Ўзбекистон ва Россия ўртасида тузилган газ шартномаси тафсилотлари очиқланди

© Sputnik / Виталий Тимкив / Медиабанкка ўтишГаз кранлари, архив сурат
Газ кранлари, архив сурат - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 19.06.2023
Oбуна бўлиш
Шартнома 2 йил муддатга тузилган. 1 октябрдан кунига 9 миллион кубометр табиий газни импорт қилиш бошланиши кутилмоқда.
ТОШКЕНТ, 19 июн — Sputnik. Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Россия газини мамлакатга етказиб бериш бўйича тузилган шартнома тафсилотларини маълум қилди.
Таъкидланишича, газ олди-сотдиси бўйича шартнома “UzGastrade” АЖ ва “Газпром экспорт” МЧЖ ўртасида 2 йил муддатга тузилган.
“Таъкидлаш лозимки, шартнома тўлиқ тижорий шартларда ишлаб чиқилиб, республикамиз истеъмолчиларининг табиий газга бўлган йилдан-йилга ошиб бораётган эҳтиёжини қисман қондириш ҳамда куз-қиш мавсумини беталафот ўтказишга қаратилган чора-тадбирлардан биридир”, - дейилган хабарда.
Шартнома доирасида жорий йилнинг 1 октябридан кунига 9 миллион кубометр табиий газни импорт қилиш бошланиши мўлжалланмоқда. Йиллик ҳажм эса қарийб 2 миллиард 800 миллион кубометрни ташкил этади.
Вазирликнинг аниқлик киритишича, табиий газ нархи минтақадаги бозор нархлари асосида, шунингдек, республикадаги амалдаги нархлар ҳамда уларни бозор тамойиллари асосида белгиланган.
“Йўл харитаси”га мувофиқ, аввал табиий газ “Ўрта Осиё – Марказ” магистраль газ қувури орқали Қозоғистондан транзит билан Россияга юборилганлиги ва эндиликда газнинг реверс режимида (тескари оқимда) Ўзбекистонга етказилишини, шунингдек, республика ҳудудида янги газ ўлчаш станцияси қурилишини ҳисобга олган ҳолда белгиланган тадбирларни сентябрь ойига қадар якунлаш режалаштирилган.
“Йўл харитаси” доирасида Ўзбекистон газ-транспорт тизимидаги 3 та газ ҳайдаш ускунаси янгиларига алмаштирилади ва 11 та турли русумдаги газ ҳайдаш ускунасида мукаммал таъмирлаш ҳамда тиклаш ишлари бажарилади. 22 километрлик янги магистраль газ қувурлари қурилади ва 56 километрлик газ қувурлари таъмирланади.
Эслатиб ўтамиз, 16 июнь куни Петербург Халқаро иқтисодий форумида Россия газини Ўзбекистонга етказиб бериш бўйича шартнома ва республика газ узатиш тизимини Россия газини қабул қилишга тайёрлаш бўйича “йўл харитаси” имзоланган эди.
Янгиликлар лентаси
0