Мақтаяпсизми ўзи ё койияпсизми: ҳам салбий, ҳам ижобий муносабатни билдирувчи иборалар

© Sputnik / Евгений Одиноков / Медиабанкка ўтишКнига. Иллюстративное фото
Книга. Иллюстративное фото - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 01.10.2023
Oбуна бўлиш
“Ўзбекнинг ўз сўзлари” рукнимизнинг навбатдаги мақоласи айрим ўзбекча иборалар қандай қилиб ҳам салбий, ҳам ижобий муносабатни билдириши ҳақида.
Ҳар бир тил маъно ва мазмун ифодаловчи лисоний бирликларга эга. Сўз ва ибора, гап ва матндан иборат тил бирликлари маънони ўзига хос, мазмунни ўзига мос воқелантиради. Ўз навбатида, улар маъно ёки мазмун ифодалашига кўра фарқ қилади. Масалан, сўз ва иборалар маъно ифодалайди, гап ва матн мазмун билдиради. Бу хулосадан маъно ифодалаш гап ва матнга, мазмун ифодалаш сўз ва иборага хос эмас, деган хулоса келиб чиқади. Сўз ва ибора гарчи маънога эга бўлса ҳам маъноларини маълум бир гапда юзага чиқаради. Уларнинг маънолари жумла ичида бирлашиб, муайян мазмунни пайдо қилади, фикрни юзага келтиради. Демак, фикр камида гапдан англашилади.
Тилда фикр ифодалашнинг уч хил шакли бор: нейтрал, салбий ва ижобий. Тил шундай муносабат ифодалаши билан қизиқ ва ўзига хос. Масалан, “Турсунбой дарсдан келди” гапида фикр нейтрал ифодаланган. “Турсунбой дарсдан қочиб келди” десак, фикр салбийлашади. “Турсунбой дарсдан бир олам орзулар билан келди” дейилса, фикр ижобийлашади. Диққат қилинса, иккинчи жумлага салбий муносабатни “қочиб” сўзи, учинчи жумлага ижобий муносабатни “бир олам орзу” сўзлари қўшган. Демак, битта сўзнинг маъноси жумла мазмунини салбийлаштирган ёки ижобийлаштирган. Буни осонгина билиб оламиз, бироқ кутганимиздек бўлмаган талай сўзлар, иборалар ҳам тилимизда кўп.
Яшанг, қойилман...
Ўзбек тилидаги балли, баракалла, офарин, тасанно, қойил, азамат, яшанг, яшавор каби сўзлар, бор бўлгур, барака топкур, омон бўлгур, уйинг буғдойга тўлгур сингари иборалар кишини мақталганда қўлланади. Мисол учун: Яшанг, ўғлим, кам бўлманг. (Абдулла Қаҳҳор, Йиллар) Аммо қуйидаги гапда яшанг сўзи билан оилали эркак мақталгани йўқ, танбеҳланмоқда: – Тоғ қизлари чиройли бўлади деб эшитаман... – Яшанг! Болаларингиз ҳам эсингизга келмайди-я! Қойилман... (Шукур Холмирзаев, Шудринг тушган бедазор)
Балли, баракалла...
Бу тарз танбеҳлаш ўзбек жамиятида яқинда пайдо бўлган нутқий одат эмас, балки халқимизнинг анча аввалги тутумларидан бири. Сўз-у иборани бирдай кинояли қўллашдан иборат бундай тутум – кишини тартибга чақиришнинг, ўрнини билмаган суҳбатдошни ҳушёр торттиришнинг кўп синалган, сихни ҳам, кабобни ҳам куйдирмайдиган усули. Чунки одамнинг юзи иссиқ... Ҳар томонини ўйлайсиз... Андишага борасиз... Бир кун эси кириб қолар дейсиз... Хуллас, йўлини топиб, очиқ-ойдин бўлмаса-да муносабатингизни билдирасиз. Худоёрхон замонларидан ҳикоя қилувчи “Ўткан кунлар” романида Абдулла Қодирий араздор Зайнабга шу тарз муносабат кўрсатади. Кумуш тилидан йўл-йўлакай койиб ўтади: Зайнаб тўпписини қўйиб ўрнидан турди: –Мен ҳам олдингизға чиқайми, деб турған эдим... Кумуш истеҳзо билан кулди: – Тўппи тикиб ўлтурибсиз-ку, маним олдимға чиқармидингиз, баракалла сизга, –деди.
Ҳаётда барчани тенг кўрган Қодирий домла санъатда ҳам шундай бўлган. Бадиий тасвирнинг табиийлигига алоҳида диққат қилган. “Ўткан кунлар”да Зайнабга кўрсатилган кинояли муносабатга “Меҳробдан чаён”да Раъно ҳам лойиқ топилган. Адиб Солиҳ махдумга бўйи етган қизини балли деб койитган, болаларча ҳаракатидан киноя қилган: Гўшт кўтариб йўлакдан кирган Солиҳ махдумнинг кўзи Раънонинг шу ҳолига тушди: – Балли, Раъно, ана жиннилик! – деди махдум. – Атлас кўйлак сенга ҳайф!
Тасанно
Ўткир Ҳошимовнинг “Домланинг айтганини қил...” ҳикоясида беоқибат шогирдни устози тасанно деб койиганига нима дейсиз?!: – Институтни битирдингиз, биолог бўлдингиз, шу домлам менга сабоқ берган эди-ку, – деб бирон марта зиёрат қилмадингиз. Диссертация ёқладингиз, банкетингизга таклиф этмадингиз. Ҳа, энди домлангиз хаёлингиздан кўтарилганда-а! Тасанно! Кўринадики, биргина тасанно сўзи мўъжазгина матннинг мазмуни ўзгартириб юборган: шогирдининг беоқибатлигидан куйиб юрган домла тўпланиб қолган аламини заҳролуд бир тарзда – тасанно сўзида ифодалаган.
Барака топкур
Ўзбек адабиётида юқоридагидек нутқий одатларни кўрар экансиз, ўзбекнинг топқирлигига, қопиб эмас, топиб сўзлашига қойил қоласиз. Абдулла Қодирийнинг кинояли қалами издошлари ижодида янада чархланаётганига амин бўласиз. Масалан, Ўлмас Умарбеков “Ҳусн” ҳикоясида сўзловчи Ҳакимжон исмли йигитни барака топкур деб мақтаган, хатти-ҳаракатига қойил қолган: – Ҳакимжон, барака топкур, ўзи бош-қош бўлиб турди. “Ёз ёмғири” қиссасида эса бундай қилмаган, аламини ичига ютган аёлга эрини барака топкур деб койиш имконини берган. Ёзувчи шу биргина ибора билан эрини бировга бериб кетишни истамаётган аёлнинг зардасини, сўнгги нафасида ҳам эрига итоаткорликни унутмаган ўзбек аёли сиймосини табиийлаштирган: – Биламан, ёлғиз қолмайсиз, уйланасиз... Фақат, барака топкур, бу каравотни сотиб, бошқа олинг. Мазкур ибора гарчи мақтов маъноли бўлса ҳам фикр салбийлашувига хизмат қилган.
Хўш, бирортани койимоқчи, танбеҳламоқчи бўлсак, тўғридан-тўғри койимай, нега мақтов маъноли иборалардан фойдаланамиз? Сабаби шундаки, биринчидан, тўғридан-тўғри койисак, қўпол чиқади; иккинчидан, юмшоққина койишнинг таъсири яхши, эсдан чиқмайдиган бўлади; учинчидан, бундай койиш нутқий одатга айланиб қолган. Биринчи Президентимизнинг кўпинча барака топкур деб койишини эсланг: Менга қолса, машина ҳам, уй ҳам керак, лекин, барака топкурлар, аввал уй қуринглар, кейин машина олинглар (“Мамлакатимизни янада обод этиш ва модернизация қилишни қатъият билан давом эттириш йўлида” китобидан).
Уйинг буғдойга тўлгур
Ўзбек учун нон – азиз нарса. “Нон ҳам нон, ушоғи ҳам нон” нақли шу боис халқ тилида бор. Нонни эзозлаган халқимиз буғдойга ҳам беэътибор бўлмаган, энг яхши сифатларни буғдойга бириктирган. Чунончи, “Буғдой нонинг бўлмасин, буғдой сўзинг бўлсин” мақоли билан “буғдой сўз”нинг баҳоси нонга тенглигини, нон ўрнида ўтиши”ни таъкидлаган. Уйинг буғдойга тўлгур деб ўзгага эзгулик истаган, кўнглини кўтарган. Ўткир Ҳошимов халқ тилидаги бу одатни Ҳабиба ая нутқига асли қандай бўлса, шундайлигича кўчирган: Ҳабиба буви: – Вой уйингга буғдой тўлгурлар, вой кўпайгурлар, кела қолинглар, – дейди овози товланиб. (“Дунёнинг ишлари” қиссасидан)
Агар юқоридаги гапда Ҳабиба буви уйига келувчиларни “уйингга буғдой тўлгур” деб алқаган бўлса, қуйидаги жумлада “ўригидан мағзини ширин” билган бошқа бир буви аксинча йўл тутган, бор алам-аччиғини уйинг буғдойга тўлгур иборасида ифодалаган: Она сочларининг учигача зирқиради: – Ҳа, уйинг буғдойга тўлгур, ғилай, эварамни танимагансан ёки менга нисбатан ғаразгўйлигинг бормиди... (Жуманазар Бекназар, Меҳрнинг аччиқ синови) Бу ўринда салбий муносабатни ғилай сўзи янада кучайтирган.
Ижтимоий одобларимизга мос койиб қўйиш бугун ҳам амалда. Истеъдодли шоир Беҳзод Фазлиддин буни уддасидан чиққан: Нега пишмасимдан ўроқ соласан? Яшашни истайман буғдойлардай ҳур. Эртага тилингни тишлаб қоласан, Тушунсанг-чи, уйинг буғдойга тўлгур! (“Сен қачон гуллайсан” китобидан)
Вой ярамас-эй...
Мақтов сўзлар билан койишни уддалаган халқимиз койий туриб мақтаб кетишнинг ҳам йўлини топган. Шу мақсадда бир қанча сўз-ибораларни коса тагида нимкоса қабилида қўллаб алқашни ўринлатган. Вазият тақозосига кўра бирда қўли, бирда сўзи билан эркалаган, хуллас, шундай ижтимоий тутумни маҳкам тутган. Энг яқин кишисининг хатти-ҳаракатидан таажжубга тушганда ёки қойил қолганда шайтон, жинни, ярамас, хумпар, баттол, баччағар, занғар каби сўзлар билан алқаган. Масалан, Шукур Холмирзаев “Ўзбек характери” ҳикоясида “Кўзимга итдан баттар кўриняпти... Энди, бир умр кулиб юради биздан, ярамас...” деганда ярамас сўзини ўта салбий муносабатнинг ифодаси қилиб қўллаган. Абдусаид Кўчимов ўзбекчилик ярамас сўзи билан эркалаш, жойи келганда мақташга изн беришини сезганми ё шундай мақташга социал одоблар йўл беришини билганми, ярамас сўзини алқашга яроқли иборага айлантиролган: Маъруф Жалилнинг чеҳрасига болаларча беғубор ва мўмин табассум югурди. – Ярамас, ёмон шеърга ўхшамайди (“Камтарликнинг баланд чўққиси” ҳикоясидан).
Эслатиб ўтамиз, ўтган галги мақоламизда қарама-қарши маънони англатувчи иборалар хусусида сўз юритилган эди.
Ўзбекнинг ўз сўзлари рукнимиз орқали ҳар ҳафтада ўзбек тилига оид жуда қизиқ маълумотларни билиб оласиз ва сўз бойлигингизни оширасиз.
Аввалги материаллар:
Шашлик ё кабоб: қайси бири ўзбекчалигини биласизми?
Алмисоқдан қолган, гўрига ўт қаламоқ: иборалар тарихини биласизми?
Энг кўп хато ёзиладиган сўзлар — рўйхат
Бу қизиқ: ўзбек миллий болалар ўйинларини биласизми?
Ақиқа, бешиктўйи, болақочди: суннат тўйи билан боғлиқ маросимларни биласизми?
Ўзбек тўйи: никоҳ ва ундан кейинги урф-одатларни биласизми
“Хумпар, хўтик, қулун”: уй ҳайвонлари ўзбекча қандай тўғри аталади
Ёввойи ҳайвонлар ўзбекча қандай аталишини биласизми?
Паррандалар ўзбекча қандай тўғри аталади
Нортой, Жовли, Ашура: ўзбеклар исм танлашда нималарга эътибор қаратган
Кир, ўр, дори: тарихи қизиқ бўлган сўзларни биласизми?
Қўл учида, бир пул: ўзбекча ибораларга оид қизиқарли тест, Билимингизни синаб кўринг
Янгиликлар лентаси
0