ТОШКЕНТ, 21 ноя — Sputnik. Жанубий Кореянинг LG CNS компанияси ва Тошкент шаҳар ҳокимияти TOPIS — жамоат ва шаҳар транспортини бошқариш замонавий тизими киритиш лойиҳаси устида ишламоқда деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Пойтахт маъмуриятига кўра, томонлар ушбу мавзуда Жанубий Кореяда музокаралар ўтказган. Бугунги кунда ушбу тизим Сеулда ва собиқ Иттифоқнинг Боку ва Олма-Ота шаҳарларида муваффақиятли ишламоқда.
TOPIS – автоматлашган йўл ҳаракати назорат тизими, полиция, метеорологик хизматлар, шаҳар ягона такси хизмати ва хусусий шахслардан келиб тушаётган маълумотларни жамлаш хусусиятига эга. Улкан миқдордаги маълумотлар ягона вазиятлар марказига келиб тушади. Масалан, Сеулда ушбу ахборот базаси 400 дан ортиқ йўлларда, 3 мингдан ортиқ чорраҳаларда ўрнатилган камералардан ва 8 мингдан ортиқ автобуслардан келиб тушаётган маълумотлардан иборатдир.
“Тизим нафақат ҳосил бўлган транспорт тирбанликлари, балким бошқа фавқулодда ҳодисаларга ҳам тезкорлик билан чора кўриш имконини беради. У реал вақтда керакли огоҳлантиришларни аҳоли смартфонларига, интернет ва рақамли телевидениега узатиши мумкин. Шунингдек унинг ёрдамида йўл ҳаркати ва парковка қоидаларини бузган фуқароларни аниқлаш ҳамда светофорлар ишини бошқариш мумкин”, — деди ҳокимият вакили.
Сеул ҳам, Тошкент каби бир неча йил олдин трамвайлардан воз кечиб жамоат транспорти сифатида автобуслардан фойдаланишга ўтган эди. Бугунги кунда Сеул йўлларида автобуслар ҳаракати учун алоҳида йўлаклар ажратилган. Ундан ташқари барча автобуслар тўрт гуруҳга бўлиниб турли рангларга бўялган.
Тошкентда ҳам келажакда шундай ривожланиш йўлидан боради. Хусусан йўл ҳаракатида автобусларга устуворлик бериш режалаштирилган. Бу автобуслар ҳаракати тезлигини соатига 3-4 кмга ошириши ва ҳаракат интенсивлигини 10-12 %га ошириши керак.