Ўзбекистон президенти сайлови — 2023

Бугун сайловдан олдинги "сукунат куни"

Бугун ва эртага жамоатчилик фикри сўровлари натижалари, сайлов натижалари прогнозлари, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни эълон қилиш ман этилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 июл — Sputnik. Бугун президент сайловидан олдинги "сукунат куни". Сайлов кодексига кўра, 8-9 июль кунлари ташвиқотга йўл қўйилмайди.
Бугун ва эртага ОАВ вакилларига жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари прогнозларини, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни эълон қилиш ман этилади.
Марказий сайлов комиссиясининг (МСК) номзодлар автобиографик маълумотлари ва уларнинг сайловолди дастурлари тўғрисидаги ахборот материаллари (плакатлари) ташвиқот материаллари ҳисобланмайди.
Сайлов кунидан камида икки кун олдин биноларга, иншоотларга ва бошқа жойларга жойлаштирилган ташвиқот материалларини сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида олиб қўйилиши мажбурий эмас.
Эслатиб ўтамиз, президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти 7 июндан 7 июлга қадар давом этди.
Ўзбекистонда президент сайлови 9 июль кунига белгиланган. Ўзбекистон президенти сайловида республика бўйича жами 14 та сайлов округи ташкил этилиб, уларга 10784 та сайлов участкалари бириктирилган. Ўзбекистон бўйлаб сайлов участкалари соат 8.00 дан 20.00 гача очиқ бўлади.
Президентликка Экопартиядан Абдушукур Ҳамзаев, Халқ-демократик партиясидан Улуғбек Иноятов, "Адолат" социал-деморкатик партиясидан Робахон Маҳмудова, Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан (ЎзЛиДеП) амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев номзоди илгари сурилган.