ТОШКЕНТ, 4 июн - Sputnik. Самарқандда масжидларга киритилмаган ўнлаб кар-соқовлар "Иегова шоҳидлари" сафига қўшилган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда айтилган.
Самарқанд қилояти ҳокими Эркинжон Турдимов Ўзбекистон президенти ташаббуси билан бугун мамлакатда диний бағрикенглик тамойили асосида барча дин вакиллари учун тенг имкониятлар яратилиб берилган бўлса-да, аммо бу имкониятларни суиистеъмол қилаётган айрим гуруҳлар "миссионер"га айланиб, ўзбекистонликларни ҳам ўзлари томон чорлаётганини айтган.
""Иегова шоҳидлари" ташкилоти ғоялари билан йўғрилган китоблар асосида йиғилишлар ўтказиб, миллатимиз бирдамлигига раҳна солишга интилмоқда. Иегова шоҳидларининг очиқдан-очиқ таъқиблари, хатти-ҳаракатларидан норози бўлаётган юртдошларимиз сони кескин ошмоқда. Маҳалла оқсоқолларида бундай оқимларга қарши туриш малакаси топиладими? Шундай вазиятда бу каби мурожаатларга нима деб жавоб беришни билишадими? Депутатлар, сиёсий партиялар вакилларида ҳафсала ва жасорат намоён бўладими?", - деб айтган Турдимов.
Вилоят бош имом-хатиби Эшонқулов, Самарқанд шаҳридаги Авлиё Георгий ибодатхонаси клириги А.Пономарёв, "Иегова шоҳидлари"дан озор чеккан фуқаро М.Каримов глобаллашув замонида бошқа динни тарғиб қилиш, самовий динларнинг барчасига зид бўлган ғояларни ёйиш, инсон қалби ва онгини забт этишга, ўз динидан воз кечишга қаратилаётган миссионерлик ҳаракати хавфи ўз долзарблигини йўқотмаганини таъкидлашган.
"Бир қарашда, ушбу мавзу бўйича кўп гапирганмиз, йиғилиш ва тадбирлар ўтказиб, мақола ва рисолалар чоп этиб, улар ҳаётидан олинган фильмлар яратган ҳолда юртдошларимизни миссионерликнинг аянчли оқибатларидан хабардор қилиб қўйгандекмиз, – Аммо эътиборсизлигимиз туфайли ўнлаб имконияти чекланган (кар ва соқов) юртдошларимиз «Иегова шоҳидлари»га қўшилиб кетишган. Чунки биз уларни масжидга киргизмаганмиз, муқаддас Ислом динимизда ўз эътиқодидан воз кечишлик муртадлик, кечирилмас гуноҳ эканлигини тушунтира олмаганмиз", - деб айтган Самарқанд вилояти имом-хатиби.
Вилоят раҳбари ғоявий-мафкуравий таҳдид сифатида давом этаётган миссионерлик фаолиятини ўз ўрнида англаш, улардан доимо огоҳ бўлиш, мазкур ҳаракатларни ўз вақтида бартараф этиш бўйича тегишли ташкилотлар зиммасига вазифалар юклаган.
Иштирокчилар ҳукмига "Иегова шоҳидлари: Манқуртга айлантириш санъати" номли видеофильм намойиш этилган.