Асли бухоролик бўлган, анча йиллардан буён Тошкентда истқомат қилувчи Фаррух, диний келишмовчиликлар туфайли оиласидан маҳрум бўлганини сўзлаб берди.
"Тўғрисини айтсам, бир кун келиб диний зиддият туфайли аёлим ва икки нафар гулдай фарзандимдан айриламан деб ўйламаган эдим", дея гап бошлади суҳбатдошим.
Фаррух олий маълумотли юрист, бироқ дипломи бўйича бир кун ҳам ишламаган, бизнес соҳасини танлаган. Турмуш ўртоғи – Марина билан 2010 йилларда танишган ва никоҳ ўқитишган. Бугунги кунда оила ажраган.
У бўлажак турмуш ўртоғи билан энди танишган вақтларида Марина отаси ўзбек, онаси рус, ўзининг насронийлигини айтган. Лекин йигитга турмушга чиқаётганида мусулмонча никоҳ ўқитишни хоҳлаб, ўз хоҳишига кўра, мусулмон динини қабул қилган.
Жуфтлик 10 йил эл қатори ҳаёт кечиради, яхши-ёмон кунларни биргаликда енгиб ўтади ва, ҳатто, орада Россияда яшаб, ишлаб қайтишади. 2018 йилда четдан қайтиб, расмий никоҳдан ўтишади ва Тошкентнинг Юнусобод туманидан уч хонали квартира олиб, яшай бошлашади.
Юнусобод – Марина туғилиб, ўсган жой бўлгани учун, кўп ўтмай оила ҳаётида «янги» эски танишлар пайдо бўлади. Оилада секин-аста тушунмовчиликлар, майда жанжаллар бошланади.
"Рафиқам кунларнинг бирида дастурхон устида "омин" қилмай қўйди. Ҳар доим овқатдан кейин онасига қараб омин қилишга ўрганиб қолган болаларим ҳам бундан, ғалати ҳолатга тушишди. Кейин арзимаган жанжал билан мени уйдан чиқариб юборишни одат қилди. Кейин билдимки, бу вақтга келиб "шоҳидлар" аёлимни тўлиқ ўзига оғдириб олишга улгурган экан. Вазият шу даражага етдики, "сен билан битта уйда яшай олмаймиз, алоҳида яша", дейишгача борди", дея ҳикоя қилади Фаррух.
Марина Фаррухнинг кўз ўнгида ўзгариб борарди. Гаплашиб олишга рози бўлмас, саволларига жавоб бермас, ҳатто уч хонали уйни сотиб, ҳомиладор ҳолига Яшнобод туманига кўчиб кетади.
Икки йил оиламни қайтаришга уриндим
Фаррух оиласини қутқариб қолиш мақсадида, Маринага нима бўлаётгани сабабини чуқурроқ англаш учун аёлини ўз холига қўйишга ва ҳатто у айтган талабларни бажаришга ҳаракат қилади.
Аммо бу бефойда эди. Марина "секта" ҳаётига шўнғиган, туну кун уларнинг юмушлари билан банд, оилада ҳатто оддий туғилган кун ҳам нишонланмайдиган бўлди.
– Бошида сабр билан қайтаришга ҳаракат қилган бўлсамда, кунларнинг бирида ўта ғазабландим. Иегова шоҳидлари оиламни пароканда қиляпти, ўзларининг уюшмасига тўнғич қизимни тўлиқ тиқиб бўлганини, мен эса қўлимдан ҳеч нарса келмаётганини, танг аҳволдалигимни тан олиб, буларнинг Чирчиқ шаҳридаги "Зал царства" деган черковига кириб бордим. Биласизми, ташқи кўриниши сахий, меҳрибон, беозор кўринган бу одамлар аслида сиз ўйлагандай эмас. Ҳамма айтганларимга қисқа қилиб, "бу унинг хоҳиши", дея жавоб қайтаришди. Оила пароканда бўлаётгани масаласи уларни мутлақо безовта қилмади. Ҳамма қилаётган ишлари ўқиётган адабиётларига қаршилигини далиллар билан исботлаган вақтларим аёлим "бизларга тортишиш мумкин эмас", дея мулоқотга нуқта қўяр эди. Шу тариқа бизлар бир-биримизга бегоналашиб кетдик.
Икки йиллик жанжалли турмушдан сўнг, минг қайтаришга уринмай, Марина танлаган йўлидан қайтмаслигини айтгач, турмушимиз ажрим билан тугади.
Дин Ватан ҳимоясидан улуғ
Иегова шоҳидларининг таълимотида ҳарбий хизмат тақиқланади. Ҳарбий ҳаракатлардан иштирок этиш эса инчунин. Ҳатто ватанни ҳимоя қилиш учун ҳам қўлга қурол олиш мумкин эмас.
Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани Мудофаа ишлари бўлими бошлиғининг сўзларига кўра, хизматдан қочадиган иеговчилар унча кўп эмас, лекин улар бор.
У яқинда юз берган бир ҳолатни эслайди. Йигит анча вақтгача ўзининг соғлиги жиҳатдан яроқсизлигини айтиб, хизматдан қочишга уринган. Тиббий хулоса эса бунинг аксини кўрсатган. Охир-оқибатда йигит Иегов шоҳодларидан эканини тан олиб, армияда хизмат ўташи мумкин эмаслигини айтади.
Бу каби фуқаролар альтернатив хизматни ўтайди. Бунинг учун хизматни рад этишнинг асослантирилган сабаблари кўрсатилган ариза билан мудофаага кўмаклашиш бўлимига мурожаат қилиши лозим бўлади.
Давлат ва жамиятдан холи
“Иегова шоҳидлари" фаолияти МДҲнинг кўплаб мамлакатларда таъқиқланган. Жумладан Россия, Грузия ва Тожикистонда ҳам.
Секта АҚШда ташкил этилган эмасми, иш услуби худди яхшигина тижорат ташкилотининг рекламасига ўхшайди - чиройли расмли буклетлар ва ўта хиралик билан одамга "ёпишиб" олишади.
1990 йлларда Ўзбекистон шаҳарларида бундайин хира суҳбатдош – Иегова шоҳидлари (Яҳве гувоҳлари) сектасининг миссионерларига дуч келмаган инсонинг ўзи бўлмаса керак.
Ўн йиллик охирига келиб, исломий экстремизм ва радикализм кучайиш фонида Ўзбекистонда прозелтизм (бировни ўз динига оғдириб олиш) ва миссионерлик фаолияти таъқиқланди, "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар" тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритилди ва унинг ижроси талаб этила бошланди. Шундан сўнг кўчаларда буклет кўтариб юрадиган тарғиботчилар йўқолди.
Ўзбекистонда “диний экстремизм” дейилганда кўпроқ ислом динини ниқоб қилиб олган ташкилотлар тушунилса-да, “шоҳидлар”нинг фаолияти ҳам ушбу Қонун таъсири доирасига тушди. Чунки уларнинг қилмишлари жамият учун, унинг маънавий-ахлоқий асослари, устунлари учун бошқа экстремистик ташкилотларникидан камроқ зарар келтирмасди.
На илм на дин
Кўринишидан беозор “беозор” бўлган ушбу секта, аслида - ўта хавфли. Чунки, улар на инсоний хулқ-атвор қоидаларини, жамият қадриятларни ва на давлат томонидан белгиланган қонун-қоидаларини тан олади.
Уларнинг таълими асосида - умуминсоний Армагеддон, яъни Қиёмат куни. Бу кунда Исо билан Шайтон қўшини ўртасида жанг бўлади. Сектачилар, ўз ватанини ҳимоя қилмаганларидек, бу жангда ҳам иштирок этмайди, кузатишади.
Армагеддондан кейин сектанинг "кичик пода" деб аталадиган (имони мустаҳкам ва секта йўлида кўп хизмат қилган) алоҳида тоифаси – 144 минг киши осмонга чиқиб кетади, "руҳий танада" қайта тирилади, "бошқа қўйлар" (оддий сектачилар назарда тутилган) ерда қолади ва минг йил Исо Масиҳ подшолиги остида ердаги жаннатда бўлишади. Шундан сўнг иблис билан синов бўлиб, шайтон ва унинг ортидан эргашганлар таг-туги билан йўқ қилиб ташланади. Ниҳоят мана шу жангда "шоҳидлар" иштирок этади.
Хуллас, «шоҳид»ларнинг кейинги минг йиллик борасидаги қисқача ҳаёт сценарийлари мана шундай. Сахийлик билан ҳаммага жаннат ваъда қилинган. Кимгадир ерда, кимгадир осмонда.
Секта раҳбарлари бир-неча бор қиёматни «башорат» қилди, бирортаси ҳам рўёбга чиқмади. Натижада бунақа субутсизлик ташкилотнинг обрўйини тушириб юборди ва 1995 йилда раҳбарият "бундан кейин қиёмат кунининг аниқ санасини белгилаш мақсадга мувофиқ эмас", деган хулосага келди.
Эътиқодлар келишуви: ўртада бегона йўқ
Ўзбекистонда минг йиллар давомида турли эътиқодлар ёнма-ён, бир бирига кўникиб, ўзаро тушуниш ҳосил қилган ҳолда яшаб келмоқда. Секта эса ҳеч қандай давлат ва жамият қадриятларини тан олмаслиги - кундек равшан.
Дунёнинг энг йирик тўрт дини замин тарихи орқали ўтиб, унда ўз изларини қолдирдилар. уларнинг ҳеч бири бошқа дин ҳудудига, таъсир доирасига тажовуз қилмайди. Ана шундай нозик мувозанат ҳукм сураётган жамиятда ташқи бузғунчи кучнинг пайдо бўлиши - катта хавф ва ихтилофларга олиб келиши муқаррар.
Ўзбекистонда Мустақилликнинг илк йилларида Иегова шоҳидларининг 2та ташкилоти очилган эди. Бири - Фарғонада иккинчиси - Чирчиқда. Бугунги кунда фақат Чирчиқдагиси қолган.
Ислом академияси доценти Даврон Мақсудов айтишга кўра, сектачилар жамиятга, айниқса ёшларга жуда катта зарар етказиши мумкин. Буни олдини олиш учун, биринчидан, одамлар орасида кенг тушунтириш ишлари олиб бориш керак.
"Сектачилар кўп ҳолларда бепул овқат тарқатиш ёки бошқа хайр-эҳсон акциялари билан ўз сафларига одамларни чорлайди. Шунингдек улар тиббиёт масканларида ҳам тарғибот ишлари олиб боришади. Бу амалиётларни қонун билан чеклаш керак", - дейди эксперт.
Мутахассис фикрига кўра, сектачиларнинг қирқ/ўн номли илмида - алоҳида хавф бор. улар Ер шарининг 40 ва 10 паралеллари орасидаги ерларда Инжилни тарғиб қилишни назарда тутади. Ушбу ҳудудга Марказий Осиё ҳам киради.
Секта фаолиятининг ижтимоий оқибатлари ҳам ачинарлидир - одамлар ўзларининг барча мулкларни сотиб сектага бериши ва фақат Инжил билан қолишни талаб қилади.
Сектачилар ҳеч ким - на католиклар, на православлар ва на мусулмонлар билан келиша олади. Бошқа дин вакилларини эса улар мутлақ тан олмайди, дейди мутахассис.
* Россия ва қатор давлатларда тақиқланган ташкилот