Онкология - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 21.01.2022
Бу қизиқ
Ушбу рукнимизда илм-фан, инсон соғлиги, фойдали ва зарарли озиқ-овқатлар, парҳез таомлар, шифокорлар маслаҳати ва бошқа барча учун қизиқарли маълумотлар бор.

Қаллиқ ўйин, унашар, идиш қайтди: никоҳ тўйигача бўладиган ўзбекча урф-одатлар

© Sputnik / Всеволод ТарасевичҚаллиқ ўйин, унашар, идиш қайтди: никоҳ тўйигача бўладиган ўзбекча урф-одатлар
Қаллиқ ўйин, унашар, идиш қайтди: никоҳ тўйигача бўладиган ўзбекча урф-одатлар - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 30.05.2023
Oбуна бўлиш
Дунёда ўзбекдек тўйсевар халқ кам топилса керак. Йиллаб емай-ичмай йиғганини дангал сарф этадиган ҳам шу ўзбек бўлса бордир.
Ўзининг болажонлигию фарзандсеварлиги ўзи яхши билган, шекилли, “Тўйдан чиқиб уйга кир, уйдан чиқиб тўйга кир” каби нақлларни ижод қилган. Навбатдаги туркум мақолаларимизда никоҳ тўйи билан боғлиқ маросимлар ҳақида суҳбатлашамиз. Кунда ё кунора эшитиб юрадиган маросим номларининг маънолари тўғрисида фикрлашамиз.

Никоҳ тўйигача бўладиган маросимлар ва уларнинг номлари

Бешиккертти

Ўзаро яқин муносабатда бўлган ота-оналар болаларини бешикдалигидаёқ унаштириб қўйиш одати номи. Ўғил кўрган киши қизалоқ бешигининг бирор жойини пичоғи билан озгина кертиб-кесиб қўйгани учун бешиккертти дейилган. М.Жўраевнинг ёзишича, Қашқадарё вилояти ҳудудида истиқомат қилган ўзбек-қарлуқлар шевасида бу удум “бешиккарда” дейилади. Бешикни кертиш қизалоқнинг “эгалик бўлганлиги”ни билдирган. Бундай унаштириш одати кўпинча ўзаро яқин муносабатдаги оилалар ўртасида бўлади. Фарзандлар катта бўлиб, вояга етгач, бу одатга амал қилиб оила қурадилар. Айрим ҳолатларда йигит бошқа қизни хоҳласа ёки қизнинг кўнгли бошқа йигитда бўлса, бешиккерттига амал қилмаслиги ҳам мумкин.

Этак йиртиш/Этак боғлаш

Ўғил ва қиз болани чақалоқлигида уларнинг оналари томонидан бир-бирига атаб қўйиш одати номи. А.Жўрабоевнинг маълумотига кўра, Андижонда бирор қизчани келин қилмоқчи бўлган аёл қизалоқ кийган кўйлакнинг этагини озроқ йиртиб қўйган. Деҳқонободда ҳам икки гўдакни бир тоғорага ўтқазиб қўйиб орқа этакларини бирга қўшиб йиртиб қўйишган. Ўзбекистоннинг бошқа жойларида шунга ўхшаш маросим этак боғлаш деб юритилади. Г.Тошеванинг ёзишича, Қашқадарё вилоятида иккала гўдак куйлагининг орқа этаклари бирлаштирилиб, учи тугилган ва ана шу тугунни ота-оналар болалар балоғатга етгунига қадар сақлаганлар. Қуйидаги халқ қўшиғи қулоқ тишлатар ва этак йиртародатлари ҳақида: Қора қошли қора қиздан Қулоқ тишлаб, қарз бўлдинг. Шугина хушрўй қиздан Этак йиртиб, қарз бўлдинг. Қарзингни бермасанг-а, Гувоҳи бор, болам-а! Буни бўйин олмасанг, Гуноҳи бор, болам-а!

Қулоқ тишлатар

Ўзаро яқин оилалар келажакда қуда-анда бўлиб янада яқинлашиб кетиш мақсадида ёш ўғил болага ўша яқин хонадон қизининг қулоғини тишлатиб қўйиш одати номи. Халқимиз бу одатни дастлабки унаштирув сифатида қадрлаган. Шунинг учун йигит ва қизнинг ота-оналари бир-бириларига ҳақиқий қудалардек муносабат кўрсатганлар. Тўй ва бошқа маросимларга доимий бир-бирларини таклиф этиб турганлар.Миллий урф-одатларга кўра, ёшлигида номи айтилиб унаштириб қўйилган йигит ёки қиз номгўй дейилган. Бу одатларнинг жуда қадим замонлардан буёнборлигини халқ достонларидан билиб олса бўлади. Масалан: Номгўйимиз ўтганда, уялибгина қолар эдик, бемаҳал чоғларда келганда, тўрдаги эшикни очиб, ичкарига кириб олар эдик. “Гулихиромон”.

Оғиз боғлар

Келинликка танланган қиз ва ота-онасининг розилигини олиш мақсадида ўтказиладиган унаштиришдан олдинги маросим номи. Бу маросимда асосий гап ота-онасининг розилигини олишда.

Қиз кўрар

Куёв тарафнинг келин қилинмоқчи бўлган қизнинг ҳуснини, куёвга мос ёки мос эмаслигини билиш мақсадида совчи жўнатиб қизни кўриш маросими номи.

Уй кўрар

Бўлажак келин қариндошларининг куёв бўлмиш йигитнинг уй-жойи, хонадони билан танишиши маросими номи. Бу маросим, одатда, унаштиришдан олдин ўтказилади. Келин тарафдан келганлар меҳмоннавозлик асносида куёв томоннинг ҳовли-ўчоғини, уй тутишини билдирмай кўздан кечириб оладилар.

Унашар/Бўлишар

Йигит ва қиз унаштирилиши муносабати билан келин хонадонида бўлажак қудалар иштирокида ўтказиладиган кичик тўй номи.Бўлишардейилишига йигит ва қизни ўнаштиришга рози бўлинганлиги сабаб бўлган. Андижонда бу маросим бўлди-бўлди дейилади. Тошкентда фотиҳадейилади. Фотиҳа қилингандан кейингина қизга совчи келиши тўхтайди. Фотиҳани бузиш эса яхшилик аломати саналмаган, шу боис “Фотиҳа – ярим никоҳ” нақли пайдо бўлган. П.Қодировнинг “Юлдузли тунлар” асаридан олинган ушбу мисолда фотиҳанинг муқаддаслиги таъкидланган: Мусулмон бўлсаларинг, қизимга тегманглар! Бировнинг омонати! Бировга фотиҳа бўлган.

Нон синдириш/Нонушатиш

Қиз ва йигитни унаштиришга розилик берилганлигини билдирадиган маросим номи. Айрим жойларда патир ушатиш ҳам дейилади. Бу маросимда куёв тараф олиб келган нонлардан иккитасини қиз тарафдан бир киши устма-уст қўйиб, тенг ўртасидан бўлади ва ёшлар бахтли бўлсин деган ният қилиб тақсимланади. Нон синдирилгандан сўнг тўй билан боғлиқ тадбирлар маслаҳатлашилади. Ўзбекистон, Бешариқ туманларида куёв томон юборган ширинлик миянжи дейилади.

Тўй берар/Тўй юборар

Унаштиришдан кейин келин томонга куёв тарафдан 4-5 та вакил тўй куни кетадиган масаллиқларни, келинлик сепларни, қудаларга кийимликларни олиб келиш маросими номи. Бу маросимда тўй тадбирлари қудалар иштирокида келишиб олинади. Одатга кўра, қудалар кетар вақти куёв тараф вакилларига келин тарафдан сарполар улашилади. Бу маросим орқали бўлажак қудалар ўз олдиларидаги маънавий масъулиятни ҳам англаб оладилар.

Идиш қайтди

Қиз унаштиришда куёв томондан юборилган дастурхонга қайтарилган дастурхон ва уни кутиб олиш маросими номи. Ёки келин томон аёлларининг фотиҳа куни куёв тарафдан совға-салом келган идишларни сарпо ва бошқа совғалар билан куёвнинг уйига олиб бориши.Сурхондарёда бу маросим куёв келинни никоҳ базмига олиб кетаётганда ўтказилади. Бу маросимда келин тарафдан куёвга тўн, дўппи, белбоғ, қўйнинг сони, куёв томон тўйга берган нонлардан бир жуфтдан ва ҳоказо егуликлардан берилади. “Идиш қайтди” дейилишига қиз унаштиришда куёв томондан келинлик уйга юборилган сават ва даструхонларни ноз-неъматлар билан қайтарилиши сабаб бўлган. Андижонда бунга ўхшаш одат“қуда қувди”, Хўжаобод туманида “сават қайтарди” дейилади. М.Жўраевнинг ёзишича, қиз томоннинг фотиҳа тўйига келган қудалар билан бирга ёки уларнинг орқасидан жавоб тариқасида куёвникига келиши бу одатнинг “қуда қувди” деб номланишига сабаб бўлган.

Бўғча очар

Фотиҳа тўйи куни куёв томондан юборилган бўғчани очиш удуми номи. Бўғчада кийим-кечак, рўмол, кийимлик матолардан ташқари, ширинлик, тақинчоқ бўлган ва келин-куёв серфарзанд, ризқ-насибали бўлсин деган ниятда бир сиқим буғдой ҳам солинган. Бу одат Сурхон воҳасида ўтказилади. Удумга кўра, бўғчани бир никоҳли, бола-чақали аёл очган. Бўғча очилаётганда маросимда қатнашаётган момолардан бири: Йигит мунчоқ бўйнингда, Йигит ёринг қўйнингда, Бўғчадаги рўмолни, Ўраб чиққин тўйингда. Еганингиз узум бўлсин, Умргинанг узун бўлсин, Юборгани тароқ бўлсин, Топгани чақалоқ бўлсин. Ҳурли бўлсин, ҳурли бўлсин, Бойчечакдай гулли бўлсин, Келар йили шу маҳал, Қўш кокил ўғилли бўлсин, - деб қўшиқ айтиб турган.

Қаллиқ ўйнаш/Қаллиқ ўйин

Унашилган қиз-йигитнинг никоҳгача махфий учрашиб юриш одати. Мазкур одат шариатга хилоф саналгани учун секин-аста урфдан қолмоқда. Олимлар бу одатни жанубий вилоятларда қайд этган.

Сабзи тўғрар

Наҳорги ошдан бир кун олдин тўйхонада маҳалла-кўй, қариндош-уруғ ва куёвжўралар йиғилиб, ош сабзисини тўғраб қўйишдан иборат маросим номи. Айрим жойларда бу маросим cабзи арчар, сабзи қалам деб юритилади. Қўқон ва атроф туманларида сабзи тўғраб бўлингандан кейин шавла едирилади.

Қиз оши

Никоҳ тўйидан бир кун олдин келинникида қўни-қўшни, қариндош-уруғ ва дугоналар иштирокида ўтказиладиган маросим номи. Бу маросимни баъзи жойларда қиз ўйин ҳам дейишади. Бу маросимга асосан қиз-жувонлар таклиф қилинади. Кейинги пайтларда айрим ҳудудларда бу маросимга келинга синфдош йигитлар ҳам келиши, санъаткорлар иштирокида кичик базм ўтказилиши урфга кирмоқда.
“Ўзбекнинг ўз сўзлари” рукнини бошладик, ҳар ҳафта ўзбек тилига оид жуда қизиқ маълумотлар билиб оласиз ва сўз бойлигингизни оширасиз. Ўзбек тили бўйича билимларимиз бойиб боради.
“Хумпар, хўтик, қулун”: уй ҳайвонлари ўзбекча қандай тўғри аталади.
Ёввойи ҳайвонлар ўзбекча қандай аталишини биласизми?
Паррандалар ўзбекча қандай тўғри аталади
Қизиқарли тест: ушбу ҳайвонлар номини биласизми? Билимингизни синаб кўринг
Якшанба куни тест ўтказамиз, билимингизни синаб кўришингиз мумкин! Telegram-каналимизга обуна бўлиб, кузатиб боринг.
Янгиликлар лентаси
0