ТОШКЕНТ, 25 мар — Sputnik. Тожикистон президентининг қизи Озода Раҳмон дунёнинг энг омадли 100 аёли рўйхатига киритилди, деб хабар берди Спутник Тожикистон.
Хабарда айтилишича, АҚШ президенти Доналд Трамп ўз қизи Иванка учун Оқ Уйдан кабинет ажратиши бу ғояга туртки бўлган. Иванка эндиликда Трампнинг "кўзи ва қулоқлари" бўлиши айтилмоқда. Иванка Трамп Оқ Уйда расман ҳеч қандай амал эгалламасада, АҚШ президентига турли маслаҳатлар беради, деб ёзган нашр.
Сенатор ва маъмурият раҳбари
"Озода Раҳмон — Эмомали Раҳмон оиласининг раҳбарлик лавозимини эгаллаб турган ягона вакили эмас. Эмомали яқинда ўз кенжа ўғлини Душанбега мэр этиб тайинлаган эди. 2016 йилда Эмомали Раҳмон Озодани президент девони раҳбари этиб тайинлаган. Аёл бундан ташқари сенатор вазифасида ҳам фаолият юритади", — дейилади хабарда.
Озода Раҳмон турмуш ўртоғи Жамолиддин Нуралиев билан 5 нафар фарзандни тарбияламоқда. Нуралиев — Тожикистон Миллий банки раисининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлайди.
Бошқа давлатлардачи?
ВВС рўйхатидан шунингдек, Покистон Бош вазирининг қизи — Марьям Навоз, Россия президентининг қизи — Екатерина Путина, Туркия раҳбарининг кенжа қизи — Сюмийе Эрдўғон, африкалик биринчи миллиардер аёл — Изабел душ Сантуш (Анголанинг иккинчи президенти қизи), ва Куба президентининг қизи — Мариэла Кастролар ўрин олган.