Бугунги ўзбек адабий тили уч лаҳжа асосида шаклланган: қарлуқ (чигил-уйғур), қипчоқ ва ўғуз. Бу уч лисоний манба миллий тилимизни энг инжа хусусиятларга соҳиб қилган. Умумадабий сўзлар захирасини сезиларли каттартирган, пировардида давлат тилининг ифода имкониятларини кенгайтирган. Миллий тилимизнинг бой имкониятларини сақлаб қолиш учун шева сўзларини доимий йиғиш, ўрганиш лозим; тил сезгисини тарбиялаш учун улардан юртдошларимизни хабардор қилиб бориш тақозо этилади. Фарғоналиклар пақир атайдиган буюмни тошкентликлар челак дейди, бошқа қипчоқ шевалари вакиллари сатил номлаган, аммо адабий тилга Тошкент шевасидагиси олинган. Ёки тошкентликлар калавотдейдиган нарсага фарғоналиклар сўри деб от қўйган ва адабий меъёр бўлган. Бу галги мақоламизда бармоқларнинг шеваларда қандай аталишини кўриб ўтамиз.
Аксар шеваларда бошмалдоқ, кўрсаткич бармоқ, ўрта қўл, номсиз бармоқ, жимжилоқ сўзлари қўлланади. Адабий тилга ҳам шу сўзлар олинган. Халқ қўл бармоқларига ном беришда уларнинг шакли, хусусияти, вазифасини ҳисобга олган. Масалан, бош бармоқ дейилишининг асосий омили биринчи бармоқ эканлиги, бармоқларнинг бошида келишидир. Бирор шахс, нарса-буюм, ўрин-жойни кўрсатишга хизмат қилгани, умуман, нимагадир ишора қилгани учун кўрсаткич бармоқ аталган. Панжанинг ўртасида ўрнашгани сабабли ўрта қўл, ўрта бармоқ деб номланган. Тўртинчи бармоқнинг нофаоллиги, асосан бошқа бармоқлар билангина вазифа бажаргани учун бўлса керак отсиз қолган. Қизиғи шундаки, исмсизлиги ўзига ном ўлароқ тақилган. Ҳа, тўғри илғадингиз, бу номсиз бармоқ ёки отсиз бармоқ. Сўнгги бармоқнинг жимжилоқ, синчалоқ дейилишига кичиклиги боис бўлган.
Халқ бу билан чегараланиб қолмаган, қўл бармоқларининг катта-кичиклиги, бажарадиган вазифаси ҳамда хусусиятидан келиб чиқиб, адабий тилдагидан фарқли номларни қўйган, бу номлар орқали айни аъзоларга муносабатини билдирган. Ўзбекистоннинг аксар ҳудудларида кишилар энг камида биттасига, бўлмаса, икки-учтасига ўзича от қўйган, бу номлар ҳақида қўшиқлар тўқиган.
Тўра Сулаймон бу ҳақда қуйидагиларни ёзади: “Томларни қор босиб эрув бошлангандан сўнг томнинг бўғот-зийларида беш панжа шаклида пайдо бўладиган музларни чумак дейдилар. Бу ҳақда болалар қўшиғи ҳам бор:
Бош бармоқ,
Кўрса керак (кўрсаткич бармоқ),
Ўрта терак,
Болали буйрак (суқ, узук тақадиган бармоқ),
Чулдур чумак (чинчалоқ).
Учкўприк туманидаги қишлоқларда катта ёшли кишилар болаларга бармоқлар номини қофияли қилиб ўргатганлиги эслайман: бошмалдоқ, барабалдоқ, ўрта қўл, чулдур чумак, чиначоқ. Диққат қилинса, уч бармоқнинг номи адабий тилдагиган фарқли: барабалдоқ– кўрсаткич бармоқ, чулдур-чумак – номсиз бармоқ, чиначоқ – жимжилоқ.
Қорақалпоғистондаги қўнғирот уруғлари ҳам қўл бармоқларини шунга ўхшаш аташади: бас бармақ – бош бармоқ, балан уйрек – кўрсаткич бармоқ, ортан терек – ўрта бармоқ, шулдир шумек – номсиз бармоқ, кишкене бөбек – жимжилоқ.
Кўринадики, уларнинг халқ тилида номланиши ўхшаш. Чиначоқ, чийчанақ, кишкене бөбек аталишида ҳам жимжилоқнинг кичкиналиги ҳисобга олинган. Кишкене бөбек – кичкина чақалоқ демак.
Қозоқ бовурларимиз ҳам қўнғиротлардек атайдилар: баcбармақ – бош бармоқ, балаң үйрек – ёш ўрдак, ортаң терек – ўрта терак, шилдир шүмек – шилдироқ (болалар ўйинчоғи), титтәй бөбек – кичкина чақалоқ.
Бухоронинг айрим туманларида бош бармоқ, бодом бармоқ, ўрта терак, ҳожи малак, жимжималоқ деб аташ учрайди. Бунда бармоқларнинг бошланғичи эканлиги сабабли бош бармоқ дейилган, кўрсаткич бармоқнинг учи бодом учига ўхшагани сабабли бодом бармоқ, барчасидан узунлиги учун ўрта терак аталган (яхши ўхшатиш, айниқса, терак дейиш билан узунлиги аниқлашган), бошқа бармоқларга қараганда кам ишлагани учун бўлса керак, ҳожи малак деб эркаланган, кичиклигини бўрттириш учунми, жимжилоқ дейиш билан чекланмай, жимжималоқ аталган.
Бугунги айрим ўзбек шеваларида бармоқларнинг яна бошқа номлари бор. Масалан, Самарқанднинг Жўш аҳоли пунктида ўрта бармоқ – вортан терак дейилади. Бу қўнғирот уруғларидаги ортан терак деб номланишига яқин.
Ўзбек адабий тили тарихида кўрсаткич бармоқ шаҳодат бармоқ аталган. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да ҳам шаҳодат бармоқ сўзи қайд қилинган ва қуйидаги далилловчи мисоллар берилган: Феруза пишиллаб унга шаҳодат бармоғини ўқталди. (Саъдулла Сиёев, Ёруғлик) Бердибой шаҳодат бармоғини бигиз қилиб юқорига кўтарди (Зулфия Қуролбой қизи, Қадимий қўшиқ).
Келинг, нега шаҳодат бармоғи аталганига диққат қаратайлик. Маълумки, намозхон қаъда вақтида “Аттаҳиёт” дуосини ўқийди. Бу дуо давомида “Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва росулуҳ” калимасини айтади. Намозхон Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига лафзан иқрор бўлган онда ўнг қўлининг кўрсаткич бармоғини хиёл юқорига кўтариб Оллоҳнинг ягона илоҳ эканлигини жисман ҳам тасдиқлаб, шаҳодат келтиради. Кўрсаткич бармоқнинг ана шу ҳолатдаги вазифаси шаҳодат бармоғи аталишига омил бўлган.
Татар қондошларимизнинг бармоқ номлари билан танишсангиз, юқоридаги фикримизнинг тўғрилигига амин бўласиз. Татар тилида: баш бармак, иман бармак, ўрта бармак, атсиз бармак, чанти бармак. Улар шаҳодат бармоғини имон бармоғи дейди. Мўмин Оллоҳнинг Бир-у Борлигига “Калимайи шаҳодат”ни айтиш билан иймон келтиради. Татар муслимлар ҳам намоздаги қаъда ҳолатида Оллоҳнинг ягона илоҳ эканлигини кўрсаткич бармоғини хиёл юқорига кўтариб жисман тасдиқлаганлиги учун имон бармоғи дейишган.
Турк қардошларимизнинг бармоқларни номлаши ҳақида ҳам юқоридагидек фикрни айтиш мумкин. Ўзингиз қиёслаб кўринг: баş parmak – бош бармоқ, işaret/şаhadet parmaği – кўрсаткич бармоқ, orta parmak – ўрта бармоқ, yüzük parmaği – узук бармоқ, serçe parmak – кичик бармоқ.
Адабий тилда номсиз бармоқ дейиладиган бармоқни мингбулоқликлар жонсиз бармоқ дейди. Жонсиз бармоқ дейилишининг боиси шуки, бу бармоқнинг якка ўзини бошқа бармоқлар сингари эркин ишлатиш қийинроқ, ҳаракати чегараланган. Андижонликлар уни ўзгармас бармоқ деб ўрганган. Янгиариқликлар адабий тилга яқинроқ қилиб отсиз бармоқ деб қўя қоладилар. Бу бармоққа узук тақилгани сабабли узук бармоқ ҳам дейилади.
Қадимги мисрликлар бу бармоқда юрак билан тўғридан тўғри алоқа бор, бу бармоқдан юракка томон севги томири ўтган деб ҳисоблаганлари сабабли никоҳ узугини номсиз бармоққа тақиш одатлашган. Бора-бора ўзбекчиликда ҳам бу урфга кирган. Бу одатни ёзувчи Нусрат Раҳмат “Номаълум одам ҳикояси”да шундай тасвир этган: Загс пайти узук тақай десам, келиннинг бармоғи йўқ. Жоним чиқиб кетди − узукни ерга отиб ташлаб, бу ёққа йўл олганман. Кейин билсам, қиз бир пайтлар босмахонада ишлаган ва чимчалоғи билан номсиз бармоғини қоғоз кесадиган аппарат олиб кетган экан...
Қипчоқ шеваларида жимжилоқнинг бўбак, Намангандаги айрим шеваларда иликча, Бухорода лилича, Фарғонада чийчанақ, Жиззахда чинақай, бошқа шеваларда синчалоқ, чимчилоқ деган номлари бор.
Бармоқлар номи халқ тилида кенг тарқалганлиги учун бадиий асарларга ҳам кўчган: Онам ҳам ёлғондакам кулади: – Укангди биласан-ку?.. Шунинг борига шукр. Урпоқдан бўлган эди. Туғилди-ю, бошмалдоғини эма кетди. Тавба... Момонг раҳматли синдирибгина қўйди. Ана, икки чиначоғиям қийшиқ питиб қолган...(Шукур Холмирзаев, Ёзувчи) Бирданига тилла узукни ўзи кўзи олдига олиб борди, у ёқ-бу ёғини айлантириб, хўп қарагандан кейин секингина қўл узатиб уни Умринисабибининг синчалағига киргизиб қўйди. (Чўлпон, Кеча ва кундуз) Тоғам қўлларига битта лўппи жийдани олиб, унинг хол-хол қизил пўстини томоша қила бошладилар... кейин тишлари билан этини ажратиб, чимчилоғдек узун данагини гардин четига қўйдилар (Мурод Мансур, Жудолик диёри).
Танадаги ҳар бир аъзонинг инсон ҳаёти ва фаолиятида ўрни бор. Халқлар ўз мучаларини шакли, хусусияти ва хизматидан келиб чиқиб номлайди. Қўл бармоқларини номлашда ҳам шу жиҳатлар эътиборга олинади. Баъзан бу номлар бир халқ тилидан иккинчи халқ тилига ўзлаштирилади. Халқларнинг дунёни кўриш тарзи бармоқларни номлаш жараёнига ҳам таъсир этади. Баъзан бир халққа мансуб кишиларнинг ҳудудий мансублиги, борлиққа муносабатининг оригиналлиги муайян бармоққа ҳар хил ном беришга сабаб бўлади. Яъни бунда бир юрт вакили бармоқнинг шаклини эътиборга олган бўлса, бошқаси вазифаси ёки хусусиятини фаоллаштирган. Ва албатта, бармоқларга ном беришда диний омилнинг таъсири бор. Ўзбек тили шевалари халқимизнинг ана шундай томонларини намоён эта олиши билан қимматли манбадир.
Эслатиб ўтамиз, ўтган галги мақоламизда рус тилига ўзлашиб, бу тил лексикасини бойитган туркий сўзлар ҳақида маълумот берган эдик.
“Ўзбекнинг ўз сўзлари” рукнимиз орқали ҳар ҳафтада ўзбек тилига оид жуда қизиқ маълумотларни билиб оласиз ва сўз бойлигингизни оширасиз.
Аввалги материаллар: