Нортой, Жовли, Ашура: ўзбеклар исм танлашда нималарга эътибор қаратган

© Sputnik / Георгий ЗельмаБольшая узбекская семья Икрамовых. Бабушка с внучатами. Архивное фото
Большая узбекская семья Икрамовых. Бабушка с внучатами. Архивное фото - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 01.09.2023
Oбуна бўлиш
“Ўзбекнинг ўз сўзлари” рукнимизнинг навбатдаги сони ўзбек исмларига бағишланган.
Исм – инсоннинг умрлик ҳамроҳи. У ўз отини бир умр “кўтариб юради” ва уни энг чиройли исм деб билади. Шунинг учун ҳам илғор руҳшунослар киши исмини тўғри, тўлиқ айтишни масалаҳат берадилар. Айниқса, ота-оналар боласи исмининг нотўғри айтилишини жуда оғир оладилар. Негаки улар фарзандига исм танлар эканлар, бу номда фарзанди камолини кўрадилар, орзу-ҳавасини ифода этадилар.
Ҳозирги кунда ўзбек исмлари заҳираси жарангдор ва маъноли исмлар билан бойиган, аммо ҳар доим ҳам фақат чиройли исм қўйиш пайидан бўлинмаган. Одамзоднинг олис аждодларида исм қўйиш билан боғлиқ содда тасаввурлар бўлган ва бундай миллий-маҳаллий тутумлар асрлар давомида амал қилиб келган. Масалан, қадимда болага иккита исм қўйилган: бири чин, иккинчиси ёлғон исм бўлган. Фарзанд гўдаклик ёшидан ўтиб кучга тўлгунча, гўё ёвуз руҳларни чалғитиш мақсадида уни ёлғон исми билан чақирганлар. Яъни инс-жинслар ёлғон исм ортидан бориб, болани тополмайди, деб ўйлаганлар. Агар шундай қилинмаса, бола касалланиб, вафот этади, деб тушунилган. Бундай тасаввур ва тутумлар рус, инглиз ва бошқа халқларда ҳам бўлган.
Болаларнинг икки исмли бўлишининг бошқа сабабалари ҳам бор. Масалан, қадимдан халқимиз тафаккурида айрим исмларнинг болага оғирлик қилишидек ўй-фикр шаклланган. Бунинг қанчалик тўғри эканлигини билмадик-ку, лекин кексаларнинг ёш ота-оналарни гўдакка оғирлик қиладиган исмларни қўймаслик кераклиги ҳақида огоҳлантирганидан, пайғамбар ва улуғ авлиёларнинг исмларини “оғир исм”лар деб билганларидан хабаримиз бор. Албатта, бундай қарашлар шунчаки, қуруқ заминда юзага келиб қолмаган. Оғир деб билинган исм қўйилган бола тез-тез касалликка чалинган ёки вафот этгани сабаб бўлган бўлиши мумкин. Бугунги кундагидек тиббиёт ривожланмаган вақтларда касаллик сабабини исмдан деб билингани аниқ. Масалан, камина қишлоғимиздаги Акрамжон исмли киши болалигида кўп оғрийверганлиги сабабли ота-онаси у кишини Солижон деб қайта атаганлигини эшитганман. Ҳозир ҳам у кишини барча Соли ака сифатида танийди. Ёки ўғлига Довуд деб исм қўйган ўртоғимизнинг онаси неварасига исми оғирлик қилаётганини айтгани қулоғимга чалинган. Ёки Улуғбек исмли тенгдошим касал бўлаверганидан ота-онаси унинг исмини Ўлмасали деб ўзгартирганлигини эшитганман.
Қадим ўзбекларда бола туғилган вақтда илк бор отасининг кўзи тушган нарса-буюмнинг номи исм қилиб қўйилаверган. Масалан, бола туғилгач, отасининг кўзи болтага тушса, Болтавой деб, тешага тушса Тешавой, ўроққа тушса, Ўроқбой деб исм қўйилган.
Ўзбек исмлари орасида бола туғилган кун, ой билан боғлиқ исм қўйиш одатлари бўлган ва ва ҳозир ҳам у ёки бу даражада шу одатга амал қилинади. Масалан, ҳафтанинг Чоршанба кунида туғилган ўғил болаларга Чоршам (шундай исмли ўзбек шоирини сиз ҳам танирсиз), Чоршанбой, Чоршанбу; жума куни туғилганларига Жумавой, Жумали, Жумаш, Жуманазар, Жуманиёз, Жумақўзи; қиз болаларга Жумагул, Жумахол, Одина, Шарифа деб исм қўйилган. Бу ўринда Шарифа исми жума кунини халқимиз “жумаи шарифа” деб шарафлашидан келиб чиққан.
Маълумки, ислом динида қурбонлик қилинадиган алоҳида вақт белгиланган бўлиб, бу ой халқ орасида қурбон ойи дейилади, қамарий йил ҳисоби бўйича эса зулҳижжа ойига тўғри келади. Шундай ойда ёки қурбон ҳайити кунларида туғилган ўғил болаларга Қурбон, Қурбонали, Қурбонхўжа; қиз болаларга Қурбоной, Қурбонгул каби исмлар берилади.
Рамазон ойида, рўза кунлари туғилган ўғил болаларга Рамазон, Рўзали, Рўзимат (Рўзимуҳаммад сўзининг қисқарган шакли), Рўзимурод; қиз болаларга Рўзихон, Рўзибегим, Рўзибу, Рўзихол каби исмлар қўйилади.
Дунё аҳолисининг асосий қисми вақтни милодий йил асосида белгилайди. Ўзбекистонда ҳам шундай вақт тартиби амал қилади, аммо аввал ундай бўлмаган. Аждодларимиз қамарий ва шамсий йил ҳисобида иш юритганлар. Бундай тутум исм қўйиш одатига ҳам кириб борган. Масалан, мусулмонлар учун муҳаррам ойи ва унинг ўнинчи куни муқаддас саналган. Шундай кунларда туғилган ўғил болалар Ашур, Ашурали, Ашурмат (Ашурмуҳаммад сўзининг сўзининг қисқарган шакли; Бахтиёр Ашурматов деган футболчимизнинг фамилиясида шу исм бор); қиз болалар Ашура, Ашургул, Ашурхол деб аталган. Шунингдек, Муҳаррам исми ҳам шу ойда туғилган қизларга қўйилади.
Ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин: кимдир йўлда, кимдир тўйда, яна кимдир ҳайитда туғилади. Халқимиз бу борада ҳам ўзининг закийлигини намойиш эта олган. Йўлда туғилган болаларга Йўлчи, Йўлчиқул, Йўлтурди исмларини берган. Бордию тўй кунида таваллуд топса, Тўйчи, Тўйбек, Тўйберди, Тўйбиби, Тўймирза исми билан аталган. Ҳайит ёки бошқа байрамда туғилган бўлса, Ҳайитвой, Ҳайитали, Ҳайитмурод, Ҳайитгул, Байрамали, Байрамой исми қўйилган.
Сафар ойи ёки сафар пайтида туғилган болаларга Сафарали, Сафармурод, Сафаргул, Сафарниёз деб исм берилган.
Ўзбек исмлари сирасида боланинг оиладаги нечанчи фарзанд эканлиги билан боғлиқлари ҳам бор. Масалан, жанубий вилоятларимизда Чори, Чориқул, Чоримирза каби исмлар оилада тўртинчи бўлиб туғилган ўғил болаларга, бешинчи бўлиб туғилганларига Панжи исми қўйилади, агар қиз бўлса Панжибиби, Панжигул, Панжихон деб исм берилган. Оиладаги нечанчи фарзанд эканлигига қараб қиз болаларга исм бериш одати мусулмон дунёсида кенг тарқалган. Масалан, оилада тўртинчи бўлиб туғилган қиз болага Робия, Робинисо деб исм берилган. Кенжа фарзандлар эса Кенжа, Кенжали, Кенжамурод, Жовли, Кенжабу, Кенжабиби деб аталган. Аммо бир қашқадарёлик дўстимиз оилада тўнғич фарзанд бўлганлиги учун Жовли деб исм қўйилган экан.
Боланинг соғлом, тўрт мучаси бут туғилиши – ота-она учун буюк неъмат. Аммо баъзан бирон-бир жойида қизиллик, хол ёки ортиқча элементи билан ҳам бола туғилади. Ўзбекчиликда буни Яратганнинг неъмати деб билиб, болани шунга мос номлаш одати шаклланган. Масалан, боланинг юзида ёки баданида қизиллик бўлса, Норбек, Нортожи, Анора, Нортой каби исмлар танланган. Бизнинг кузатишлармиздан бундай исмлар ҳудудлараро фарқланар экан. Масалан, Фарғона томонларда Анорқўзи, Тожиқўзи, Тожихон, Тоживой, Анорхон, Анора; жанубий вилоятларда эса Норқизил, Нортожи, Нортўхта каби исмлар кўп қўйилар экан. Норқизил сўзидаги нор сўзи ҳам, қизил сўзи ҳам “қизиллик” маъносини билдиради. Маълум бўлишича, бола баданидаги қизиллик каттароқ бўлса, Норқизил исми танланар экан. Нортожи исми кўпинча бошнинг бирор жойида қизиллик бўлса қўйилар экан.
Холи бўлса, Холдор, Холдорали, Холмўмин, Холмирза, Холқўзи, Холнисо, Холпош, Холида, Холбу каби исмлар берилган. Агар боланинг қулоғи туташган жойда ортиғи ёки олтинчи бармоғи бўлса ёхуд бирон-бир аъзоси меъёрий ҳолатдан каттароқ туғилса, Ортиқали, Ортиқбой, Барака, Жовли каби исмлар бериб келинади.
Агар ўғил болалар суннат қилинган ҳолатда туғилса, Суннат, Суннатали, Суннатулла, Мусулмонжон исмлари қўйилган.
Шу ўринда хол билан боғлиқ бир фикрни айтиб ўтиш керак. Масалан, рус ёки бошқа Европа халқларида хол танадаги нуқсон деб тушунилади, тиббиёт нуқтаи назаридан ҳам шундай. Аммо Шарқда ундай эмас, айниқса, юздаги кичик хол гўзаллик тимсоли сифатида қабул қилинади. Шунинг учун ҳам Ҳофиз Шерозий, Абдулла Қодирий сингари ижодкорлар ўзларининг севимли қаҳрамонини юзида холи билан тасвирлаган ва бу билан шарқ гўзалининг бетакрор тимсолини яратганлар: Агар он турки Шерози ба даст орад дили моро, ба холи ҳиндуяш бахшам Самарқанду Бухороро – Агар кўнглимни шод этса ўшал Шероз жонони, қаро холига бахш этгум Самарқанду Бухорони (Ҳофиз Шерозийдан) Шу вақт кўрпани қайириб ушлаган оқ нозик қўллари билан латиф бурнининг ўнг томонида, табиъатнинг ниҳоятда уста қўли билан қўндирилған қора холини қашиди ва бошини ёстиқдан олиб ўлтурди. (“Ўткан кунлар”дан)
Ўтган галги мақоламизда суннат тўйи билан боғлиқ маросимлар борасида сўз юритилган эди.
Ўзбекнинг ўз сўзлари рукнимиз орқали ҳар ҳафтада ўзбек тилига оид жуда қизиқ маълумотларни билиб оласиз ва сўз бойлигингизни оширасиз.
Аввалги материаллар:
Шашлик ё кабоб: қайси бири ўзбекчалигини биласизми?
Алмисоқдан қолган, гўрига ўт қаламоқ: иборалар тарихини биласизми?
Энг кўп хато ёзиладиган сўзлар — рўйхат
Бу қизиқ: ўзбек миллий болалар ўйинларини биласизми?
“Хумпар, хўтик, қулун”: уй ҳайвонлари ўзбекча қандай тўғри аталади.
Ёввойи ҳайвонлар ўзбекча қандай аталишини биласизми?
Паррандалар ўзбекча қандай тўғри аталади
Қўл учида, бир пул: ўзбекча ибораларга оид қизиқарли тест, Билимингизни синаб кўринг
Якшанба куни тест ўтказамиз, билимингизни синаб кўришингиз мумкин! Telegram-каналимизга обуна бўлиб, кузатиб боринг.
Янгиликлар лентаси
0