ТОШКЕНТ, 15 янв — Sputnik. Давлат дастури лойиҳасига киритилган Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш банди қизғин муҳокама қилинмоқда.
"Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили" давлат дастури лойиҳасининг 63-бандида ҳаётий муҳим миллий манфаатларнинг ташқи ва ички таҳдидлардан кафолатли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида "Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида"ги Ўзбекистон қонуни лойиҳасини ишлаб чиқилиши белгиланган.
2017-2021 Ҳаракатлар стратегияси портали давлат дастури лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасига (2018.strategy.uz) "Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш борасида кўплаб таклифлар ва фикр мулоҳазалар билдирилмоқда. Мазкур банд бўйича 22 та таклиф билдирилган.
Айрим муштарийлар МХХ ваколатларини қисқартириш масаласи бўйича қуйидагича таклифлар ёзишган:
Козимжон Латипов: "Фикримча, МХХ фақатгина ташқи хавфсизлик билан шуғулланиш керак. Уларнинг ваколатини ўта камайтириш керак".
"Миллий хавфсизлик хизмати айнан разведка, контрразведка, терроризм, давлатлараро уюшган жиноятчилик ва шунга ўхшаш катта миқёсдаги ҳаракатларни ўрганиш ва бартараф этиш билан шуғулланиши лозим. Коррупция, давлат мулкини талон тарож қилиш ва бошқа жиноий ишлар билан ИИВ, прокуратура органлари шуғулланиши лозим", — деб ёзган Меҳрож Усмонов.
Адхамжон Толаков: "Порахўрлик билан прокуратура ва милиция шуғуллансин. Нима МХХдан бошқаси порахўрликка қарши курашолмайдими? Қайси хабарни қарасанг, МХХ ходимлари порахўрни ушлаган бўлиб чиқади. А прокурор, милиция ушласа бўмайдими? Ҳамма ўзини ишини қилиши керакку. Ундан ташқари, чегара қўшинларини МХХдан олиб, Мудофаа вазирлигига қайтариб беришни кўриб чиқиш керак. МХХ ички ва ташқи разведка, контрразведка билан шуғулланаверсин, чегарани эса Мудофаа вазирлиги қўриқласин".
Анвар Бабақулов: "Ягона тергов органини ташкил этиш лозим. Яъни, ҳозир тергов ИИВ, прокуратура ва МХХдаги тергов бошқармалари томонидан олиб борилади. Шу сабабли, ушбу барча бошқармаларни бирлаштириш керак".
Маруфжон Нуруллаев: "МХХ бошқа давлат органлари билан вазифалари айнан бир хил бўлиб қолган, вазифаларини тартибга солиш камайтириш, такрорланувчи вазифаларни олиб ташлаш, тергов бўйича ягона орган очилиши".
Дилшодбек Хамрақулов: "МХХ раҳбариятини ҳар йил якуни билан хавфсизлик кенгашида ҳисобот бериши зарур. Шунингдек, МХХ идоралари томонидан вазирлик ҳамда йирик ташкилотлар тизимида жорий килинган режим хизматини тугатиш".
Бошқа муштарийлар эса МХХ ходимлар сонини камайтириш таклифларини ёзишган:
Фозил Фаттох: "МХХ ходимларини сонини камайтириш керак. Яна уларни майда чуйда ишларга аралишишларини тақиқлаш зарур. Халқ уларга шундай шароитни қилиб беряптими, демак улар халқимизга хизмат килишсин, акси эмас. МХХда коррупция кўп.Уларга ўта кўп ваколат берилган. Буни чеклаш керак. МХХ халкни хизматида бўлиши шарт. МХХни раисига, президентга мутлоқ буйсуниши нотўғри. Авваллари МХХ бир гуруҳ вакилларни ҳимоя килиш билан шуғулланди — бу нотўғри. МХХдан халқ қўркиш керак эмас, ишониш керак".
"Миллий хавфсизлик хизмати фуқаролар, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлаши керак! Кўпинча бу вазифани бажариш учун уларга тажриба, кўникма ва малака етишмаганга ўхшайди. Уларнинг профессионаллигини ошириш керак. Бизнинг аҳолида эса МХХ (ёки эскича СНБ) деса, фақат жазолаш органини тушунилади", — деб изоҳ ёзган Собиржон Алимқулов.
Фарход Абдураҳмонов: "Миллий хавфсизлик хизматининг асосий иш фаолияти разведка, контрразведка, давлатлараро уюшган жиноятчилик, ташқи таҳдид масалалари бўлишлиги яратилажак қонунда қатъий қилиб белгиланиши керак. Ушбу идоранинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий масалаларга аралашувини тўхтатиш лозим. Шунингдек, мазкур идорада ишловчилар сонини қисқартириш ва соҳада фақатгина етук, профессионал кадрлар фаолият кўрсатишларини таъминлаш зарур. МХХ янги қонунга кўра мақоми бўйича Олий Мажлисга бўйсунуви ташкилот сифатида белгиланса мақсадга мувофиқ бўлади".
Эслатиб ўтамиз, 22 декабрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига "Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисида"ги қонунларни ишлаб чиқиш ва қабул қилишни таклиф этганди.
"Миллий хавфсизлик хизмати идоралари бугунги кунгача 26 йил аввал ҳукумат тасдиқлаган Низом асосида фаолият кўрсатиб келмоқда. Бу Низомга чорак аср давомида тегилмаганлиги ва ҳар қандай оддий масала ҳам миллий хавфсизликка таҳдид деб баҳолаб келинганлиги ушбу идора ваколатларининг асоссиз кенгайиб кетишига сабаб бўлган. ",- деб таъкидлаган эди Мирзиёев.