ТОШКЕНТ, 28 июл — Sputnik. Бош прокуратура Гулнора Каримова устидан очилган жиноят ишлари бўйича хабар берди.
Тергов материаллари бўйича ҳозирда 12 та хорижий мамлакатлар ҳудудида уюшган жиноий гуруҳнинг 1 млрд. 394,1 млн. АҚШ долл., 63,5 млн. евро, 27,1 млн. фунт ва 18,5 млн. франк миқдордаги легаллаштирилган маблағлари аниқланган, шу жумладан:
Швейцарияда — 777,8 млн. АҚШ долл. миқдорида пул маблағлари ва Колони шаҳрида нархи 18,5 млн. франк бўлган кўчмас мулк (вилла);
Швецияда — 30 млн. АҚШ долл. миқдорида пул маблағлари;
Буюк Британияда — 4,2 млн. фунт миқдорида пул маблағлари, Лондон шаҳрида умумий нархи 22,9 млн. фунтлик уй-жойлар, квартиралар ва виллалар;
Франциянинг Париж шаҳрида — квартиралар ва "Шато де Грусси" қасри, Сантропе шаҳрида — вилла (умумий нархи 52,5 млн. евро);
Латвияда — 16,5 млн. АҚШ долл. миқдоридаги пул маблағлари ва қимматли қоғозлар, Рига шаҳрида парк ҳудудидаги умумий нархи 9 млн. евро бўлган кўнгилочар марказ;
Ирландияда — 300 млн. АҚШ долл. миқдоридаги пул маблағлари ва қимматли қоғозлар;
Мальта оролида — нархи 48,8 млн. АҚШ долл. бўлган самолёт;
Германияда — 2 млн. евро миқдоридаги пул маблағлари;
Испанияда — 82 минг АҚШ долл. миқдоридаги пул маблағлари;
Гонконгда — 67 млн. АҚШ долл. миқдоридаги пул маблағлари, "The Arch" осмонўпар биносида нархи 15 млн. АҚШ долл. бўлган "пентхаус";
Бирлашган Араб Амирлигида — 32 млн. АҚШ долл. миқдоридаги пул маблағлари, 31,5 млн. АҚШ долл. миқдоридаги олтин ва олтин сертификатлари, Дубай шаҳрида умумий нархи 67,4 млн. АҚШ долл. бўлган "пентхаус", 2 та вилла ва 2 та меҳмонхона комплекслари аниқланган.
Ҳозирги кунда уюшган жиноий гуруҳнинг бошқа активларини аниқлаш ва уларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича тезкор-тергов тадбирлари давом эттирилмоқда.