Қадим-қадим замонлардан инсонлар уруғ-қабила, эл-элат бўлиб яшаб келган. Бугун ягона халқ, миллат ўлароқ яшаётган халқнинг бошқа шундай халқ, миллат билан алоқалари оддий кундалик турмушдаги алоқалардан бошланган. Бундай муносабатлар натижасида халқлар бир-биридан маълум бир нарсаларни ўрганган, бири иккинчисига ўргатган. Кундалик ҳаётдаги маиший алоқалар кейинчалик жамият ҳаётининг бошқа соҳаларини ҳам қамраб ола бошлаган. Шу тарзда ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-маданий ва яна кўпдан-кўп соҳаларда яқинлашган, ҳамкорлик ўрнатган.
Миллатлараро муносабатлар бугунги глобаллашган дунёда чегара билмас, вақт танламайдиган даражага етди. Аммо ҳамма замонларда: ибтидоий уруғ-қабилачилик пайтида ҳам, ҳозирги сунъий интеллект даврида бир халқнинг бошқа халқ билан алоқаси, ҳамкорлиги сўз билан, тил билан амалга ошган. Бир халқ бошқа халқдан ниманидир ўрганар, ниманидир олар экан, албатта, ўрганилаётган, олинаётган нарса сўз билан ўзлашган. Бир тилдан бошқа тилга сўзлар шу тариқа кириб борган.
Туркий эллар қадимдан славянлар билан ён қўшничиликда яшаб келган. Мазкур халқларнинг кундалик турмушдаги маиший олди-бердиларидан бошланган муносабатлар бугунги туркийлар ва славянлар ўртасида ҳам давом этмоқда, демакки, бу халқларнинг тиллари ўртасида ҳам “лисоний олди-берди”лар юз бермоқда. Бу галги мақоламизда қадим даврлардаёқ рус тилига ўзлашиб, бу тил лексикасини бойитган туркий сўзлар таҳлилини берамиз.
Ўзбек ва рус тилшуносларининг якдил фикрича, тавар – товар, кирпич – кирпич, бошмоқ – башмак, қалпақ – калпак, иштон – штаны, танга – деньги, ўтюк – утюг, қозон – казан, ўчоқ – очаг, қараташ – карандаш, қопқон – капкан, баҳодир – богатырь, қоровул – караул, ясовул – есаул, товар эш – товарищ, айрон – айран, бурундуқ – бурундук, бургут – беркут, эшак – ишак, буқа – бугай, бўрон – буран, бархан – бархан, қаймоқ – каймак, арава – арба, бозор – базар, ўрда – орда, тарвуз – арбуз, қовурдоқ – кавардак, ёрлиқ – ярлык, овул – аул, ал – алый, аралаш – ералаш, хон – хан, хўжайин – хозяин, баққол – бакалея, тамға – таможня, чинор – чинар, олмос – алмаз, зумрад – изумруд, қўлбасти – колбаса тарзида туркий тиллардан рус тилига ўзлашган.
Юқоридаги сўзларни ўзбек тилидан ёки қирғиз тилидан рус тилига ўзлашган, дейилмаслигининг бош сабаби – айни сўзларнинг ҳали туркий тиллар алоҳида ўзбек, қирғиз тиллари сифатида ажралиб улгурмаган даврлардаёқ ўзлашиши бошланганлигидир. Шунинг учун бу сўзларни аниқ қайси тилдан ўзлашганлигини аниқлаш, биринчидан, ўта мушкул иш; иккинчидан, славянлар ёки рус халқи аксар туркий халқлар билан яқин алоқада бўлган, айримлари билан бир мамлакат таркибида яшаган; учинчидан, махсус монографик тадқиқотларни талаб қилади.
Фанда “олам манзараси” деган атама бор. Бу термин “оламдаги нарса-ҳодисаларнинг тасаввурлар шаклида акс этиши” маъносини билдиради. Олам манзараси атамасини чуқур ўрганиш натижасида оламнинг концептуал манзараси, оламнинг бадиий манзараси, оламнинг илмий манзараси, оламнинг лисоний манзараси сингари терминлар юзага келди. Масалан, оламнинг концептуал манзараси – “инсон тафаккурида борлиқдаги нарса-ҳодисалар ҳақидаги тушунчаларнинг акси” маъносини, оламнинг бадиий манзараси – “борлиқдаги нарса-ҳодисалар ҳақидаги тушунчаларнинг бадиий асарлардаги акси” маъносини, оламнинг лисоний манзараси – “борлиқдаги нарса-ҳодисалар ҳақидаги тушунчаларнинг сўз, ибора ва бошқалардаги акси” маъносини билдиради. Бир тилдан иккинчи тилга сўз олинар экан, ўша сўз билан бирга оламнинг концептуал манзарасидаги тушунча ҳам қабул қилинади.
Қадимги туркий халқлар тилидан славян тилига кирпич деган сўз олинган. Мазкур сўз қуруқдан қуруқ рус тилига ўзлашмай, “ўтда тоблаб тайёрланган қурилиш ашё” билан бирга қабул қилинган. Бу ҳолатда кирпич сўзи “рус лисоний манзараси”ни, “ўтда тоблаб тайёрланган қурилиш ашё” тушунчаси “рус концептуал манзараси”ни бойитган. Демак, бир халқ бошқа халқдан ўзида йўқ тушунчани олса, ўша халқнинг тили ҳам, тафаккури ҳам янги сўз ва тушунча билан бойийди ва бу жуда ижобий жараён.
Шу жиҳатдан олиб қараганда, танга – деньги, ўтюк – утюг, ўчоқ – очаг, қараташ – карандаш, қопқон – капкан, товар эш – товарищ, айрон – айран, тарвуз – арбуз, қовурдоқ – кавардак, ёрлиқ – ярлык, овул – аул сўзлари рус тили ва тафаккурини бойитган.
Хўш, колбаса сўзи қандай қилиб рус тилига ўзлашган. Азалдан туркий халқлар чорвадорлик билан кун кечирган. Шу боис уларнинг ошхона маданиятида гўштли таомлар кўп тайёрланган. Ана шундай таомлардан бири қорамол, от, қўй ва бошқа ҳайвонларнинг ичагига гўшт-ёғ тиқиб, қайнатиб пиширилган. Демак, ичакка қўл билан гўшт-ёғни босиб-тиқиб тайёрланадиган егулик қўлбасти дейилган. Ўзаро олди-берди жараёнларида ёки меҳмондорчилик пайтида руслар ҳам бу егуликни кўрган ёхуд еган бўлиши табиий. Шу тарзда айни таом рус ошхонасига, қўлбасти сўзи рус тилига кириб борган. Рус тилда қ товуши бўлмагани сабабли ўз тилларига мослаб колбаса деб атай бошлаганлар. Кейинчалик руслар колбаса тайёрлашнинг янги-янги усулларини тайёрлашни, ўзбеклар қази, ҳасип пиширишни ўргандилар. ХХ асрнинг иккинчи ярмидан қўлбасти деган сўзимиз колбаса бўлиб тилимизга қайтиб келди.
Тилдан тилга сўз ўтар экан бу янги тушунчанинг номи бўлиб ўзлашмаслиги ҳам мумкин. Яъни бундай сўзлар юқорида қайд қилинган қўлбасти, айран, ўтюк, бархан, чинар каби сўзлардан фарқли ўзлашган. Рус тилидаги караул, шурпа, ишак, алый, деревня сингари сўзлар рус тилида йўқ тушунчанинг номи сифатида туркий тиллардан қабул қилинмаган, чунки рус тилида бу сўзлар ўзлашгунга қадар ҳам тегишли тушунчалар ва уларнинг номлари бўлган. Масалан, сторож, друг, осёл, красный, деревня сўзлари ва уларга хос тушунчалар бор эди. Туркийча қоровул, товар эш, эшак, ал, овул кабилар янги сўз сифатидагина ўзлашган, шу билан бирга, русча сўзларнинг синонимларига айланган.
Ушбу туркий сўзлар славянлар, хусусан, руслар турмушига чуқур сингиб кетганлиги сабабли улар иштирокида қатор рус халқ мақоллари ижод қилинган: Хоть в орде, да в добре. Старших их в орде почитают. Хоть в орду, так пойду. Где хан, тут и орда. Один от Золотой орды, другой от рыжей бороды. (В.Даль. Пословицы русского народа)
Хуллас, бир тилдан иккинчи тилга сўз қабул қилинишини ўз-ўзидан бўладиган – инсон таъсири, аралашувидан ташқарида кечадиган жараён эмас. У ёки бу тил бошқа бир тилга сўзини беришидан олдин шу тилнинг эгаси ҳисобланган халқ сўз олувчи тилнинг эгаси бўлган халқ билан алоқага киришади, ҳамкорлик қилади. Ана ундан кейин сўз берилади, сўз олинади. Муайян тилда бошқа тил сўзининг кўплиги аслида ўша тиллар эгаларининг ҳамкорлик алоқалари кўп бўлганлиги ва узоқ давом этганлигини кўрсатади. Миллатлараро алоқалар йўлга қўйилмаса, тилларнинг сўз олди-бердиси ҳам юз бермайди. Бундай ҳолатда ўртада воситачи тил пайдо бўлади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган галги мақоламизда айрим ўзбекча иборалар қандай қилиб ҳам салбий, ҳам ижобий муносабатни билдириши ҳақида сўз борган эди.
“Ўзбекнинг ўз сўзлари” рукнимиз орқали ҳар ҳафтада ўзбек тилига оид жуда қизиқ маълумотларни билиб оласиз ва сўз бойлигингизни оширасиз.
Аввалги материаллар: