ОТБ Ўзбекистонга 200 млн доллар ажратади — маблағ нималарга сарфланади?

© Depositphotos.com / TomwangЭлектр тармоқлари
Электр тармоқлари - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 21.09.2023
Oбуна бўлиш
ОТБ: янги лойиҳаси доирасида амалга ошириладиган ишлар минтақавий электр таъминотидаги узилишларнинг олдини олади.
ТОШКЕНТ, 21 сен — Sputnik. Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистон электр тақсимлаш тармоғини рақамлаштириш учун 200 миллион доллар ажратади. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ОТБ Ўзбекистонга 200 миллион доллар миқдоридаги қарзни маъқуллади. Мазкур маблағ энергия самарадорлиги ва электр энергияси хизматлари ишончлилигини ошириш учун энергия тақсимлаш тизимини модернизация қилиш ва рақамлаштиришга ёрдам бериш учун ажратилмоқда.
“Тақсимлаш тармоғини рақамли трансформация қилиш ва барқарорлигини ошириш” лойиҳаси доирасида республикадаги 26 та тақсимловчи подстанция рақамли подстанцияларга, жумладан, диспетчер назорати ва маълумотларни йиғиш (SCADA) тизимига модернизация қилинади.
Рақамли ҳимоя релеси ва иқлимга чидамли лойиҳа подстанцияларнинг табиий офатлар ва экстремал об-ҳаво ҳодисалар пайтида ишлаш ишончлилиги ва чидамлилигини оширади, шунингдек, минтақавий электр таъминотидаги узилишларнинг олдини олади.
ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича бош директори Евгений Жуковнинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг эскириб қолган тақсимлаш тармоғини модернизация қилиш мамлакатнинг узоқ муддатли яшил ва кам углеродли стратегияси учун муҳим аҳамиятга эга.

“Биз нафақат энергия хизматлари сифатини яхшилаш, балки иссиқхона газлари чиқиндиларининг кўпайишига олиб келадиган электр энергия йўқотишларини камайтириш орқали тоза энергияга ўтишни осонлаштирадиган ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлашдан мамнунмиз, - деди Евгений Жуков.

Айтилишича, Ўзбекистоннинг тақсимлаш тизими 7,6 миллион маиший ва саноат истеъмолчиларига хизмат кўрсатади. Хонадонларни 100% электрлаштиришга эришилганига қарамай, мамлакат асосан 1960 йилларда қурилган эскираётган ва ҳаддан ташқари юкланган инфратузилма туфайли ишончсиз электр таъминотидан азият чекмоқда.
Электр таъминотидаги узилишлар ҳозир ҳам давом этмоқда ва улар айниқса қишда, паст ҳароратларда иситиш учун электр энергиясига бўлган эҳтиёж юқори бўлган вақтда юқори даражада бўлади, бу эса ўз навбатида мактаб ва поликлиникалар каби муҳим ижтимоий хизматларининг фаолият юритиши мураккаблаштиришига олиб келмоқда.
Ўзбекистонда энергияга бўлган талаб 2019 йилдаги 67 тераватт-соатдан 2030 йилда 120,8 тераватт-соатгача ошиши кутилмоқда. Ҳукумат 2030 йилга қадар мавжуд 12,9 ГВт қувватга қўшимча равишда 17 гигаватт (ГВт) моқдорда электр энергияси ишлаб чиқариш салоҳиятини қуришни, жумладан, 8 ГВт қувватга эга қайта тикланадиган энергия лойиҳаларини амалга оширишни режалаштирмоқда.
ОТБнинг Энергетика бўйича бош мутахассиси Сун Дак Кимнинг фикрича, ушбу лойиҳа Ўзбекистонга мамлакатнинг ортиб бораётган талабини қондириш учун зарур бўлган қўшимча энергияни ишончли етказиб бериш имконини беради.

“Шунингдек, етказиш ва тақсимлаш тизимларини модернизация қилиш, ақлли ва мослашувчан тизимлар қуёш ва шамол каби қайта тикланадиган энергия манбаларининг ўзгарувчанлигини яхшироқ бошқариш имконини беришини ҳисобга олсак, мамлакатга қайта тикланадиган энергияни тармоққа кўпроқ интеграция қилиш имконини беради”, – деди Сун Дак Ким.

ОТБ лойиҳаси, шунингдек, “Ҳудудий электр тармоқлари” давлат тақсимлаш компаниясининг молиявий бошқарув салоҳиятини мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Бундан ташқари, Ҳудудий электр тармоқлари ва Тошкент давлат техника университети ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорлик доирасида талаба қизларни ўқитиш мақсадида 250 000 доллар миқдоридаги техник ёрдам гранти тақдим этилади.
Франция тараққиёт агентлиги қисман ОТБ томонидан бошқариладиган 70 миллион евро (тахминан 75 миллион доллар) миқдорида қўшма молиялаштиришни тақдим этади.
Маълумот учун, Ўзбекистон ОТБга 1995 йилда аъзо бўлган. Бугунги кунга қадар банк томонидан мамлакатга 10,8 миллиард доллар миқдорида қарзлар, грантлар ва техник кўмак тақдим этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистоннинг электр тармоғини модернизация қилишга кўмаклашиши маълум қилинганди. Унга кўра, банк 125 миллион доллари миқдорида заём ажратишни маъқуллади. Ушбу маблағ Ўзбекистоннинг электр узатиш тармоғини такомиллаштириш, энергия самарадорлигини ошириш ва қайта тикланадиган энергия манбаларининг кўпроқ мамлакат энергетика балансига интеграциялашувини таъминлаш учун сарфланади.
Шунингдек, ОТБ Ўзбекистонда инсон капиталини ривожлантиришга 93 млн доллар йўналтиради. Бундан ташқари банк мамлакатда халқаро автомобиль йўлларини реконструкция қилишга ёрдам беришини маълум қилган. Қолаверса, ОТБ Тошкент шаҳри ва унинг вилоятида 13 та мактаб қуриш учун маблағ ажратади.
Янгиликлар лентаси
0