Ўзбек тилида бирон-бир маънони образли ифодалайдиган тарвузи қўлтиғидан тушди, оғзи қулоғига етди, тепа сочи тикка бўлди, подадан олдин чанг чиқарди сингари ибораларнинг катта захираси бор. Образли ифодалаш дегани киши осон фаҳмлайдиган бирор нарса-буюм воситасида маънони кўз олдингизга келтириб қўйишдир. Масалан, “хурсанд бўлди” деган маънони оғзи қулоғига етди ибораси билан билдириш мумкин. Эътибор берсангиз, инсон астойдил кулганда оғзи катта очилади. Ана шу ҳолатда оғиз четларининг қулоқнинг юмшоқ жойигача етиб боришига ўхшатилмоқда. Бундай образли ўхшатиш, оддийгина хурсанд дейишдан фарқли равишда, кишини “жуда хурсанд” қиёфада намоён қилади.
Иборанинг сўздан фарқи, образли ўхшатишнинг нима эканлигини билиб олган бўлсак, энди битта иборанинг бир пайтда икки қарама-қарши маънони англатишини ва бунинг қандай юзага келишини изоҳлашга ўтамиз. Сиз мактаб таълимидаёқ дўст-душман, арзон-қиммат, йиғлади-кулди каби антоним сўзларни, мазкур сўзлар ифодалайдиган зид маъноларни билиб олгансиз. Аммо бир сўз ёки иборанинг икки қарама-қарши маъно англатиши мумкинлигини эшитмаган бўлсангиз керак. Тилимиздаги кўз очиб кўрган, етти пушт, ҳунар кўрсатди, иш кўрсатди, оқ кийди, остона ҳатлади, кўзи ёнди, ичаги узилди каби иборалар ҳам икки қарама-қарши маънони ифодалай олади. Ва бу сизга қизиқ.
Кўз очиб кўрган. Бу биргина ибора “хотинга нисбатан биринчи эр” ва “эрга нисбатан биринчи хотин” маъноларини билдиради. Масалан, “У киши... болаларимнинг отаси... кўз очиб кўрганим (Тоҳир Малик, Мурдалар гапирмайдилар)” жумласида “эр” маъносида қўлланган. Худди шу ибора қуйидаги гапда “хотин” маъносида келган: Ағдарилиб ётган симёғочлар, пачоқланган енгил машиналар оралаб югуриб бораётган Шавкат тинмай пичирларди: – Ботиржон, болам!.. Сурайё, жоним!.. Кўз очиб кўрганим! (Шароф Бошбеков, Фалакнинг гардиши).
Кўз очиб кўргани борасининг нега икки зид маънога эга бўлиб қолганлиги тилшуносларни тинч қўймаслиги аниқ, бироқ мазкур иборада зид маънолар қандай юзага келиб қолганлиги ҳам диққатталаб. Бизнингча, куёвнинг келин бўлмишни “хотин” мақомидаги биринчи аёли сифатида қабул қилиши, ўз навбатида, келиннинг куёв бўлмишни “эр” мақомидаги илк эркак сифатида тан олиши кўз очиб кўрган иборасида икки зид маънонинг жой олишига сабаб бўлган.
Қолаверса, тўйдан кейин келин-куёвни қўшиб қўйиш олдидан ўтказиладиган “Ойна кўрсатар” маросими, бу маросимда келин-куёвнинг ойнага қараб: “Осмондаги ойни кўрдим, кўзимни очиб сизни кўрдим” дейиши ва бу билан бири иккинчисини илк эркак, илк аёл сифатида тан олиши кўз очиб кўрган иборасида “хотинга нисбатан биринчи эр” ва “эрга нисбатан биринчи хотин” маъноларининг юзага келиш мотивларидир.
Ўзбек тилидаги аксар иборалар сўз бирикмасидан келиб чиққан, яъни аввал тўғри маънода қўлланган бирикма кейинчалик кўчма маъно ифодалашга ўтган. Бунинг натижасида тўғри маъно билан кўчма маъно бир-биридан узоқлашган. Сўз бирикмасининг иборага айланишидек жараённи ўзбек тилидаги номи чиққан ибораси мисолида кўриб ўтайлик.
Номи чиққан. Айни ибора ҳозирги кунда “яхши ишлари, фазилатлари билан машҳур бўлган” ва “ножўя қилиғи билан ёмонотлиқ бўлган” маъносини билдиради. Бунгача эса тўғри маъноли оддий сўз бирикмаси ўлароқ ишлатилган. Масалан, “Офицер қўлидаги рўйхатни қўлчироқ ёруғига тутиб, ўнта одамни чақирди. Номи чиққанлар вагондан пастга сакраб тушиб, ўзларини бир онда соқчилар қуршовида кўришди (Тоҳир Малик, Сўнгги ўқ)” гапида номи чиққан сўз бирикмаси сифатида келган ва “оти, исми айтилган” маъносида қўлланган. Мазкур маъно тўғри маъно бўлганлиги учун унда образли ўхшатишнинг изи йўқ.
Ушбу сўз бирикмасининг иборага айланишига яхши ишлари билан танилган инсоннинг халқ орасида номи кўп тилга олиниши, эл орасида номи кўп эсланиши сабаб бўлган. Табиийки, халқ тилида исми кўп айтилган киши машҳур бўлиб кетади. Ўз навбатида, машҳурлик ўша исмнинг кўп тилга олинишига олиб келади. Номи чиққан бирикмасининг “яхши ишлари, фазилатлари билан машҳур бўлган” маъносини ифодалашга ўтишига муайян исмни халқнинг бот-бот тилга олиши боисдир: Интизорнинг опаси вилоятда номи чиққан математик, Зулфиқорнинг ўғли ўшандан қўшимча дарс олгани кетган. (Н.Норматов, Зулайҳо дарахти) Ёки: Дамашқда номи чиққан бир форс табиби бор экан. Ота ўғлини ўшанга олиб борибди (Нусрат Раҳмат, Жадид).
Қизиғи шундаки, одам ёмон иши, ножўя қилиғи билан ҳам эл оғзига тушиши, бўлмағур ишлар қилиб юрадиган кишининг исми “фалончига ўхшаб”, “пистончи ҳам шунақа қилган эди” тарзида ҳар ерда тилга олинаверади. Ана шу ҳолат номи чиққан иборасида “бўлмағур иши, ножўя қилиғи билан ёмонотлиқ бўлган” маъносини юзага келтирган. Қуйидаги мисолларда шу маънода қўлланган: У пленумда учинчи секретарликка тавсия қилинган, районда суюқоёқлиги билан ном чиқарган аёлга қарши овоз берган (Саид Аҳмад, Умрим баёни) Дейлик, афт-ангори ўз замонасида ёшларга қарши тиш-тирноғи билан курашиб, “адабиётнинг жаллоди” сифатида ном чиқарган бир оқсоқолимизга ўхшаса, лоқайдгина, беҳафсала қўл силкиб қўйиши эса яна бир довдирроқ устозимизни ёдга соларди (Эркин Аъзам, Чапаклар ёки чалпаклар мамлакати).
Қисқаси, инсон яхши иши билан ҳам, ёмон қилиғи билан ҳам эл аро номи чиқиши, оғизга тушиши мумкин экан.
Ҳозирги кунда кўчма маънода қўлланадиган ҳунар кўрсатди, иш чиқарди иборалари ҳам олдин сўз бирикмаси бўлган ва ўша пайтларда бугунги кундагидай кўчма маънода ишлатилмаган.
Ҳунар кўрсатди. Бу ибора “ҳамма қойил қоладиган иш қилди” ҳамда “киши кўнгли қоладиган иш қилди, ножўя қилиқ қилди” маъноларини билдиради. Одамзод ҳунари билан саҳрода боғ яратган, ҳунарини кўрсатиб тоғни талқон қилиш йўлини топган ва шу иши билан эл оғзига тушган. Ҳунари билан ишни қойил қилган кишиларни халқ ҳунарини кўрсатди деб олқишлаган. Шу тарзда ҳунар кўрсатди оддий бирикмаликдан узоқлашиб, “ҳаммани қойил қолдирадиган иш қилди” маъносидаги образли иборага айланган. Одамлар одамларни қойил қолдирмоқчи бўлса, “ҳунаримни кўрсатаман” дейишга ўтган. Абдулла Қаҳҳорнинг “Картина” ҳикоясидан олинган тубандаги гапда ўзбекнинг шу одати қаламга олинган: Лекин эндиги кўргазмага томоша қилгани эмас, ҳунаримни кўрсатгани бораман.
Одам боласи хом сут эмиб катта бўлган эмасми, нодонлигига бориб ножўя қилиқлар, киши кўнгли қоладиган қилғиликларни ҳам ўринлатишни ўрганган. Доно халқ буни ҳам назардан қочирмаган ва шундай бўлмағур хатти-ҳаракат қилганларга қарата кинояомуз “ҳунар кўрсатди” деган. Халқ ҳаётини яхши билган Ўткир Ҳошимов “Телпак” номли ҳикоясида тилимиздаги бу маънони аёлнинг зардали нутқига ўринли кўчира олган: – Кеча нима ҳунар кўрсатдингиз? – деди чимирилиб. Энди оғиз очмоқчи эдим, жеркиб берди: – Ўн беш сутка ўтиришни хоҳламасангиз, манави жаримани тўлаб келинг.
Одам фавқулодда ҳунар кўрсатиб сизни ҳайратда қолдирса ҳам ё намунали иш кўрсатиб сизни қойил қилса ҳам, барибир, буни билиб қилади, ўйлаб иш кўради, кўпам тасодифга йўйманг. Аммо сиз “Жа бамаъни одам” деб юрган танишингиз кутилмаганда ножўя қилиқ қилиб, ҳафсалангизни пир қилиши ҳам мумкин. Кўпни кўрган халқ буни-да назардан қочирмаган ва ҳеч кутилмаганда бўлмағур қилғилик қилиб қўйганларни кинояомуз “иш кўрсатди” иборасибилан “сийлаган”.
Қуйидаги мисолларни қиёслаб кўрсангиз, ўзингиз бунга амин бўласиз:
1. Намунали, қойил қоладиган иш қилмоқ: Дучор келганини кўкка отарман, иш кўрсатиб ёрим олиб кетарман (“Алпомиш”дан) Оқсоқол бирдан бўшашди, аммо заҳрини охиригача сочмай қўймади: – Йигит эмиш! Йигит дегани бирор иш кўрсатмаса, йигит эканми?! (Эркин Аъзам, Жаннат ўзи қайдадир)
2. Киши кўнгли қоладиган иш қилмоқ; ножўя қилиқ қилмоқ: – Ҳали бу тарафларда ҳам иш кўрсатиб юрибман, дегин. Нима қиласан ўзингга душман орттириб. (Саид Аҳмад, Қирқ беш кун) Кеча тўйда кайфи ошиб, роса иш кўрсатибди (“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”дан).
Диққат қилсангиз, битта ибора тилнинг тарихий тараққиёти давомида икки зид маънога эга бўлган. Бирини кўриб фикр, яна бирини кўриб шукр қилган ўзбек бир ибора замирига (у ҳунар кўрсатишми ёки иш кўрсатишми, барибир) ана шундай қарама-қарши маъноларни жойлай олган.
Ҳар бир халқнинг ўз урфлари, одатлари бор, бу тўғри ва буни барчамиз биламиз. Бироқ келиб чиқиши бир халқда ҳар хил удумлар амал қилиши мумкинлигини ҳамма билавермайди. Негаки битта удум бошқа-бошқа ниятда ўтказилиши, фарқли мазмун касб этиши – сийрак кузатиладиган ҳолат. Элнинг этнографиясидаги бундай фарқланиш тилига ҳам кўчмай қолмас. Масалан, Тошкентда марҳумнинг йили ўтказилган куни азадорлик муддати тугаганини элга билдириш истагида “оқкияр” маросими ўтказилади. Бу маросимда марҳумнинг оила аъзолари азалик қора кийимларини ечиб, оқ рангли кийимларини киядилар. Шу боис тошкентликлар нутқида оқ киймоқ ибораси “азадан чиққан”ликни билдиради.
Бухоро ва унга яқин ҳудудларда – азали хонадонларда ҳам “оқкияр” маросими ўтказилади, аммо у ерларда азадорлик муддати бошланганда шундай қилинади. Шунга кўра, бухороликлар нутқида оқ киймоқ ибораси “азага кириш, азали бўлиш” маъносида қўлланади. Ишонмасангиз, берилган мисолларни қиёслаб кўринг: 1. Азадан чиқиш: – Худоё худовандо, шу эшикдан лопиллаб тобутлар чиқсин. Шу уйдагилар оқ киймасин, қора кийимдан боши чиқмасин. (Саид Аҳмад, Жимжитлик) 2. Азали бўлиш, азага кириш: Кампир ҳали ҳам бошдан-оёқ оқ кийиб, ўғли Иброҳимга аза тутиб юрар эди (Пиримқул Қодиров, Юлдузли тунлар).
Хуллас, миллий тилимиз маданий қадриятларимизнинг мана шундай сақловчиси, мана шундай ифодачисидир. Бу тил бағрида ҳали очилмаган қўриқлар, топилмаган ёмбилар бисёр. Уларни топиб-тутиб Сизга илинмоқ бизнинг бўйнимиздаги қарздир.
Эслатиб ўтамиз, ўтган галги мақоламизда ўзбеклар нега фарзандларига ноодатий исм қўйгани ва бунинг сабаблари хусусида сўз борган эди.
“Ўзбекнинг ўз сўзлари” рукнимиз орқали ҳар ҳафтада ўзбек тилига оид жуда қизиқ маълумотларни билиб оласиз ва сўз бойлигингизни оширасиз.
Аввалги материаллар: