ТОШКЕНТ, 29 июн — Sputnik. 28 июнь куни қўмитада "Иегова гувоҳлари" диний ташкилоти делегацияси — АҚШ даги бошқарув Кенгаши вакили К.Флодин ва Европа бирлашмаси вакили Л.Трапанезелар билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар қилди Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитаси матбуот-хизмати.
Учрашувни Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Ў.Ҳасанбоев олиб борган. Учрашувда, шунингдек, қўмита консультанти Б.Қодиров ва Чирчиқ шаҳридаги "Иегова гувоҳлари" диний ташкилоти вакили Н.Королевлар иштирок этганлар.
Учрашув давомида К.Флодин ташкил этилган учрашув ва берилган маълумотлар учун ўз миннатдорчилигини билдирди. Шунингдек, ўз ташрифининг асосий сабаби — ташкилот фаолиятига оид масалалар муҳокамаси эканини айтиб ўтди", — дейилган хабарда.
Ўтказилган суҳбат ниҳоясида делегация аъзолари қабулдан мамнун эканликларини изҳор этиб, томонлар келгусида ҳам бу каби мулоқотни давом эттириш мақсадга мувофиқлигини билдирганлар.
Учрашув ўзаро ҳурмат руҳида бўлиб ўтди, деб таъкидланган хабарда.