ТОШКЕНТ, 15 ноя — Sputnik. Ўзбекистонда буюк давлат арбоби, улуғ адиб, ўзбек халқининг 20-асрда етишиб чиққан мутафаккир фарзанди Шароф Рашидовга бағишланган "Ўчмас Шараф" монографияси нашрдан чииқарилди. Китоб сиёсий фанлар доктори Тўлқин Алимардонов қаламига мансуб.
…60-70 йилларда Шароф Рашидовнинг шахсан ташаббуси билан республикада йирик олтин қазиб ишлаб чиқариш саноати яратилади. Олтинни қайта ишлаб чиқариш фабрикалари, олтин саралаш комбинатлари, шунингдек, мис рудасини қайта ишлаш қайта ишлаш комбинатлари фойдаланишга топширилади.
Шу билан бирга, жаҳон андазаларига жавоб берадиган юқори сифатли олтин олинади. Лекин, бу бойликлар тўлалигича Марказга олиб кетилар, Ўзбекистонга эса ҳеч қандай нафи тегмас эди. Ўзбекистон ўз заминидан олинадиган бирорта бойликнинг хўжайини эмасди ва унинг неъматларидан мустақил фойдалана олмасди. Ўзбекистоннинг ҳаётий муҳим тармоқлари ва йирик корхоналарининг аксарият қисми (қарийб 70%), шу жумладан, рангли металлургия корхоналари бевосита иттифоқ вазирликларига бўйсунарди. Олтин, уран, рангли металлар ва бошқа фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва ташиб кетиш билан марказий органлар Ўзбекистон раҳбар органларининг розилигисиз ва уларнинг назоратисиз ўзлари шуғулланишар ва тасарруф қилишарди.
Олинадиган фойданинг арзимаган озгина қисмигина номига республика бюджетига ўтказиларди.
Ўзбекистонда олтин саноатини ривожлантириш ва шакллантиришда Ш.Рашидовнинг фидойилиги алоҳида ва муҳим саҳифалардан бири бўлиб ҳисобланади. Оқ олтин ўлкасидан ҳақиқий олтин саноатига ўтиш мураккаб, қарама қарши зиддиятлар билан кечган жараён ҳисобланади. Бугун бу ҳеч кимга сир эмас, Ўзбекистон олтин қазиб олиш бўйича етакчи давлатлар қаторига киради.
Аммо, ўша даврда Мурунтовда қисқа муддатларда юқори ўлчамли улкан заҳиранинг топилиши, ўнлаб олтин конларининг очилиши, республикада янги технологияларга асосланган индустриал соҳани вужудга келтиради.
Бу улкан жасоратга татигулик ишлар эди. Айримлар айтганидек, бу ишлар тасодифан вужудга келган соҳалардан эмас, унинг тагида мутахассисларнинг машаққатли меҳнати ётади. КПСС раҳбарияти Ўзбекистонни пахта тайёрлаш ўлкаси, деб тан олган шароитда уларни янги бир технологик жараёнлар талаб этиладиган соҳага жалб этиш мураккаб бўлган бир шароитда Ш.Рашидов бунинг уддасидан чиқади. Қолаверса, олтин қазиб олишнинг кон усули бу даврда амалда бўлмаган тажрибалардан бири бўлган. Сибирь ва Узоқ Шарқда олинадиган олтинлар қумдан тозалаб олишга ихтисослашган.
Республикада олтин қазиб олиш саноатини вужудга келтирган йирик мутахассислардан бири Аброр Қаҳҳоров оддий кон ишчисидан Зарафшон шаҳри партия ташкилоти раҳбари, Навоий, Маржонбулоқ олтин кони комбинатининг директори, Жаҳон иқтисоди ва дипломатияси Университети профессори вазифаларида фаолият кўрсатган амалиётчи ва олим. У ўз эсдаликларида Ўзбекистоннинг чўл ҳудудларида индустриал саноат барпо этилишининг асосчиси ва ташаббускори сифатида Ш.Рашидовнинг улкан хизматларини хотирлайди.
Муаллиф ўша даврда қандай туҳмат ва балолар ёғилганлигини кўрсатиш мақсадида айрим танқидий фикрларни келтиради:
— Рашидов ўзига тегишли бўлмаган ишга қўл урибди.
— аваллари бундай ташаббуслар учун отишга ҳукм қилинган.
— ўзбеклар олдинга чиқишни ташаббус қилаяпти.
— Мурунтов — бу ўлик туғилган бола.
— Мурунтов — бу авантюра, муаллифлар авантюристлар.
— ўзбекларда олтин заҳираси йўқ. Бунинг барчаси ёлғон!
Бу маломатларни йиғилишларда Шароф Рашидов босиқлик билан, эҳтиросга берилмай тинглар, изоҳ ҳам беришга уринмас эдилар. Фақат бир куни "Усмон Юсуповни бир пайтлар "Фарғона" канали учун авантюрист, деб айблашган эди, энди бу канал орқали давлат қанчадан-қанча пахта олаётганлигини кўриб турибмизку", деб айтган эдилар.
Мана шундай жараёнлар Шароф Рашидовни "олтин" масалалари билан боғлиқ ишларнинг мутахассисига айлантиради, у олтин конлари фаолияти борасида чуқур энциклопедик ва тарихий билимларга эга эканлиги билан барча Маркази раҳбарлари эътиборини қозонади.
Шундай қилиб, йилига 5 миллион тонна руда қазиб чиқаришга ихтисослашган олтин кони корхонаси қурилиш ишлари бошланади. 67-69-йилларда биринчи руда, тўққиз қаватли бинолар, мактаб, боғча, маданий-маиший муассасалар, аэропорт, темир йўл қурилиши, Амударёнинг сувларининг келтирилиши ва энг юқори кўрсатгичдаги 9999 рақамли биринчи тонна олтиннинг қуйилиши одамлар ишончини оширади. 21 июль 1969 йилда "Мурунтов" олтин қазиб олиш корхонаси қурилишининг тугалланганлиги тўғрисида маълумот беради.
Шу тариқа танқидчиларнинг "Мурунтовда олтин заҳиралари йўқ", деган башоратлари амалда исботини топмайди. Бу давр оралиғида геологлар олтин заҳираларини кўплигини яна бир бор исботлаб, руда олиш режасини икки бараварга — 10 млн тоннага оширишга эришадилар. Шундай қилиб, Қизилқум чўли марказида олтин қазиб олиш корхонаси вужудга келади. Бу ерда кейинчалик йилига 18 млн тонна руда ва ундан 50 олтин олишга эришилинади. Бу каби технологик корхона қуввати ва унинг тоза маҳсулоти дунёда йўқ ва бўлган ҳам эмас. Ш.Рашидовни КПСС МК минбарларида "Ўзбекистон СССРнинг валюта цехига айланган"лигини тан олиб, катта олқишлар билан қарши олишади.
Шароф Рашидов ҳаётлигида Олмалиқ корхонаси, олтин олувчи Чодак кони фабрикаси, Ангрен, Маржонбулоқ, Зармитан ва бошқа кўплаб кон ва фабрикалари очилади. Бу улкан ишлар натижасида Ўзбекистон бугун мустақиллик шароитида ҳам олтин қазиб олиш ва унинг сифати бўйича дунёда етакчи давлатлар қаторига киради. Бугун бу конлар бевосита ўзбек халқи фаровонлиги йўлида хизмат қилмоқда.