ТОШКЕНТ, 9 окт — Sputnik. Ўзбекистон Россиянинг “Газпром” компанияси билан газ етказиб бериш бўйича ўрта ва узоқ муддатли шартномалар тўғрисида музокаралар олиб боришни бошлади. Бу ҳақда Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов маълум қилди.
Вазир Россиядан Ўзбекистонга Қозоғистон ҳудуди орқали "Марказий Осиё — Марказ" газ қувури бўйича газ етказиб бериш бошланишини тарихий воқеа деб атади.
Мирзамаҳмудовнинг сўзларига кўра, узоқ муддатли ҳамкорлик доирасида Россиядан табиий газ етказиб бериш Ўзбекистон иқтисодиёти ўсиши, аҳоли ва энергия ресурсларига бўлган талабни ҳисобга олган ҳолда куз-қиш мавсумида газ дефицитининг бир қисмини таъминлаб беради.
“Президентимизнинг расмий ташрифи доирасида биз “Газпром” билан газ етказиб бериш бўйича ўрта ва узоқ муддатли шартномалар муҳокамасини ҳам бошладик”, - деди у "Ўзбекистон 24" телеканалига берган интервьюсида.
7 октябрь куни Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия президентлари Россия табиий газини Ўзбекистонга етказиб беришни бошлаб беришди. Шавкат Мирзиёев Россия газини “реверс” тарзда импорт қилиш бошланаётгани Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Ушбу лойиҳа мамлакат энергетик хавфсизлигини таъминлаш, “мовий ёқилғи”ни кафолатли етказиб бериш манбаларини диверсификация қилиш йўлида олдинга ташланган катта қадам, истеъмолдаги мавсумий номутаносибликни қоплаш, аҳолини газ ва электр энергияси билан ишончли ва узлуксиз таъминлаш учун энергия ресурсларининг қўшимча ҳажмлари демак.
Эслатиб ўтамиз, 16 июнь куни Петербург Халқаро иқтисодий форумида Россия газини Ўзбекистонга етказиб бериш бўйича шартнома ва республика газ узатиш тизимини Россия газини қабул қилишга тайёрлаш бўйича “йўл харитаси” имзоланган эди.
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, шартнома доирасида кунига 9 миллион кубометр табиий газни импорт қилиш мўлжалланмоқда. Йиллик ҳажм эса қарийб 2 миллиард 800 миллион кубометрни ташкил этади.
Россия президенти Владимир Путин келгусида бу ҳажм кўпайтирилиши мумкинлигини маълум қилган эди.