ТОШКЕНТ, 6 ноя — Sputnik. Давлат статистика қўмитаси хабарига кўра, 1 октябр ҳолатига Ўзбекистон аҳолиси сони 32 511,9 минг кишини ташкил қилди. Йил бошидан буён аҳоли ўсиш сони 391,4 минг кишини ташкил қилди.
Ҳисоботда айтилишига кўра, Ўзбекистон шаҳар ва қишлоқларда яшайдиган аҳоли сони тенг деса ҳам бўлади: шаҳарда 16 451,9 минг, қишлоқларда 16 600 минг кишини ташкил қилди.
Шу билан бирга энг кўп аҳоли яшайдиган ҳудуд Тошкент шаҳри (2,4 млн) ва Тошкент вилояти (2,8 млн) бўлиб қолмоқда. Вилоятлар бўйича аҳоли сони Самарқанд (3,7 млн), Фарғона (3,6 млн), Қашқадарё (3,1 млн), Андижон (2,9 млн), Наманган (2,6 млн), Сурхондарё (2,5 млн), Бухоро (1,8 млн), Қорақалпоғистон (1,8 млн), Хоразм (1,7 млн), Жиззах (1,3 млн), Навоий (0,9 млн) Сирдарё (0,8 млн) кишини ташкил қилган.
Ушбу йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонда 192,7 минг никоҳ ва 23,6 минг ажралиш ҳолатлари қайд этилган. Яъни ўртача 1000 аҳоли сонига 8та никоҳ ва 1та ажралиш тўғри келади.
Миграция масаласида, ўтган 9 ой давомида Ўзбекистонга кириб келганлар сони 120,8 минг киши, чиқиб кетганлар сони эса – 136,1 минг кишини ташкил қилди. Миграция сальдоси —15,63 минг кишидан иборат бўлди. Бу 2016 йилги кўрсагичга (-20,7 минг) нисбатан 5,4 минг кишига кам.