Иқбол Мирзо президент топшириғи, тўйлар масаласи ва четда туриб тош отувчилар ҳақида

Сенатор Иқболжон Мирзалиев Шавкат Мирзиёев у бошқараётган Қўмита олдига қандай вазифалар қўйгани, маҳалла оқсоқоллари камхарж тўй қилаётган фуқаролар рўйхатида бойларни яшираётгани ҳамда четда туриб Ўзбекистонга тош отаётганлар ҳақида гапирди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 9 авг - Sputnik. 2018 йил 8 август куни Тошкентдаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг ўтган даврдаги фаолияти якунлари ва истиқболдаги йўналишларига бағишланган Матбуот анжумани бўлиб ўтди, деб хабар қилди  Sputnik Ўзбекистон мухбири. 

Шавкат Мирзиёев: Ватанни севиш - улуғ фазилат

Қўмита раиси Иқболжон Мирзалиев (Иқбол Мирзо, таҳр.) тадбир давомида Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев ишни энди бошлаётган сенатор олдига қандай вазифалар қўйгани, маҳалла оқсоқоллари камхарж тўй қилаётган фуқаролар рўйхатида нега бойларни яшираётгани ҳамда четда туриб Ўзбекистонга тош отаётганлар ҳақида гапирди.

Ўзбекистон президенти қандай вазифа қўйган эди?

Иқбол Мирзонинг айтишича, жорий йил апрел ойида Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ташкил қилингач, у ўз номзоди қўмита раислигига қўйилганидан хабар топган. Шундан сўнг, у Шавкат Мирзиёев билан суҳбатга чақиртирилган.

Ўзбекистон президенти Иқбол Мирзо билан суҳбатда гапни қисқа қилади: Қўмита ўз фаолияти давомида асосий эътиборни ёшларнинг ватанпарварлик руҳида тарбия топишига қаратиши лозим эди.

Ёшлар - улкан куч: Мирзиёев ёшларга Ҳукумат эшикларини очди

"Қўмита номида ёшлар, маданият ва спорт ўз аксини топгани, бир нуқтада туташгани ҳам бежиздан эмас. Ҳаммаси ватан тараққиёти, ҳимояси, ватанпарварлик учун йўналтирилган, аслида олганда", - дейди сенатор ва ёшлар маданиятли ҳамда спортчи бўладиган бўлса, ҳеч қачон ҳеч қандай муаммо бўлмаслигини қўшимча қилади.

"Мени сенатор эмас, шоир сифатида кўришга ўрганиб қолишган"

Айтиш жоизки, Иқбол Мирзо раислигидаги қўмита матбуот-анжумани қизиқарли ва эркин кечди. Ўзбекистон халқ шоири журналистлар билан учрашувда шу кечаю-кундузда гувоҳи бўлаётган қизиқарли воқеалардан ҳам кўпгина мисоллар келтирди.

Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо 50 ёшда!

Ана шундай мисоллардан бири халқ Иқбол Мирзони сенатор эмас, балки шоир сифатида кўришга ўрганиб қолганлиги хусусида бўлди.

"Кеча бир оғайним менга айтяптики, сен телевизорда чиқсанг, фарзандларим "Иқбол тоғам чиқди телевизорда!", деб югуришади. Мен шеър ўқийсанми десам, нуқул бошқа гапларни гапираётган бўласан дейди. Телевизорда сенатор сифатида чиқишларимиз кўп, қўлимиздан келганча бизга юклатилган ишларни олиб боряпмиз", - дейди Иқбол Мирзо.

"Бугунги каби талаб ва масъулият ҳеч қачон бўлган эмас"

Иқболжон Мирзалиев ўз чиқиши давомида сенаторлик вазифаси масъулияти ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

Ўзбекистонда полиз маҳсулотлари нега арзонламаяпти - сенатор жавоби

"Бугунги каби талаб ва масъулият ҳеч қачон бўлган эмас. Бугунги каби Сенатнинг ички муҳити ва ички ҳаёти бу даражада жўшқин, бу даражада қайноқ бўлган эмас. Ҳозир сенаторлар ўзини ҳақиқий сенатор деб ҳис қилиб, ишлашаяпти. Мен буни сизларга кафолат бериб айтишим мумкин", - дейди сенатор.

Иқбол Мирзонинг сўзларига кўра, ҳозир бажарилаётган ишлар бирданига кўзга кўринмаётган бўлиши мумкин, лекин аслида ҳамма соҳада сенаторлар фаол иштирок этишмоқда.

Иқбол Мирзонинг тўйлар ҳақидаги ўйлари

Сенатор Қўмитага тўйлар борасида ҳам қатор вазифалар юклатилганини қайд этиб ўтди.

Сенат вакили дабдабали тўйларни тақиқлаш нега керакли натижани бермаслигини тушунтирди

"Ўрганишлар, таҳлиллар шуни кўрсатаяптики ўзбек учун энг асосий нарса - тўй экан. Ҳамма нарсамиз тўйга қаратилган экан. Ҳамма мақсадимиз, муродимиз ҳатто эртакларимиз ҳам тўй билан тугайди-да. "Қирқ кеча-ю, қирқ кундуз тўй бериб, муроду-мақсадига етибди", деб тугайди эртакларимиз. Ҳаётда дуоларимиз ҳам "тўйларга етқазсин" деган дуолар", - дейди у ва тўйлар борасида ўз ечимини кутаётган масалалар ниҳоятда кўплигини айтади.

Сенатор халқ орасида "тўйлар тўғрисидаги қарорнинг бекор бўлганлиги ва халқ эндиликда хоҳлаганча тўй қилиши мумкинлиги" ҳақидаги миш-мишлар борасида ҳам тўхталиб ўтди.

Иқбол Мирзонинг айтишича, бу тарқалган гаплар нотўғри. Ўзбекистон президенти сенаторлар олдига қарорни янаям такомилига етказиш топшириғини қўйган. Эртага, масалан, бу қарор қабул қилинадиган, қонунлашадиган бўлса, оғриқли саволлар чиқмасин. Бундан ташқари, Ўзбекистон кўпмиллатли давлат бўлгани учун бошқа миллат вакиллари манфаатлари ҳам ҳисобга олинмоғи керак. "Қонун чиққандан кейин ҳаммага баробар бўлади. Биз бу борада ҳам мониторинг ишларини олиб боряпмиз", - деди Мирзалиев.

Мирзиёев амалдорларга тўйларга боришни ман этди

Сенатор бир масала кўтариладиган бўлса "ура-ура" қилиб бошқа тарафга тортиб кетиш сингари "қизиқ одатларимиз" бор, дея таъкидлади.

"Президентимизнинг ўзлари 150-200та одам билан (тўй ўтказишни) таклиф қилиб турибдилар. Лекин гўёки буям мусобақа-да. "Биз 50та одам билан тўй қиламиз, биз 60та одам билан тўй қиламиз", деб одамларни қийнашни нима кераги бор? Маҳалла оқсоқоллари туриб шунга ўхшаган таклифларни гапирган, энди бунинг орқасидан қанча ноқулай вазиятлар юзага келаяпти. Бўладиган гапни гапириш керак, бўладиган ишни қилиш керак. Одамларнинг жиғига тегмаслик керак", - дейди қатъий Иқбол Мирзо.

Сенаторнинг айтишича, бу масалада президентнинг асосий талаби - одамлар, хусусан, ўрта қатлам қийналмаслигида. Ва бу ерда, ушбу қарор, бойларни "четлаб ўтиши" ҳолати бўлмайди.

"Олмазор тумани маҳаллаларидан камтарона тўйларни рўйхатини беринглар, десак, бизга шунақа рўйхат беришяптики, рўйхатдагилар хоҳласа ҳам катта тўй қила олмайди. Чунки бир жойда ишламайди, ота-онаси ё йўқ, ёки пенсионер, камбағал, фақир, ишсиз одам. Шу одам 100 кишилик тўй қиляпти, деб бизга рўйхат беришаяпти. Ўзи имконияти шу уни, бойларни эса яширишаяпти. Бизга шу пайтгача бой одам камхарж тўй қилаяпти, камтарона тўй қилаяпти деган ахборот келиб тушгани йўқ", - дейди сенатор.

"Ўзи асл мақсадимиз нима? Пул топиб, тўғри пулни халол меҳнат қилиб, тадбиркорлик орқали ошиб-тошиб кетган одамларимиз ҳам кўп, лекин асл мақсадимиз, шуки, шулар бошқаларга ўрнак бўлиб, камтарона тўй қилса, қутуриб кетмаса, одамларнинг жиғига тегмаса, ғашини келтирмаса. Ахир шу маънода қилинаяпти-ку бу сиёсат!?". 

Сенат қарори лойиҳаси: "ота кўрди", "куёв чақирди" каби тадбирлар ман этилади

Айни вақтда Олмазор туманида сенат вакиллари ва депутатлар айнан тўйларни ихчамлаштириш борасида иш олиб боришмоқда. Ва ҳатто, тез кунда Олмазор тумани мутасаддилари ихчам тўйлар қандай ўтказилиши кераклиги борасида бутун республикага ўз таклифлари билан чиқишга тайёр. Олмазор туманидаги депутатларнинг айтишича, "ихчам" тўйларга кетадиган сарф-харажатлар 6-8 миллион сўмни ташкил қилади.

Ўзбекистонга тош отадиганлар ҳақида

Иқбол Мирзо ўз чиқиши давомида "Ёшлар Иттифоқи" фаолиятига ҳам тўхталди.

"Ёшлар Иттифоқи" ишламаяпти, деб тош отаётганлар бекорни айтибди. Жуда катта иш бўлаяпти. Қизиғи шундаки, мана шу эътироз билдираётган одамлар ўзлари шу нарсадан бехабар. Ўзлари билмайди шу ҳаётда нималар кечаётганини. Ўзлари четларда туриб олиб, фақат телефон ўйнаб ётади-да, фақат Фейсбукка кириб, "ҳаёт шундан иборат экан-да", деб ўйлайди-да, аслида бу ёқда кетаётган ишлардан ва бу ишлар осонликча кетмаётганлигидан уларнинг хабарлари йўқ", - дейди сенатор.

Ўзбекистон аҳолиси 32,5 миллиондан ошди

Иқбол Мирзо Ўзбекистон халқи ҳар йили ярим миллионга кўпаяётган халқ эканлигини эслатиб ўтди.

"Ярим миллион дегани - Люксембургдан кўра, Исландия деган мамлакат аҳолисидан кўпроқ-да. Худо хоҳласа, яна 20-30 йилдан кейин 50 миллионга етамиз. Ҳар йили беш юз минг нафар дунёга келаётган, ҳар йили беш юз минг нафар мактаб-коллежларни битираётган болаларни иш билан таъминлаш, уларни ўқитиш, қорнини тўқлаш, уларнинг хавфсизлиги, соғлиғи масалалари - бу осон масалалар эмас", - дейди у ва бу ерда чеккада туриб тош отгандан кўра, ёрдам бериш тўғрироқ бўлар эди, деб қўшимча қилади.

Четдан туриб, "э, ҳеч нарса бўлмади", деб тош отиш жуда осон. Ундан кўра, ёрдам бер. Ҳеч бўлмаса яхши гап, ё маслаҳатинг билан иштирок эт, дея ўз нутқини якунлайди сенатор.