ТОШКЕНТ, 12 янв — Sputnik. Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг чет давлатлардаги элчилари билан йиғилиш ўтказди. Президент ўз чиқиши давомида 2017 йилнинг ўзида ташаббуси ва натижадорлиги йўқлиги, сусткашлиги ҳамда йўл қўйган хатолари учун 10 нафар элчи вазифасидан озод этилганини маълум қилди.
"Мудраб ётган" дипломатлар
Ўзбекистон президенти нутқи аввалида дипломатлар фаолиятига батафсил тўхталди.
Аммо фаолияти бизни қониқтирмайдиган, ўз лавозимида узоқ ўтириб қолган, "мудраб ётган" дипломатлар кўпчиликни ташкил этади. Уларни уйқудан уйғотишнинг ўзи амримаҳол. Бу мени қаттиқ ташвишга солмоқда", — деди президент.
Мирзиёев фақат 2017 йилнинг ўзида ташаббуси ва натижадорлиги йўқлиги, сусткашлиги ҳамда йўл қўйган хатолари учун 10 нафар элчи, жумладан, Хитой, Япония, Туркия, Малайзия ва бошқа давлатлардаги элчилар вазифасидан озод этилганини айтди ва мажлис натижалари бўйича ҳам ўзгаришлар бўлишини қўшимча қилди.
Элчи қандай бўлиши керак?
Мирзиёев элчи Президентнинг хориждаги расмий вакили эканлигини, у давлатнинг ташқи сиёсатини самарали амалга ошириш учун тўлиқ масъул ва жавобгарлигини қайд этди.
Ўзи ишлаётган мамлакат ҳудудларига бевосита бориб, уларнинг бозор сиёсатини чуқур ўрганиши, бизнесменлар билан учрашиб, ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ташкил этиши даркор", — деди президент.
Мирзиёев Элчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг вакили сифатида чет давлатларда ва элчихона ходимлари орасида обрў-эътибор ва ҳурматга сазовор бўлиши кераклиги барча дипломатлар, ўзининг идоравий мансублигидан қатъи назар, элчининг хизмат топшириқларини сўзсиз бажаришга мажбурлигини айтди.
Сўз бугунги ўзбек дипломати ҳақида
Элчининг халқ, Ватан олдидаги бурчи ва вазифаси, унинг касб малакаси, маънавий дунёси ҳақида гапирар экан, Мирзиёев бугунги ўзбек дипломати, элчиси қандай хусусият ва фазилатларга эга бўлиши керак, деган саволни ўртага ташлади.
"Бунинг учун аввало "элчи" деган сўзнинг маъносига эътибор қаратиш ўринли бўлади. Бу сўз элнинг, халқнинг вакили, мамлакатларни бир-бирига боғлайдиган инсон, деган маънони англатиши ўз-ўзидан кўриниб турибди.
Бу ҳақиқат нафақат мамлакатимиз, балки дунё олимлари томонидан кенг эътироф этилган.
Бизнинг аждодларимиз орасидан машҳур ва моҳир дипломатлар, элчилар етишиб чиққани ҳақида кўплаб тарихий маълумотлар мавжуд.
Дунёдаги дипломатияга оид энг зўр китоблар ҳам аслида Шарқда, жумладан, бизнинг заминимизда яратилган десак, адашмаган бўламиз.
Шу ўринда бир мисолга эътиборингизни қаратмоқчиман. Самарқанд шаҳридаги қадимий Афросиёб давлати жойлашган макондан топилган ноёб деворий расмларни ҳаммангиз яхши биласиз. Ана шу расмларда Самарқанд ҳукмдорининг Хитой, Корея, Ҳинд, Чағаниён каби давлатлардан келган элчиларни қабул қилиш маросими акс эттирилган.
Бундан неча минг йил аввал яратилган бу сурат қадим замонлардаёқ юртимиз заминида дипломатик анъаналар шаклланганидан, ота-боболаримиз узоқ-яқин мамлакатлар билан дўст ва ҳамкор бўлиб яшашга интилиб келганидан далолат беради.
Ёки Амир Темур бобомиз ва темурийлар салтанатини оладиган бўлсак, ушбу сулола ҳукмронлик қилган йилларда ўлкамизда дипломатик муносабатлар нақадар юксак даражага кўтарилганига гувоҳ бўламиз.
Ташқи ишлар вазирлиги бунга эътибор қаратиб, ушбу масаланинг тарихий илдизлари, мустақиллик даврида ўзбек дипломатиясининг шаклланиш жараёнлари ҳақида алоҳида бир китоб тайёрлаб чиқарса, бу соҳа ходимлари, аввало, ёш дипломатлар учун муҳим қўлланма бўларди.
Бу вазирликка қанча одам раҳбарлик қилди. Лекин улардан биронтаси ҳам бунга аҳамият бермагани уларнинг фақат вақтинчалик кайфият билан ишлаганидан далолат беради.
Ваҳоланки, дипломатия, дипломатлик — оддий касб эмас, балки инсондан жуда кўп фазилатларни талаб этадиган ноёб санъатдир.
Ҳақиқий дипломат бўлиш учун фақат билим ва тажриба, чет тилларни билиш етарли эмас, бунинг учун аввало туғма талант керак. Энг муҳими, дипломат ҳақиқий ватанпарвар бўлиши, ўз халқи, ўз юртининг чинакам фидойиси бўлиши зарур.
"Элчи икки масалада ниҳоятда ҳушёр бўлиши зарур. У ўз давлатига садоқатини намоён этиш учун мамлакатнинг обрўси ва шаънини, шон-шуҳратини, салтанатнинг улуғворлигини ҳар жиҳатдан эҳтиёт қилиши лозим.
Шунинг билан бирга, у чет мамлакатлар билан бўладиган муносабатларда у ердаги дўстларнинг хайрихоҳлиги ва ғанимларнинг макр-ҳийласидан доимо огоҳ ва ҳушёр бўлиб туриши даркор".
Бу доно гапларга ҳеч қандай қўшимча қилишнинг зарурати йўқ, деб ўйлайман".
Элчи бўлса-ю…
"Лекин, ўзингиз айтинг, элчи деган одам ўзбек халқининг бой тарихини, маданиятини, миллий қадриятларини, ватандошларининг дарду ташвишларини яқиндан билмаса, уларни юрагидан ўтказмаса, қандай қилиб Ўзбекистонни дунёга танитиши мумкин? Дейлик, Алишер Навоийдан, Бобурдан, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовдан икки қатор шеър айта олмаса, энг ёмони, она тилимизни мукаммал билмаса, қандай қилиб ҳақиқий элчи бўлиши мумкин?
Бу одам шунча йилдан буён элчилик лавозимида самарали ишлаётгани, Жанубий Корея билан иқтисодий, инвестициявий алоқаларни жадал ривожлантираётгани албатта эътиборга лойиқ, лекин унинг халқимизга жуда катта ҳурмат билдириб, ўзбек тилида равон гапириши барча элчиларимизга ўрнак бўлиши керак.
Ўзингиз айтинг, Ўзбекистоннинг чет элдаги элчиси бўлса-ю, ўзбек тилини билмаса, бу халқимизга хиёнат эмасми?
Шу нуқтаи назардан қараганда, биз бу борада ҳали жуда кўп иш қилишимиз лозим. Биринчи навбатда миллий дипломатиямизни буюк аждодларимизнинг бизга қолдирган бой меросига асосланган ҳолда, дунёдаги ривожланган давлатлар тажрибаси, дипломатия фани ва санъатининг энг илғор ютуқлари билан бойитишимиз зарур.
Айни пайтда бугун замон олдимизга қандай кескин талаблар қўяётганини ҳаммамиз яхши тушунамиз.
Бундай ғоят мураккаб ва таҳликали шароитда биз кучли ташқи сиёсат олиб бормасдан туриб, кўзлаган мақсадларимизга эришолмаймиз.
Кучли, самарали ташқи сиёсат олиб бориш учун эса аввало кучли дипломатлар корпусига эга бўлишимиз керак.
Биз хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишда муҳим бир масалага эътибор қаратишимиз керак. Минг афсуски, ушбу масалага биз кўпинча иккинчи даражали иш, деб қарашга ўрганиб қолганмиз.
Мисол учун, агар Италиядаги элчимиз шу мамлакат ишбилармонларининг вакилларини йиғиб, буюк итальян шоири ва мутафаккири Алигьери Дантенинг "Илоҳий комедия" асарини бизнинг улуғ шоиримиз Абдулла Орипов таржима қилганини айтиб, ўзбекча дантехонлик уюштирса, биласизларми, нима бўлади? Уларда Ўзбекистонга ҳурмат, қизиқиш, ҳамкорлик қилишга интилиш пайдо бўладими-йўқми? Мен, ўйлайманки, албатта пайдо бўлади.
Мен Абдулла аканинг бир китобида шундай гапларни ўқиганман. У киши Италияга борганида "Ўзбекистондан Дантенинг таржимони келибди", деб турли партияларнинг вакиллари бир жойга тўпланиб, шоиримиз билан суҳбатлашган экан.
Ўшанда бир сиёсатчи Абдулла акага:
Мана, одамнинг юрагига қандай йўл топиш мумкин! Инсон қалбини, халқ қалбини аввало унинг маданияти, адабиёти ва санъатига, миллий қадриятларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш орқали забт этиш мумкин".