Александр Собко
АҚШ Энергетика вазирлигининг ҳафталик ҳисоботларида эълон қилинган умумий картина тушунарли: уч ой ичида жуда кескин тушиш юз берди - март ойининг энг юқори чўққиси - кунига 13 миллион баррелдан суткасига 10,5 миллион (яъни 20 фоизга)ча. Кейинчалик, ушбу қиймат атрофида шу жумладан, бўронли мавсум билан боғлиқ бўлган (плюс-минус ярим миллион баррелга тенг) сезиларли тебранишлар юз бера бошлади, - ахир, бу нафақат сланец ёки қуруқликдаги бошқа қазиб олиш, балки Мексика кўрфазидаги денгиздаги қазиб олишни ҳисобга олган умумий статистикадир.
Сўнгги рақамларга кўра, АҚШда ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажми суткасига ўн миллион баррелдан ҳам пастлаган, аммо такрорлаб ўтиш жоизки - ҳафталик маълумотлар кўпинча тузатилади, шу боис, улар умумий тенденцияни кўрсатаётгани эҳтимолга яқин.
Эндичи, нима бўлади? Ишлаб чиқаришнинг анъанавий етакчи кўрсаткичи - бу ишлайдиган бурғилаш дастгоҳлари сони ҳисобланади. Бу ерда ҳам март воқеаларидан сўнг тез пасайишни кўрдик, март ойида маҳаллий ҳудудларда ўз авж нуқтасида 682 дастгоҳ ишлаган бўлса, августда улар сони ўзининг энг минимум кўрсаткичи - 172 тага етган, шундан сўнг гарчи суст бўлсада, ўзини тиклаш юз берган ва дастгоҳлар сони айни вақтда 205тани ташкил этмоқда. Бурғилаш ускуналари уч карра қисқарди, қазиб олиш эса 20 %га пастлади - рақамларда зиддият йўқ: биринчидан, қазиб олинаётган нефтнинг ҳаммаси ҳам сланец эмас, иккинчидан эса, инерция (ҳаракатсизлик) мавжуд.
Қазиб олиш ишларига таъсир кўрсатадиган муҳим омил - бу аллақачон бурғиланган, аммо уларда қатлам гидроёриқ ўтказилмаган тугалланмаган деб аталмиш қудуқлардир. Уларнинг сони 7,7 мингтага етган - бу ўта жиддий ҳажм (ишлаётган 200 дона бурғулаш мосламалари билан таққослаганда), агар уларда гидроёриқ амалга оширилса, ҳатто янги бурғулашларнинг ўта паст кўрсаткичида ҳам қазиб олиш ишларини узоқ вақт ушлаб туриши мумкин.
Сўнгги бир йил давомида тугалланмаган қудуқлар ҳажми сезиларли даражада ўзгармади, яъни бундай қудуқларнинг ишга туширилиши аввалроқ бурғилаш қурилмалари сонининг қисқа муддатга бир неча карра пасайиши фонида ишлаб чиқаришни ушлаб турди, дея айтиб бўлмайди. Энди тугалланмаган қудуқлар сони бир оз озайишни бошлади ва энг муҳими, Америка Энергетика вазирлиги ўзининг сўнгги прогнозида тўғридан-тўғри ишора қилмоқда: энди улар оз сонли ишлайдиган бурғилаш қурилмалари фонида ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш учун захира ҳосил қилади. Айтганча, ноябр ойи учун ушбу шарҳ АҚШда сланецли нефт қазиб олишнинг янги пасайишини назарда тутади.
Бир сўз билан айтганда, одатдагидек, сланец масалаларида бўлгани сингари, жуда кўп ноаниқликлар мавжуд, бунинг натижасида эса, обрўли ташкилотлар улкан миқдордаги прогнозларнинг тарқоқлигини намоён этмоқда: 2021 йил ўрталарига келиб умумий ишлаб чиқариш ҳажмининг 11,5-12 миллионгача ортишидан тортиб, кунига ўн миллион баррелгача (ҳафталик статистик маълумотларга кўра, у аллақачон содир бўлган) тушишигача.
Шу билан бирга, бу прогнозлар устидан сланец компанияларининг маълум молиявий муаммолари осилиб турмоқда. Ҳа, пулни тежаш мақсадида бурғулаш ҳажмлари қисқартирилмоқда, аммо бу ишлаб чиқариш пасайиши англатади, демакки қарзга хизмат кўрсатиш учун пул оқими пасаяди. Кичик компаниялар банкротликлари аллақачон бошланган - ва давом этмоқда.
Инқирозгача бўлган даврда Американинг иккита энг йирик нефт-газ гигантлари - ExxonMobil ва Chevron сланец ишлаб чиқаришга сармоя киритган ва ҳатто, мазмунан олганда, ўзаро махфий рақобатни уюштиришган эди. Натижада, агар бирор нарса юз бергудек бўлса, сланец қазиб олувчилар қарзлари ёки ҳатто банкротлигини йирик компаниялар сотиб олади, деган фикр шаклланди.
Қисман шундай бўлмоқда ҳам. Шу кунларда ConocoPhillips сланец қазиб олувчи Concho Resources'ни 9,7 миллиардга харид қилишини маълум қилди. Шу тариқа, америка нефт гигантларининг яна бири бир вақтнинг ўзида йирик сланец ишлаб чиқарувчисига айланмоқда.
Аммо, бу ерда қизиғи, харид пул шаклида эмас, балки акциялар билан ўзаро алмашув тарзида амалга оширилди.
Худди шунга ўхшаш воқеа октябр ойи бошида ҳам юз берган эди, бунда Chevron компанияси Noble Energyни сотиб олган (бу эса, нафақат сланец, балки ҳозирда ўта фаол муҳокамада бўлган Шарқий Ўртаер денгизи ҳудудидаги денгизда газ қазиб олиш ҳамдир).
Ўз навбатида ўрта ҳажмдаги Devon Energy компанияси WPX Energyни харид қилди, Pioneer Natural Resources эса Parsley Energyни ютиб юборишни муҳокама қилмоқда. Яна бир нечта сланец ишлаб чиқарувчилари муваффақиятли рақиблар ёки уларга нисбатан анча йирик компаниялар томонидан харид қилишга ёки ютиб юборилишга номзод сифатида кўриб чиқилмоқда.
Яъни ушбу секторда бирлашув ёки ютиб юборилиш ҳолатлари анча очиқ тус олди. Компаниялар кўламлар, қазиб олиш ишларида яқин жойлашган ҳудудларнинг бирлашуви ва ҳоказоларда иқтисод қилиш орқали ютишни умид қилишмоқда. Айниқса, йирик "мейжорлар" томонидан амалга ошириладиган бу сингари ютиб юборишлар, табиийки қарз юки муаммосини иккинчи планга суришга имкон беради. Боз устига, йирик компаниялар мавжуд қарзни бозор шартлари асосида янги қарз мажбуриятига ўтишда сезиларли даражада арзон кредитланиши мумкин.
Бир сўз билан айтганда, ҳаммаси йил бошида тахмин қилингани сингари рўй бермоқда - Трансмиллий компаниялар томонидан ютиб юборилиши натижасида соҳани сақлаб қолишмоқчи, пандемия эса бу жараёнларнинг барчасини тезлаштирди, холос. Бироқ, нефт соҳасидаги инқироз яна бир натижага олиб келди: сланец ишлаб чиқарувчиларни ютаётган компанияларнинг молиявий барқарорлиги анча пасайди, демак, муаммоли компанияларни оқибатларсиз "ҳазм қилиш" қийинроқ бўлади.
Бунинг ёрқин мисоли тариқасида ExxonMobilни келтириш мумкин. Йил бошида компаниянинг акциялар котировкалари ҳозирги вақтга нисбатан икки баравар юқори эди, шу билан бирга у аксарият европалик ҳамкасблардан фарқли ўлароқ, чораклик дивидендларни пасайтирмади.
Ҳозирда чораклик дивидендлар амалдаги котировкаларга (йиллик қийматларга ўгирилганда) нисбатан улкан - йиллик ўн фоиз ставкаларни ташкил қилмоқда, йил бошида у мос равишда икки баравар паст эди. Шуниси аниқ-ки, бир хил миқдордаги дивидендлар шароитида котировкаларнинг икки баравар пасайиши бир нарсани англатади - ошган хатарлар ва келажакда компания тўловларни ва умуман молиявий барқарорликни бир хил даражада ушлаб тура олмаслик бўйича хавфлар мавжудлигини. Худди шундай ҳолат бошқа йирик компаниялар учун ҳам кузатилмоқда.
Шуниси, қизиқки, инқироз бошида айнан ExxonMobil ишлаб чиқаришни бирлаштирган ҳолда қисқартирилишига қарши бўлган эди (шу пайтда у АҚШ учун ҳам муҳокама этилган), бу айрим кузатувчилар томонидан нефт нархларининг тушиши тўлқинида арзонлашиб кетган сланец ишлаб чиқарувчиларини таннархидан паст баҳоларда сотиб олиш истаги сифатида талқин қилинган эди. Аммо натижада, компания жуда оғир ва қўшимча харидларсиз шароитда. Умуман олганда, уни рад этиб ҳам бўлмайди, ахир энг яқин рақиблари инқироз даврида сланецли нефт сегментини сезиларли даражада кучайтириб олишди. Chevron "Noble Energy"ни ютиб юборгач, АҚШда сланец нефтини ишлаб чиқариш ҳажми бўйича иккинчи ўринга чиқди.
Мазмунан олганда, йирик трансмиллий компаниялар ўз кўлами ва молиявий барқарорлигидан фойдаланиб, сланец нефтини ишлаб-чиқариш сегментини тортиб кетишни истаган эди — бу масала кун тартибидан тушган ҳам эмас, аммо тобора мураккаблашиб бормоқда. Демакки, молиявий интизом масалалари яна олд планга чиқмоқда, ва бунда биз яқинда сланец секторида кўрганимиз сингари - ўсиш учун ўсишни кутиш ярамайди.
Қўшимча қилиш лозимки, "Яшил кун тартиби" ҳам барча нефт-газ компанияларига, шу жумладан, энг йирикларига ҳам, босимни яратди. Банклар нефт қазиб олувчиларни ҳеч қандай ставка эвазига ҳам қарз бермасликлари (бу сал аввал баъзи банклар томонидан кўмир сектори соҳасига нисбатан кузатилганди), ҳақида гапиришга ҳали анча эрта, аммо "иқлимга доир кун тартиби" сланец қазиб олувчиларини харид қилиниши ҳолати билан биргаликда соҳадаги энг йирик компаниялар учун ҳам янги қарзлар нархини оширса ажабланмаса ҳам бўлади.
Хулоса. Сланец нефти саноати "коллапси", яъни қулаши кутиш керак эмас, аммо сланец конларининг янги эгалари молиявий интизомга қатъий риоя қилишлари ва сармоялар рентабеллигига янада масъулиятли муносабатда бўлишади, дея тахмин қилиш мумкин. Сектордаги бирлашув ишлаб чиқариш харажатларини камайтиришга ва шу билан ҳеч бўлмаганда ишлаб чиқариш ҳажмини ҳозирги даражада ушлаб туришга ёрдам берадими ёки йўқ, вақт кўрсатади.