ТОШКЕНТ, 27 июн — Sputnik. Россия президенти Владимир Путин ўтган дам олиш кунларидаги қуролли исён кўтаришга бўлган уриниш пайтида тартиб ва қонунийликни таъминлаган Мудофаа вазирлиги, Росгвардия, ФХХ, ИИВ ва ФМХ бўлинмаларига мурожаат қилди.
Фуқаролар уруши хавфи
“Сиз конституциявий тузим, фуқароларимизнинг ҳаёти, хавфсизлиги ва озодлигини ҳимоя қилдингиз. Ватанимизни ағдар-тўнтардан асраб қолдингиз, амалда фуқаролар урушини тўхтатдингиз. Оддий бўлмаган пайтда сизлар аниқ, иноқ ҳаракат қилдингиз, ўз ишингиз билан Россия халқига ва ҳарбий қасамёдга содиқлигингизни исботладингиз. Ватан тақдири ва унинг келажи учун масъулиятни намоён этдингиз”, - деди Путин.
Унинг сўзларига кўра, бўлинмаларни тез ва аниқ жалб қилиш хавфли оқибатлар, тинч аҳоли ўртасида қурбонлар бўлишининг олдини олишга имкон берган.
Халқ ва армия бирлашди
Россия президенти халқ ва армия исёнчилар ёнини олмаганини қайд этди. Ҳарбийларнинг қатъийлиги ва жасорати, жамиятнинг бирлашиши исённи бостиришда ҳал қилувчи ролни ўйнади.
“Исёнга жалб қилинган кишилар армия, халқ улар билан эмаслигини кўришди”, - деди Путин.
Россия раҳбари қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларига “хизмат учун, жасорат учун, Россия халқига садоқат учун” миннатдорлик билдирди ва уларга муваффақият тилади.
Маълумот учун, 24 июнга ўтар кечаси "Вагнер" ХҲК қўшинлари Ростов-на-Донудаги Жанубий ҳарбий округи штабини эгаллаб олди ва ҳарбий колонна Москва томон йўлга чиққанини эълон қилди.
Россия президенти Владимир Путин хусусий ҳарбий компания ҳаракатларини "хоинлик" деб атади. Компания раҳбари Евгений Пригожинга қарши жиноий иш очилди.
Кейинчалик Беларусь президентининг матбуот хизмати Александр Лукашенко Владимир Путин билан келишган ҳолда Пригожин билан музокаралар ўтказиб, ҳарбий колоннани орқага қайтаришга кўндирганини хабар қилди.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Пригожинга қарши жиноий иш тугатилиши ва у Беларусга кетишини маълум қилди. Кремль вакили олий мақсад қон тўкилишининг ва ички ихтилофнинг олдини олиш бўлганини таъкидлади.
Куни кеча Путин ўзининг навбатдаги мурожаатида “Вагнер” ХҲК жангчилари Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузишлари, уйга қайтишлари ёки Беларусга кетишлари мумкинлигини тасдиқлади.
Бугун қуролли исён юзасидан қўзғатилган жиноий иш тугатилгани маълум бўлди.