ТОШКЕНТ, 11 ноя — Sputnik. Корея фуқароси жаноб ЖунгСонг Чои (JungSeong Choi) Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази бош директорининг ўринбосари этиб тайинланди.
Жаноб Чои UzNews.uzга берган интервьюсида Ўзбекистонни жудаям ёқтиришини айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ва Кореянинг маданият ва анъаналари ўхшаш бўлиб, бу унга Ўзбекистонда узоқ вақтдан бери ўзини қулай ҳис қилишига ёрдам бермоқда.
"Мен республиканинг иқтисодий ривожига, хусусан, капитал бозорига улкан ҳисса қўшишни истайман. Фикримча, бу бозор тез орада Марказий Осиёда етакчи ўринни эгаллайди", — деди жаноб Чои лавозимга тайинланганлигига изоҳ бераркан.
У мазкур лавозимда Ўзбекистон капитал бозорини фаоллаштиришни асосий вазифаси деб билади.
"Мамлакат раҳбари билан 27 октябрь кунги учрашувда менга республикада халқаро тажриба асосида фонд бозорини ривожлантириш ҳамда норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ва кадрлар тайёрлашни кенгайтириш бўйича "йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш топширилди", — деди у.
Жаноб ЖунгСонг Чои Ўзбекистон капитал бозорининг замонавий инфратузилмасини яратиш, янги молиявий воситаларни жорий этиш, миллий компаниялар имижини яхшилаш ва мамлакатнинг молиявий жозибадорлигини халқаро майдонда ошириш учун бор билим ва тажрибасини ишга солишини билдирди.