ТОШКЕНТ, 28 ноя — Sputnik. Нима учун Жанубий Корея Ўзбекистоннинг азалий ҳамкорлари – Россия ва Хитойни суриб чиқарди ва АҚШдан ўзиб кетди – бу ҳақда Sputnik мухбири мулоҳаза юритади
Оқилона мўлжал
Жанубий Кореяга ташриф Шавкат Мирзиёев учун илк хорижий сафар эмасди. Президент бунга қадар минтақадаги асосий геосиёсий иштирокчилар – Россия, Хитой, АҚШ ва Туркияга ҳамда минтақа давлатлари – Қозоғистон, Туркманистон ва Қирғизистонга ташриф буюрганди. Барча ташрифлар давомида миллиардлаб долларлик лойиҳаларни амалга ошириш, савдо ва ҳамкорликнинг бошқа йўналишларини ривожлантириш бўйича келишувларга эришилди.
Аммо бу келишувларни илгаридан кутилган деб айтиш мумкин. Кўплаб ҳужжат имзолашни хуш кўрадиган Хитой ўз пулларини Ўзбекистон орқали ўз ишлаб чиқаришига қайта инвестиция қилишни кўзлаган. Масалан, Хитой компаниялари кичик ва ўрта ГЭСлар қурилиши билан шуғулланмоқда, геологик разведкани фаоллаштирмоқда, қурилиш материаллари, кимё ишлаб чиқариши соҳасида қўшма корхоналар ташкил этмоқда, "Хавфсиз шаҳар" тизими унсурларини яратмоқда.
Бунда бир нарсани тушуниш муҳим, ўзбек ҳукумати Хитойнинг юмшоқ иқтисодий истилосига эҳтиёткорона ёндошади ва шеригининг келажакда хўжайинга айланиб қолмаслиги учун ҳамкорлик йўналишларини ўзи белгилайди. Бундан ташқари, Хитой халқаро майдонда, хусусан, қўшнилар билан низоларда ўзини фаол намоён қилмоқда, Ўзбекистон эса ўзгаларнинг жанжалига аралашмасликни маъқул кўради.
Республика Россия билан муносабатларда янги уйғониш даврини бошидан кечирмоқда. Лекин ижобий ўсишни эътироф этган ҳолда яна бир нарсани қайд этиш жоиз, шимолдаги "катта оға"нинг ҳам ўз ташвишлари етарли. Шу боис у Ўзбекистонга зарур даражада восита ва эътибор ажрата олмайди. Бундан ташқари, Россияга ташриф давомида имзоланган аксарият шартномалар ортида давлат эмас, келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Россиядаги бизнесменлар турибди.
Жанубий Корея бу борада молиявий имкониятлар ва умумий менталитет ажойиб тарзда қоришган, кўплаб ижобий жиҳатларга эга бўлган мамлакат ҳисобланади.
Биринчидан, бу давлат Хитой, Россия, АҚШ ва Туркия каби глобал геосиёсий мақсадларни кўзламайди. Тўғри, кореяликларнинг ўз миллий манфаатлари мавжуд, лекин улар бошқа давлатларнинг ишларига аралашишмайди, дунёда яккаҳоким бўлишга ёки бошқа мамлакатларни иқтисодий қарам қилишга интилишмайди. Бу эса Ўзбекистоннинг Биринчи президенти Ислом Каримов миллий миқёсдаги стратегик лойиҳаларни амалга оширишни ишониб топширган ягона давлат нима учун айнан Жанубий Корея бўлганлигини тасдиқлайди. Каримов ҳамкор танлашда қанчалик эҳтиёткор бўлганлигини эса узоқ вақт давомида калта арқонда тутиб турилган ўша Туркия, Россия, АҚШ ва Хитой яхши билади.
Энг аввало модернизация
Жанубий Корея бугунги кунда Ўзбекистоннинг нафақат асосий инвесторларидан бири, балки миллий иқтисодиёт ва давлат бошқаруви тизимини замонавийлаштириш ва рақамлаштиришдаги етакчи ҳамкори ҳамдир.
Айнан Жанубий кореялик экспертлар мамлакат "электрон ҳукумати"ни қуришни бошлашганди ва бу ишни давом эттиришмоқда. Корея давлат бошқаруви ва хавфсизлик вазирининг биринчи ўринбосари Ким Нам Сок тўрт йил давомида республикада ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирининг ўринбосари сифатида, яна бир эксперт Ли Чул Су эса Тошкент ахборот технологиялари университети проректори сифатида фаолият кўрсатди.
Яқинда эса янги тайинловлар ҳақида маълум қилинди. Корея персонални ривожлантириш институти президенти Ким Ён Се Ўзбекистон бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг фахрий маслаҳатчиси бўлди, эксперт Жунг Сонг Чои эса қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази бош директорининг ўринбосари этиб тайинланди.
Буларнинг барчаси эса ўзбек ҳукумати кореяликларни давлат бошқарувининг асосий бўғинларига киритишдан қўрқмасликларини билдиради. Ва бу ҳамкорлик янада мустаҳкамланади, зеро айнан LG CNS Uzbekistan Ўзбекистон-Жанубий Корея қўшма корхонаси ўзбек жамияти ҳаётининг турли соҳаларини рақамлаштиришни модернизация қилиш бўйича қатор стратегик лойиҳаларни амалга оширади.
Корея Республикаси Ўзбекистоннинг Осиё-Тинч океани минтақасидаги етакчи савдо-иқтисодий ва инвестицион ҳамкорларидан бири ҳисобланади. 2016 йил якунларига кўра, икки мамлакат ўртасидаги товар алмашув ҳажми бир миллиард доллардан ошди. Жанубий Кореянинг Марказий Осиёдаги давлатлар билан товар алмашувида Ўзбекистоннинг ҳиссаси деярли 50 фоизни ташкил этади.
Жанубий Корея албатта барча молиявий ресурсларини бутун дунё бахтли бўлиши учун сочиб ташлашга тайёр хайрия ташкилоти эмас. У Ўзбекистонда нафақат ўз маҳсулотларини минтақа ва унинг ташқарисида сотиш учун таянчни, балки жадал Корея иқтисодиёти учун зарур хом ашё ресурслари ва ишчи кучини ҳам кўради.
Шу боис кореяликлар Ўзбекистонда кремний ва вольфрам конларида иш олиб боришмоқда, техник кремний ишлаб чиқариш бўйича иккита заводни ишга туширишди,"Саутбай" кони негизида вольфрам қазиш билан шуғулланадиган МДҲдаги энг йирик мажмуани қуришмоқда. Мирзиёевнинг ташрифи натижалари орқали кореяликлар янги лойиҳаларга эга бўлишди. Улар нафақат янги майдонларда нефт ва газ қидириш билан шуғулланишади, балки стратегик олтин конларини ўрганиш ва ишлаб чиқиш билан ҳам шуғулланишади.
Бундан ташқари, ўзбек уранини етказиб бериш бўйича ҳам савдо келишуви имзоланди. Томонлар келишув тафсилотларини маълум қилмади, лекин шуниси аниқки, у узоқ муддатли шартнома ҳисобланади. Ўзбекистон замонавий нефт-газ саноатининг яловбардори – Жанубий кореялик ҳамкорлар иштирокида бунёд этилган Устюрт газ-кимё мажмуасини ҳам унутмаслик лозим.
Меҳнат миграцияси йўналишидаги ҳамкорлик ҳам томонлар учун муҳим саналади. Ўзбекистон Жанубий Кореяга меҳнат мигрантларини жўнатиш ҳуқуқига эга кам сонли давлатлардан бирига айланган. 2007-2017 йилларда эркин ёллаш тизими бўйича 27 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари ушбу мамлакатга ишга жўнатилган. Ҳозирда Жанубий Кореяда 16,5 мингдан ортиқ ўзбекистонликлар меҳнат қилмоқда.
Кореяликлар Тошкент марказида қиймати 1,4 миллиард долларлик инновацион шаҳарча барпо этиши ҳам кўзда тутилган. Лойиҳа доирасида 60 гектардан ортиқ майдонда улкан мажмуа бунёд этилади. Бу ерда хусусан, юқори технологиялар асосида замонавий офис ва тураржой бинолари, кўнгилочар-савдо майдонлари қурилади.
Яна бир улкан лойиҳа эса минтақа ва МДҲ давлатлари бозорларини қамраб олиши режалаштирилган янги автомобиль заводи қурилишидир. Республикада Hyundai автомобиллари туркум ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади. Заводда кичик, ўрта ва оғир ҳажмдаги юк машиналари, шаҳар ичи, шаҳарлараро ва туристик автобуслар, махсус автомобиллар ишлаб чиқарилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 200 миллион долларни ташкил этади.
Маданий йўналиш
Ўзбекистон тақдир тақозоси билан кўплаб кореяликларнинг ватанига айланганлиги ҳам икки давлатнинг мустаҳкам муносабатларида ўзига хос аҳамиятга эга.
Ўзбекистон равнақида кўп сонли корейс диаспораси ҳам муҳим ўрин тутади, диаспора вакиллари орасида республиканинг ҳар икки палатаси аъзолари бор, давлат тузилмасидаги юқори лавозимларда ишлаб келишмоқда. Масалан, Валерий Тян Ўзбекистон Миллий авиакомпаниясини 15 йил давомида бошқарди, Агрепина Шин эса яқиндагина ташкил этилган Мактабгача таълим вазири этиб тайинланди. Умуман олганда, МДҲда энг йирик корейс диаспораси республикада бўлиб, уларнинг сони 180 минг кишидан ортиқ ва сони бўйича дунёда тўртинчи ўринда туради.
Бу факт маданий-гуманитар алоқалар ривожланишида муҳим аҳамият касб этади. Тошкентда Жанубий Кореянинг етакчи олий ўқув юртларидан бири – Инха университети фаолият кўрсатмоқда. Келгусида яна бир нечта – Инха университети Тиббиёт мактаби, Йожу технология университети ва бошқа ўқув даргоҳлари очилиши режалаштирилган.