ТОШКЕНТ, 1 июл - Sputnik. Россия, Эрон ва Туркия президентлари чоршанба куни Сурияга тегишли бўлиши керак бўлган нефт даромадларининг ноқонуний эгаллаб олиниши ва топширилишини маъқулламасликларини билдирдилар.
Россия президенти Владимир Путин, Эрон президенти Ҳасан Руҳоний ва Туркия президенти Тойиб Эрдоғоннинг тегишли баёноти Кремль сайтида эълон қилинган.
Эслатиб ўтамиз, бугун уч давлат президентлари видео-саммит ўтказдилар. Учрашув Теҳронда бўлиб ўтиши керак эди, аммо пандемия сабабли қолдирилди.
"Бизнинг учлигимиз можародан кейинги даврда Сурияда иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани тиклаш, қочқинлар ва мажбурий кўчирилганларнинг қайтиши учун кўп иш қилиши мумкин. Коронавирус инфекциясининг тарқалиши шароитида бизнинг гуманитар йўлда саъй-ҳаракатларимизни мувофиқлаштириш янада долзарб бўлиб қолмоқда", - деди Россия президенти.
"Мен Сурияда тинчлик, тартиб ва хавфсизликнинг имкон қадар тезроқ ўрнатилишини истардим. Биз Суриянинг ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолиш ва можарони узоқ муддатга ҳал қилиш учун барча имкониятларни ишга соламиз", -деди Эрдўғон.
Россия, Эрон ва Туркия президентлари Владимир Путин, Ҳасан Руҳоний ва Тоййиб Эрдўғон Сурия бўйича мувофиқлаштиришни кучайтиришга келишиб олдилар.
“(Президентлар) ўзаро келишувлар асосида уч томонли мувофиқлаштиришни кучайтириш тарафдори эканликларини яна бир бор тасдиқладилар", - дейилади чоршанба кунги уч мамлакат президентларининг видеоконференция якуний баёнотида.