“Рамзий маънога эга”: Мирзиёевнинг Озарбайжонга ташрифи якунлари

Ўзбекистон ва Озарбайжон стратегик шериклик муносабатларни янада чуқурлаштириш ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини билдирди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 авг — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 22-23 август кунлари давлат ташрифи билан Озарбайжонда бўлди. Бу Ўзбекистон етакчисининг июль ойида лавозимига қайта сайланганидан кейин амалга оширган илк давлат ташрифи эди. Ташриф самарали ва сермазмун бўлди, десак адашмаймиз. Мирзиёев Озарбайжонда қайси масалаларни муҳокама қилди, икки давлат стратегик шериклик муносабатларни қандай ривожлантиради– батафсил Sputnik материалида.
Ўзбекистон ва Озарбайжон – тили, анъана ва урф-одатлари бир-бирига жуда монанд дўст мамлакатлар. Бу дўстликнинг илдизлари узоқ тарихга бориб тақалади. Шавкат Мирзиёевнинг озарбайжонлик ҳамкасби Илҳом Алиевнинг таклифига биноан бу мамлакатга ташрифи икки давлат муносабатларида янги саҳифа очди.
Ҳайдар Алиев номидаги аэропортда Ўзбекистон раҳбарини Озарбайжон бош вазирининг биринчи ўринбосари Яқуб Аюбов ва бошқа расмий шахслар кутиб олди. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди.
Мирзиёев Боку шаҳрига келгач, Озарбайжон халқининг умуммиллий етакчиси Ҳайдар Алиев мангу қўним топган Фахр хиёбонига, Шаҳидлар хиёбонига ташриф буюрди.
Буюк давлат ва сиёсат арбоби Ҳайдар Алиев қабрига гул қўйиб, хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
“Зуғулба” қароргоҳида Ўзбекистон президентини расман кутиб олишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев тор доирадаги учрашувда Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасидаги кўп қиррали стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш юзасидан фикр алмашди.
“Ўзбекистон ва Озарбайжон етакчилари энергетика, машинасозлик, металлургия, шаҳарсозлик, қишлоқ хўжалиги, фойдали қазилмалар, тўқимачилик, ипакчилик, фармацевтика, электротехника ва бошқа тармоқларда саноат кооперациясини кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилдилар”, - дея хабар берди Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.
Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий кун тартиби юзасидан фикр алмашдилар, кўп томонлама тузилмалар доирасида фаол мулоқотни ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш масалаларини муҳокама қилдилар.
Мирзиёев ва Алиевнинг музокаралари икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом этди.
Унда Ўзбекистон-Озарбайжон стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало, сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникациявий ва маданий-гуманитар соҳаларда ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
“Савдо ва саноат кооперациясида жадал ўсиш кузатилаётгани мамнуният билан қайд этилди. Яқин йилларда учинчи мамлакатлардан қиммат импортнинг ўрнини миллий ишлаб чиқарувчиларнинг арзон ва сифатли маҳсулотлари билан босиш орқали товар айирбошлашни 1 миллиард долларга етказиш учун барча имкониятлар мавжудлиги кўрсатиб ўтилди”, - дейилади хабарда.
Етакчилар транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш стратегик жиҳатдан муҳимлигини қайд этдилар.
Ўзбекистон юкларини Боку порти орқали ташиш ҳажмини кўпайтириш ниятини маълум қилди. Шу боис Транскаспий йўлаги доирасида қўшма логистика компаниясини ташкил этиш ҳамда Боку шаҳри ва учинчи мамлакатлар портларида омборхона инфратузилмаси ва логистика марказларини барпо этиш режалаштирилмоқда.
Давлат раҳбарлари қўшма “йўл харита”ларини тайёрлаш ва эришилган келишувларни самарали амалга ошириш механизмларини таъсис этишга топшириқ бердилар.
Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида Олий давлатлараро кенгаш ташкил этиш тўғрисидаги шартномани имзолади.
Бундан ташқари, ташриф доирасида давлатлар, ҳукуматлар ва идоралар даражасида 15 та ҳужжат қабул қилинди.
2023-2024 йилларда ҳар томонлама стратегик шерикликни чуқурлаштириш бўйича “йўл харитаси”, энергетика соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш тўғрисида, ёшларга оид сиёсат ва спорт соҳаларидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар, Медиа соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” шулар жумласидан.
Бундан ташқари, Фуқароларнинг визасиз қатновлари тўғрисидаги битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, “Е-permit” рухсатнома бланкларини электрон алмашиш ахборот тизимини жорий қилиш, оила ва болаларни муҳофаза қилиш, озиқ-овқат хавфсизлиги борасида ҳамкорлик қилиш бўйича келишувларга эришилди ҳамда Хавфсизлик кенгашлари котибиятлари ўртасидаги, киберхавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзоланди.
Мирзиёев оммавий ахборот воситалари вакиллари учун берган баёнотида музокаралар натижаларини юқори баҳолади.
“Сайловдан кейинги биринчи ташрифимни айнан Озарбайжонга амалга ошираётганим рамзий маънога эга. Бу икки томонлама ҳаморлигимиз энг юксак даражага чиққани, яқинлашишга ўзаро интилиш борлиги, шериклик учун кенг имкониятлар мавжудлигидан далолат беради”, - деди Ўзбекистон президенти.
Ўзбекистон Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини доим қўллаб-қувватлаб келгани ва бундан буён ҳам қўллаб-қувватлаши таъкидланди.
“Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасида ҳеч қандай муаммоли масалалар йўқлигини таъкидлаш жоиз. Биз қардош халқларимиз манфаатлари йўлида катта салоҳиятдан самарали фойдаланишнинг янги имкониятлари ва механизмларини излаш долзарб эканига урғу бердик”, - деди давлат раҳбари.
Мирзиёев Олий давлатлараро кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги шартноманинг имзолангани икки томонлама муносабатларда янги босқични бошлаб беришини қайд этди.
Мирзиёев Озарбайжонга давлат ташрифининг иккинчи куни рафиқаси билан бирга Фузулий шаҳрига келди. У ерда Ўзбекистон кўмагида барпо этилган Мирзо Улуғбек номидаги мактаб очилиши маросимида қатнашди.
1 / 4
2 / 4
3 / 4
4 / 4
Куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва рафиқаси Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва рафиқаси ҳамроҳлигида Шуша шаҳрининг диққатга сазовор жойлари билан танишдилар.
1 / 4
2 / 4
3 / 4
4 / 4
Қайд этиш жоизки, 2022 йилда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 2021 йилга нисбатан сезиларли ўсишни кўрсатди. Товар айирбошлаш ҳажми 118,9 миллион доллардан 181,2 миллион долларга 52,4 фоизга ўсди. Экспорт 76 миллион доллардан 131,7 миллион долларга, импорт 42,9 миллион доллардан 49,5 миллион долларга ошди.