ТОШКЕНТ, 8 июн — Sputnik. Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги халқаро ташкилотлар бошқармаси раҳбари ўринбосари, мамлакат раҳбарининг қизи — Руҳшона Раҳмонованинг "Дипломатик хизмат асослари" номли китоби тақдимоти маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилди вазирлик матбуот-хизмати.
Тадбирда чиқиш қилганлар "Дипломатик хизмат асослари" китоби Тожикистон ташқи сиёсатидаги асосий сиёсий ва ҳуқуқий асослар баён этилган биринчи асар бўлганини таъкидлашган. Таъкидланишича, асарда Тожикистон дипломатиясининг стратегик мақсадларни амалга оширишдаги вазифалари, мамлакатдаги масалалар, Тожикистон Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа минтақавий ташкилотлар билан ҳамкорлиги тўғрисида тўхталган. Шунингдек, тожик дипломатиясининг қисқа тарихи ва Тожикистоннинг хориждаги ваколатхоналари ҳамда консуллик муассасалари ҳақида умумий маълумотлар келтирилган.
Китобга шунингдек, дипломатик хизмат ва халқаро муносабатларни тартибга солиб турувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда дипломатик терминларнинг қисқача луғати илова қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Тожикистон президенти тўққиз нафар фарзанд — етти қиз ва икки ўғилнинг отаси. Раҳмоннинг энг кенжа ўғли — Сомоний — мактабда ўқийди. 28 яшар Рустам Эмомали эса Душанбе мэри этиб тайинланган.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.