Онкология - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 21.01.2022
Бу қизиқ
Ушбу рукнимизда илм-фан, инсон соғлиги, фойдали ва зарарли озиқ-овқатлар, парҳез таомлар, шифокорлар маслаҳати ва бошқа барча учун қизиқарли маълумотлар бор.

Ўзбек тўйи: никоҳ ва ундан кейинги урф-одатларни биласизми

© Sputnik / Всеволод ТарасевичУзбекская свадьба.
Узбекская свадьба. - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 07.06.2023
Oбуна бўлиш
Навбатдаги туркум мақолаларимизда никоҳ тўйидан кейин бўладиган маросимлар ҳақида суҳбатлашамиз.

Никоҳ тўйи куни бўладиган маросимлар ва уларнинг номлари

© Sputnik / Всеволод ТарасевичУзбекская свадьба.
Узбекская свадьба. - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 07.06.2023
Узбекская свадьба.

Қиз беркинар

Тўйи бўлаётган қизнинг тўй куни никоҳгача яқин қариндоши ёки қўни-қўшнисиникида ўтириб туриш, тўйга келганларга кўринмай туриш одати номи. М.Жўраев ва Л.Худойқуловаларнинг маълумотига кўра, бу қадимий удум бўлиб, куёвжўралардан икки нафари қиз “бекинган” хонадонга бориб, ўша ердан келинни “ажратиб олиб чиқишади”. Тўйхонада ўша пайтда карнай-сурнай наволари янграб туради. Келин паранжи-чачвонга ўранган ҳолда, дугоналари қуршовида, “ёр-ёр” садолари билан қизлик уйига кириб келади.

Тортишмачоқ

Никоҳ тўйида келинчак куёвникига келгандан кейин хотинлар тараф-тараф бўлиб тортишиш маросими номи. Қўқон ва атроф туманларида тортишмачоқ куёвжўралар ўртасида келин хонадонида бўлади. Келин янгалар куёв йўлига оппоқ пояндоз ёзадилар, лекин куёвдан совға-салом (кўпинча пул) олмагунча ичкарига қўймай туради. Совға-салом олингач, куёв пояндозни босиб ўтар-ўтмас куёвжўралар пояндозни тортиб олиш пайига тушадилар.

Қиз чиқарар

Келининг қизлик уйида никоҳ куни бўладиган тўй, қизни узатиш маросими номи. Мазкур маросим тугагач, куёв келинни олиб кетади ва тўйнинг асосий қисми куёв хонадонида давом этади. Қизчиқарар тезда тугагани учун бу маросимга бормоқчи бўлган ўсмир болаларга катталар “Қиз тўйига боргунча, ариқнинг бўйига бор” дейдилар.

Келин тушди

Тўй куни келиннинг куёв хонадонига келиши ёки уни олиб келиш муносабати билан куёвнинг уйида бўладиган тантанали зиёфат номи. Келин тарафдан келган қизлар ҳам келин тушди дейилади.

Никоҳ тўйи

Келин-куёв шарафига куёв хонадонида ўтказиладиган тантанали маросим номи. Барча халқларда бўлганидек ўзбекларда ҳам тўй катта шодиёна билан ўтказилади. Куёв тараф тўй дастурхонининнг тўкин-сочин бўлишига алоҳида эътибор беради. Айниқса, ҳозирги кунда пойтахтдаги никоҳ тўйларида ўнлаб санъаткорларни хизматга чорлаш урфга кирган.
© Sputnik / Всеволод ТарасевичМолодожены и гости свадьбы.
Молодожены и гости свадьбы. - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 07.06.2023
Молодожены и гости свадьбы.
Никоҳ тўйи давомида келин-куёв хонадонида кичик одатлар ўтказилади. Шундай маросимлардан бири “Куёв ўтирмаяпти”, “Келин ўтирмаяпти”, “Гулбазм” каби лардир.

Куёв ўтирмаяпти/Куёв ўтирсин

Куёв ва куёвжўралар келинни олиб келиш учун қизнинг уйига бориб зиёфат қилиб келадилар. Зиёфат бўладиган уйга кирган куёвжўралар атайлаб ўтирмай, ноз-неъматларни емай турадилар. Бу вақтда куёвжўралар “Куёв ўтирмаяти-ё, ўтирса ҳам туриб кетяпти-ё” дея баланд овозда қичқирадилар. Шунда келиннинг отаси ёки келин тарафдан ёши улуғ эркак чиқиб меҳмонларга “хуш келибсизлар” дейди ва дастурхонга таклиф қилади. Келин тарафдан чиққан ёши катта аёллар бу каби тилакларни айтиши учрайди: Дарвозани бошига, Каклик қўниб йўрғаласин, Ўрта бўйли, қалам қошли, Куёв бола, хуш келдингиз. Орқасидан бирга келган, Жўралари, хуш келдингиз!

Келин ўтирмаяпти/Келин ўтирсин

Келин ва келин янгалар, келиннинг дугоналари куёвнинг хонадонига “ёр-ёр” садолари остида кириб келгач, тайёрланган жойларга ўтирмай туради. Келиннинг дугоналари баравар “Келин ўтирмаяпти” қилади ёки сўзга чечанроғи чиқиб, “хуш келибсиз” қилишга куёвнинг онаси – бўлажак қайнонани чорлайди: Қуда хола келсангиз, Уй тўриси бизники. Оқ фотиҳа берсангиз, Келинимиз сизники!
Қуда хола чиқиб, меҳмонларга “хуш келибсиз” қилади: Ой қизим, ойдин қизим, Кундай ўғлимни бердим, Қўю тўқлимни бердим, ўтира қолинг! Кенг ҳовлини бердим, Ўчоқ бошини бердим, ўтира қолинг!

Гулбазм

Никоҳ тўйи охирида келин дугоналари ва куёвжўралар тарафма-тараф бўлиб ўтказиладиган шеър ва рақс беллашуви номи. Гулбазмни гул ушлаган куёвжўра шеър айтиб бошлайди ва рақсга тушиб бориб ўзи хоҳлаган қизга гулни беради. Гул тутқазилган қиз куёвжўра шеърига муносиб жавоб қилиши, яъни шеър айтиши ва рақсга тушиши керак. Шу аснода қиз ўзи хоҳлаган куёвжўрага гулни беради. Гулбазм бирон-бир тараф ютқазгунча – муносиб жавоб шеърини айтолмай қолгунча давом этади. Одатда, бундай шеърлар ҳазиломуз бўлади.
Никоҳ тўйи якунлангандан кейин келин-куёвни чимилдиққа киритиш, халқона айтганда, қўшиб қўйиш билан боғлиқ урф-одатлар бажарилади. Чимилдиқ атрофида келин-куёв тараф вакиллари – асосан аёллар иштирокида “Бола солар”, “Ойна кўрсатар”, “Соч сийпатар”, “Қўл ушлатар”, “Кампир ўлди”, “Оёқ босди” каби кичик одатлар бўлиб ўтади.

Бола солар

Никоҳ базмидан кейин келин-куёв чимилдиққа киргач, уларга фарзанд тилаб тиззасига бола ўтқазиб қўйиш одати номи. Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида бу удум “бачча солар”, “баччағилон” дейилади. Китобликлар удумига кўра, тўй куни келин билан куёв учун чимилдиқ ичига жой солингач, ана шу тўшакка битта қиз ва битта ўғил болани ётқизиб қўядилар. Бу “Келин-куёв серфарзанд бўлсин” дегани.

Ит ириллатар

Куёвтўра чимилдиққа кираётганда уй остонасига серфарзанд, болаларидан тинчиган саодатманд кампир (баъзан иккита кампир) ўтириб олади. Бу вазифани бажарадиган кампир бир марта эрга тегган бўлиши керак. Куёв ўтаётганда кампирлар итга ўхшаб ириллагандек бўладилар ва куёвбола тўнининг этагидан тишлаб тортган. Куёв ёки куёвжўралар кампир(лар)га арзигулик нарса (кўпинча пул) бергач, куёв чимилдиқли уйга ўтказиб юборилган. “Ит ириллатар” одатидан кейин “кампир ўлди” маросими ўтказилган.

Кампир ўлди

Келин-куёвни қўшиб қўйишдан олдин ўтказиладиган маросим номи. Бу маросимда одатда бирон-бир кампир чимилдиқ тутилган уйнинг остонасига ўзини ўлганга солиб ётиб олади. Куёвнавкарлардан бири кампирга атаган пули борлигини ва унга беришини айтгандан кейин кампир ётган жойидан тирилиб туради ва куёв билан ўртоқларини чимилдиқ томонга ўтказиб юборади. Кампир хоҳласа, мана шундай дуо-шеърни айтади: Бир туш кўрибман, Ажаб-ажаб иш кўрибман. Олдир бешик ёнида, Қўчқордай ул қўлида, Давлатми, фарзандми, иш кўрибман.

Ололмайсан

Никоҳ базми якунлангандан кейин келин янгалар келинчакка чимилдиқ учун тикилган миллий кийимларини кийдиради. Сўнг келинчакни чимилдиқ олдига ўтқазиб қўйиб, келинни куёвва ўртоқларидан палак билан тўсиб туради. Бу пайтда куёвтўра бошини тўн билан ёпиб куёвжўралар билан чимилдиқли уйга кириб келади. Тарафма-тараф бўлиб олган куёвжўралар ва келин янгалар чимилдиқ тўсилган палакни тортишгандай бўлади, “Ололмайсиз, хо-хо, ололмайсиз”, “Ололамиза, ололамиз” деб жўровоз қўшиқ айтади. Бунда куёвнинг қариндошларидан бири тез келиб келиннинг бошини қашлаб олиши керак. Шундан сўнг чимилдиқнинг пастки қисми палак билан бирлаштирилади ва келин-куёвни “ёр-ёр” айтиб чимилдиққа киритиш бошланади. Ана шунда “Оёқбосди” маросими ўтказилади.

Оёқ босди

Бу маросим пайтида одатда куёв бўлмиш йигит келин бўлмиш қизнинг оёғини секин босиб қўяди ва келинни кўтариб чимилдиқ тутилган уйга олиб кириб кетади. Оёқ бостиришдан мақсад ким кимнинг оёғини босса, оилада ўша хўжайин бўлади деганидир. Ўзбек оилаларига фақат эркак киши бош бўлишини билган келинчак одатга кўра куёвнинг оёғини босмайди.

Ойна кўрсатар

Чимилдиқда келин-куёвни янги, тутилмаган ойнага қаратиш маросими номи. Бу маросимда ёши катта аёллардан бири келин-куёвни ёнма-ён қўйиб ойнага қаратади ва ойнада уларнинг акси кўринади. Шунда келин-куёв бир-бирига “Ойнага қараб ойни кўрдим, Кўзимни очиб сизни кўрдим” дейди. Кўз очиб кўрганим дейиш шу одатдан келиб чиққан. Л.Худойқулованинг ёзишича, Бухоро вилоятида “ойна кўрсатар” маросими қизнинг уйида ўтказилади. Одатда, маросимга махсус ижрочи чақирилади ва у “саломнома” айтади, ундан кейин келин янгалар келин билан куёвга ойна кўрсатадилар. Ойна кўрсатаётган аёл “Ким чиройли?” дейди. Шунда куёв томон “Куёв чиройли”, келин тараф “Келин чиройли”, дейди. Бу савол-жавоб бир неча марта такрорлангач, охири иккала тараф аёллари биргалашиб “Келин-куёв чиройли” деб жавоб қилади.

Соч сийпатар

Никоҳ базмидан кейин чимилдиқда куёвнинг келиннинг сочини силашдан иборат маросим номи. Бу маросимда куёв келиннинг сочини пастда юқорига қарата силайди, пастга қараб силаса, келиннинг сочи тўкилиб кетади, деб ирим қилинади. М.Жўраевнинг маълумотига кўра, Андижонда куёв келиннинг сочини ипак рўмол билан сийпалайди.

Қўл ушлатар

Чимилдиқда келин ва куёв янгалар иштирокида куёвга келиннинг қўлини ушлатиш мақсадида ўтказиладиган маросим номи. Бу маросимда куёв янгалар куёвга келиннинг қўлини ушулатмоқчи бўлганда келин янгалар икки-уч марта келиннинг қўлини атай тортиб оладилар, енг ичига яширишга ҳаракат қиладилар.

Бўри келди

Чимилдиқда кирган куёвнинг келинчак устига танга сочиб, тезлик билан қаллиғи ётган кўрпа ичига кириб олиш одати номи. Андижон вилоятининг Бўз ва Избоскан туманларида чимилдиқ ичида ёшларга жой тайёрлангач, хонада ҳозир бўлган аёллар “Бўри келди!”, “Бўжи келди!” дейдилар. Шунда куёв уялинқираб чимилдиқ ортига ўтиб олади.
Ўзбек халқи азал-азалдан келинини келин эмас, қиз фарзанд деб қабул қилган. Унинг шарафига бағишлаб тўйдан кейин ҳам маълум бир муддатлар оралиғида ҳар хил урф-одатларни ўтказиб келган. Бу каби маросимлар орқали янги қудалар ва уларнинг қариндош-уруғлари бир-бирларини яқиндан таниган-билган. Халқимиз бундай урф-одатлар қариндошлик ришталарини янада мустаҳкамлайди деб ишонган ва уларга оғишмай амал қилган.

Жой йиғди/Ўрин йиғар

Никоҳ тўйининг эртасига эрталаб (Қўқон ва атроф туманларида уч кун ўтиб), юз очди маросимидан олдин чимилдиқ учун солинган ўрин-жойни келин янгалар келиб йиғиб қўйиш одати номи. Одатга кўра, ўрин учун тўшалган кўрпалар йиғилишидан олдин куёв жой йиғгани келган келин янгалар атаб кўрпа қатига бирон-бир арзирли совға ёки пул қўйиб чиқиб кетади. Бу одат аёллар иштирокида ўтади.

Юз кўрди

Никоҳнинг эртаси куни кўрмана билан келин кўриш одати номи. Айрим жойларда бу маросим никоҳдан уч кун ўтказиб қилинади. Масалан, Қўқон ва атроф туманларида тўйдан уч кун ўтиб бу маросим ўтказилади ва келинга нисбатан бу одат юз очди, куёвга нисбатан куёв чиқди дейилади. Мазкур маросим маҳалла-кўй, қариндош-уруғ иштирокида санъаткорларни чақириб ўтказилади. Қўқон ва атроф туманларида келинни юзочди қилишда келинчакни келин янга куёвтўрага энг яқин аёлларнинг олдига юзини оқ рўмол билан ёпиб олиб чиқади. Шунда куёвнинг ўғил бола жиянларидан бири келин ёпинган рўмолни чўп билан юлқиб олиб қочиб кетади.

Ёғ-ўчоқ

Юзочди маросими тугагач, келин қайнонаси билан бирга ўчоқ бошига бориб ўчоққа ёғ сепиш одати номи. Андижонда бу маросим ёғ солди дейилади. Бунда қайнона келинининг қўлини саримойга ботириб олади ёки унинг қўлига ёғ қуяди. Қашқадарё вилоятида “ёғ тўкди” деб юритилади. Бу одатлар орқали “келиннинг қўли доимо ёғлик бўлиши”, “келиннинг куёвга исиши” ният қилинади. Сўнг келинчакни ун солинган супра ёнига ўтқазиб, супрадаги унни уч марта чангаллатилади. Шунинг учун бу одат “ун чангаллатди” дейилади.

Келинсалом

Никоҳ кунининг эртасига (Қўқон ва атроф туманларида тўйдан уч кун ўтгандан кейин) эрталаб, нонуштадан аввал келинни куёвнинг ота-онаси ва бошқа яқинларига салом қилдириш маросими номи. Бунда келин янга келинчакни олиб чиқиб, қайнона-қайнотаси ва бошқа яқинларига таъзим билан салом қилдиради. Ўзбекистоннинг айрим жойларида салом деб юритилади. Ойбекнинг “Қутлуғ қон” асаридан олинган ушбу парчада бу одатнинг Тошкентда қандай ўтишини билиб олиш мумкин: Эрталаб, одат бўйича, Нури тўр рўмол ёпиниб, бешикдаги боладан то кексаларга қадар – ҳаммага салом қилар экан.
© Sputnik / РИА НовостиМолодожены. Колхоз "40 лет Октября". Сурхандарьинская область.
Молодожены. Колхоз 40 лет Октября. Сурхандарьинская область. - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 07.06.2023
Молодожены. Колхоз "40 лет Октября". Сурхандарьинская область.

Келин кўрди/Келин кўрар

Никоҳ тўйининг эртасига (Қўқон ва атроф туманларида тўйдан уч кун ўтгандан кейин) куёвнинг қариндош-уруғлари, қўни-қўшнилари иштирокида ўтказиладиган янги келинчакни кўриш одати номи. Бу маросимда келинкўрдига келганлар келинчакни кўрмана – совға-салом бериб кўрадилар. Келин бунинг эвазига етти букилиб, уч мартадан салом қилади.

Чарлар(и)

Никоҳ тўйидан сўнг келин ёки куёв шарафига хар икки қудалар уйида ўтказиладиган биринчи чақириқ номи. Агар келин тўйдан кейин ўз ота-онасиникига меҳмонга чорланса, келин чарлар/келин чақирди дейилган. Агар куёв тўйдан кейин қайнота-қайнонасиникига зиёфатга чорланса, куёв чарлар/куёв чақирди дейилади. Фарғона томонларда бу маросим умумий қилиб чақиринди деб номланади.

Қуда чарлар

Никоҳ тўйидан бироз вақт ўтгач, қуда-андаларга бериладиган зиёфат номи. Қуда чақириқ ҳам дейилади. Бу зиёфат маросимига қудалар билан бирга қуданинг қариндошлари ҳам таклиф қилинади. Бу маросимга қудалар катта тайёргарлик кўрадилар. Кўпинча қудалар ўртасидаги совуқчилик қуда чақириқдан бошланди.
Бундан олдин никоҳ тўйигача бўладиган ўзбекча урф-одатлар ҳақида мақола бергандик. Унда қаллиқ ўйин, унашар, идиш қайтди ва бошқа маросимлар ҳақида билиб оласиз.
Ўтган ойда “Ўзбекнинг ўз сўзлари” рукнини бошлагандик. Ҳар ҳафта материалларимиз орқали ўзбек тилига оид жуда қизиқ маълумотлар билиб оласиз ва сўз бойлигингизни оширасиз. Ўзбек тили бўйича билимларимиз бойиб боради.
“Хумпар, хўтик, қулун”: уй ҳайвонлари ўзбекча қандай тўғри аталади.
Ёввойи ҳайвонлар ўзбекча қандай аталишини биласизми?
Паррандалар ўзбекча қандай тўғри аталади
Қизиқарли тест: ушбу ҳайвонлар номини биласизми? Билимингизни синаб кўринг
Якшанба куни тест ўтказамиз, билимингизни синаб кўришингиз мумкин! Telegram-каналимизга обуна бўлиб, кузатиб боринг.
Янгиликлар лентаси
0