганда” айтилади. Бу ифоданинг мазмунидан ҳам ниманидир номи тилга олинса, ўзига йўлиқилади, деган қадим ишонч сезилиб турибди: Келинг, қўйинг, сўлтаматни чайнамайлик. Яна Хизрни йўқлаган бўлибунга йўлиқмайлик. Оч қорним-тинч қулоғим. (Тоҳир Малик, Девона) Ростдан ҳам соғинган эдим, домла, Хизрни йўқласам бўлар экан, – дейди Икромхон (Набижон Боқий, Қизил тошбўрон).
Ўзбек тилида “Бўрини гапирсанг қулоғи, Хизрни йўқласанг таёғи кўринади” мақоли ҳам шу мазмунда бўлиб, кейинги даврларнинг маҳсулидир.
Эр-хотин қўш, ҳўкиз
Мазкур мақол ҳозирги кунда эр ва хотин бир-бирига елкадош, кўмакчи бўлиши керак, оиланинг моддий ташвишларини бирга ҳал қилиши лозим, деб тушунилади. Аммо хотинни ҳўкизга ўхшатиш кўпам дурустмас. Аксинча, оилани моддий таъминлаш эрнинг зиммасида бўлган. Бизнингча, мақолнинг юқоридагидек талқини қўш ва ҳўкиз сўзлари орасидаги вергулни тушириб ёзишдан келиб чиққан. Агар мақолдаги вергул тикланса, “Эр-хотин қўш, ҳўкиз” шаклида бўлади. Бу билан хотин қўш бўлса, эр уни тортувчи, деган мазмун чиқади. Ҳарҳолда, эр-хотин – икки ҳўкиз дегандан дурустроқ.
Эслатиб ўтамиз, ўтган галги мақоламизда қўл бармоқлари адабий тилда ва шеваларда қандай аталиши ҳақида маълумот берган эдик.
“Ўзбекнинг ўз сўзлари” рукнимиз орқали ҳар ҳафтада ўзбек тилига оид жуда қизиқ маълумотларни билиб оласиз ва сўз бойлигингизни оширасиз.
Аввалги материаллар: