ТОШКЕНТ, 3 ноя — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси хавфсизлик хизматида узоқ йиллар хизмат килган, мамлакатнинг уч раҳбари — Шароф Рашидов, И.Усмонхўжаев ва И.Каримовга тансоқчилик қилган — захирадаги полковник Садулло Муҳаммадқулов билан суҳбатимизни давом эттирар эканмиз, у кишидан ўттиз тўрт йиллик сирни очишни, яъни Шароф Рашидовнинг ўлими тўғрисида тўлиқроқ маълумот беришни сўрадик.
Шароф Рашидовичнинг вафотидан кейин бизнинг республикамиз шаҳарларида, бошқа республикаларда ва хусусан Москвада, у киши ўлимининг турли "тафсилотлари" ҳар хил бўёқлар билан бўялган ҳолда тарқатилди. Баъзилар оғзида у ўзини отди, бошқаларнинг айтишича заҳар ичиб ўлди, яна бошқа "инсон"ларнинг гапи бўйича қайсидир бир хорижий давлатга кетиб қолди.
Бу гаплар ҳатто ғарб давлатлари газета ва журналларида ҳам чоп этилди. Жумладан, республикамизнинг ўша вақтдаги янги демократик ташкилоти бўлиб ҳисобланган "ЭРК" партиясининг "ЭРК" рўзномаси ҳам ғарб давлатларидан бирида чоп этилган мақоладаги "тафсилотларни" кўчириб чоп этди. Маълумки, Ш.Рашидов ўлимининг эртасига республика газеталарида у кишининг оғир инфаркт касаллигидан кейин вафот этгани ҳақида махсус медицина комиссиясининг ахбороти берилган.
Бу маълумотни ўқиган ҳар бир киши албатта, қаттиқ қайғуга ботиб, шундай улуғ инсоннинг бизнинг орамизда йўқлигига ишонгиси келмасди. Чунки бир кун олдин телевидениенинг "Ахборот" дастурида Ш.Рашидовичнинг Хоразм вилоятидаги хизмат сафари ҳақида ахборот берилиб, унда Ш.Рашидовичнинг Урганч ва Хива шаҳарлари объектларидаги сафари ҳақида ҳикоя қилинган эди.
Шунинг учун бир кун олдин соғ-саломат юрган одамнинг бугун ўлганига ҳеч кимнинг ишонгиси келмасди.
Тақдир тақазоси билан мен Шароф Рашидович ҳаётларининг охирги 4 йилида кеча-ю кундуз ҳамроҳлик қилиб, уларга ўғиллари каби хизмат қилдим ва оиланинг яқин кишисига айландим, қолаверса ўлаётган вақтларида ўғиллари ўрнига ўғиллик вазифасини бажардим.
Юқорида қайд этилган миш-мишларнинг нотўғрилиги ва ноўринлигини кўрсатиб, Ш.Рашидович умрининг охирги кунлари ҳақида ўз кўзим билан кўрганларимни ҳикоя қилмоқчиман.
— Шароф Рашидович 1973 йилда бир марта инфаркт бўлганлар. Шунинг учун, уларнинг рафиқалари ҳамиша вилоятлар ва бошқа шаҳарларга бўладиган сафарларига ҳамроҳлик қилар эдилар. Лекин камтарин инсон бўлганликлари учун ҳеч қачон протокол бўйича уларнинг иштироклари талаб қилинмаган расмий тадбирларда қатнашмас эдилар.
— 1983 йилнинг сентябрида Шароф Рашидович Иттифоқ делегациясининг раҳбари сифатида Эфиопияда сафарда бўлган эдилар. Эфиопия денгиз сатҳидан жуда баландда бўлгани учун, тиббиёт таомилига асосан ҳар бир раҳбар Эфиопияга келгандан кейин камида 2 соат горизонтал ҳолатда дам олиши ва адаптация муддатини ўтиши керак бўлган. Аммо, Шароф Рашидович камтаринлик қилиб, вақтлари камлигидан дам олмаганлар. Бу эса узоқ муддат самолётда учиш жараёнидан кейин юрагига ва саломатлигига салбий таъсир қилган.
— Эфиопиядан Москвага, ундан кейин ишлар кўплигидан, дам олмасдан, Тошкентга учиб келганлари, кўп ўтмай яна Москвага 3-4 кунга мажлисга бориб келганлари ҳам маълум даражада ёмон таъсир қилган эди.
— 24 — октябрда Тошкент-Урганч,
— 26 — октябрда Урганч-Тошкент,
— 28 — октябрда Урганч-Тўрткўл-Урганч маршрутлари бўйича самолётда учишлар ҳам Шароф Рашидов саломатлигига салбий таъсир кўрсатган.
— 24-30 — октябрь кунлари Шароф Рашидович автомашинада ҳар куни эрталаб соат 9 дан кечқурун соат 8-9 гача 250-300 км йўл босиб, аввалига Хоразм вилояти районларини, кейин Қорақалпоғистон районларини айланиб, район фаоллари билан мажлислар ўтказдилар. Бу албатта 66 ёшга кирган, катта жисмоний ва ақлий кучни талаб қиладиган ишда ишлаётган инсон учун чидаб бўлмас юк эди.
Кўрсатилган сабаблар, яъни ўзини ўйламасдан, топширилган вазифани аъло даражада бажариш, камтаринлик қилиб ҳамма юкни ўз зиммаларига олиш ва халқининг обрў-эътибори учун ўзини қурбон қилиш унинг ўлимига сабаб бўлувчи оқибатларни келтириб чиқарди.
Шароф Рашидович бошқа ҳамкасбларига ўхшаб йилда икки марта дам олмагани, пахта йиғим-терими сиёсий масала эканини тушунганлиги, қолаверса ўз ишига фидойилиги туфайли Москванинг Марказий шифохонасида эмас, балки майдонда — хизмат сафари вақтида ўзи яшайдиган вагонда жон берди.
Жуда кўпчилик Шароф Рашидовичнинг ўлимига Гейдар Алиев билан бўлган суҳбат сабаб бўлган, деб гап тарқатишди. Бу ҳам нотўғри.
Мен ўша куннинг ўзида айтилган программа бўйича бутун системани хабардор қилдим. Эртасига Г.Алиев бошчилигидаги таркибида В. Долгих, В.Терешкова бўлган делегацияни кутиб олдик. Меҳмонлар резиденцияда жойлашгандан кейин овқатланишди. Кейин махсус программага асосан Тошкент метрополитени, "Халқлар дўстлиги" съездлар саройи ва бошқа объектларни томоша қилдилар. Шароф Рашидовичнинг ўзлари ҳамроҳлик қилганлари учун мен ҳам уларнинг суҳбатларига гувоҳ бўлганман. Улар сиёсий, иқтисодий ва бошқа муаммоларни муҳокама қилдилар.
Г.Алиев ва Ш.Рашидович ўртасида ҳамиша дўстлик муносабатлари мавжуд эди. Чунки уларнинг бундан аввалги бир неча учрашувлари (Тбилиси, Ереван ва Москвада) дўстона руҳда ўтганига гувоҳ бўлганман. Шароф Рашидович Г.Алиев билан кечки овқатдан кейин хайрлашиб машинага ўтирганларида кайфиятлари жуда яхши эди, чунки одатдагидай "қани мулла Садулло "Маяк"ни қўйинг янгиликларни эшитайлик", — деб илтимос қилдилар. Эртасига 27 октябрь эрталаб соат 7-00 да Г. Алиев бошчилигидаги делегацияни Вьетнамга жўнатиб Шароф Рашидов 8-00 да Андрей Громыко ҳамроҳлик қилаётган Финляндия делегациясини Марказкомда қабул қилдилар. Соат 11 ларда биз Дўрмонга қайтаётганимизда Шароф Рашидов менга "мулла Садулло бугун соат 17-00 да Урганчга учамиз, биз билан бирга учасиз, биласиз-а? " — деб сўрадилар.
Мен ҳамма топшириқларини бажарганлигим ва учишга тайёргарлик кўрилгани ҳақида ахборот бердим. Программа бўйича 27 октябрь кечкурун 17-00 да ЯК-40 самолётида Урганчга учдик. Шароф Рашидовичнинг саломатлиги, кайфияти яхши эди, аммо қаттиқ чарчаганлари билиниб турарди. Ўша куни кечқурун ўзларининг ёрдамчилари Крайнов Георгий Алексеевич билан анча ҳужжатлар устида вагондаги салон-меҳмонхонада ишладилар ва соат 23 ларда дам олиш учун ётоқхоналарига кириб кетдилар. Ҳаво салқин бўлгани ва чарчаганликлари учун сайр қилгани вагондан чиқмадилар.
28 октябрь куни эрталаб соат 9-45 да автомашинада бориш узоқ бўлгани учун, Як — 40 самолётида Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл, Беруний ва Элликқалъа районлари хўжаликларидаги пахта йиғим-терими ишлари билан танишиш учун Тўрткўл районига учиб кетдик. У ерда Обкомнинг биринчи котиби К.Камолов, Средазирсовхозстрой бошлиғи Н.Р.Хамраев ва автоном республиканинг бошқа раҳбарлари кутиб олдилар.
Аэропортда раҳбарлар билан қисқа суҳбатдан кейин мутасадди кишилар билан бирга хўжаликларни кўриш учун чиқиб кетдик.
28 октябрь куни Шароф Рашидович чарчаганлигига қарамасдан, автоном республиканинг Тўрткўл, Элликқалъа ва Беруний районларининг пахта майдонларини кўриб чиқди. Ҳар бир хўжалик раиси, бригада бошлиқлари, механизатор ва бошка мутахассислар билан суҳбатлашиб керакли маслаҳатлар ва топшириқларни берди.
Бундан ташқари, ҳар бир районнинг олдиндан белгиланган хўжалигида, район активлари билан суҳбатлашиб, уларга пахта планини бажаришда кўрсатаётган жонбозликлари учун миннатдорчилик билдириб, республика пахта хирмонига иложи борича кўпрок пахта топширишларини улардан илтимос қилиб сўрар эди. Активда қатнашганларнинг саволларига жавоб берар, мавжуд муаммоларни ўша ернинг ўзида, агар иложи бўлмаса Тошкентдаги керакли раҳбарларга телефон орқали топшириқ бериб ҳал қилар эди.
Шу куни Элликқалъа колхозларидан бирида пахта теришга ҳашарга чиққан оқсоқоллар билан суҳбат қилиб, улардан халқнинг кайфияти, хол-аҳволи ва камчиликлари ҳақида сўради. Оқсоқоллар қишлоқлардаги вазият, халқнинг кайфияти ва ҚҚАССР нинг пахта топширишда иккинчи ўринда кетаётганидан хурсанд бўлиб гапирдилар. Одатдагидай 3-4 кишининг яшаш шароитидаги камчиликлар ҳақида оқсоқоллар гапириб бердилар. Биз бу камчиликларни ёзиб олдик ва Шароф Рашидович мутасадди раҳбарларга топшириқ бергандан кейин, оқсоқолларга бу топшириқларнинг бажарилишини шахсан ўзи контрол қилишга ваъда берди. Одатда Шароф Рашидович қайси вилоятга бормасин, оқсоқоллар билан албатта суҳбатлашар, уларнинг маслахатларини олар ва керакли ҳақиқатни улардан билиб олар эди. Улардан тушган шикоят ва аризаларнинг ижросини шахсан назоратга оларди.
Шу куни кечкурун 18-00 да Урганчга самолетда қайтдик.
29 — октябрь куни Шароф Рашидович Урганч ва Хива шаҳарларининг баъзи объектларини, ҳамда Хива районининг хўжаликларини кўриб чиқди.
Ўша куни кечқурун Шароф Рашидович мени чақириб, "30 октябрда Урганчда вилоят партия комитетининг Пленуми бўлади. Биз Пленумни ўтказиб кечқурун Нукусга етиб борамиз. Сиз, ука, вагонларни Нукусдаги темир йўл тупигига жойлаштириб, керакли ишларни бажариб, бизларни кутиб оласиз", — деб топшириқ бердилар.
30 — октябрь куни эрталаб Шароф Рашидович Хоразм вилояти партия комитетига жўнаб кетдилар. У кишига ёрдамчилари Г.А.Крайнов, вилоят партия комитетининг 1-котиби М.Худойберганов ва бир ойдан бери хос соқчи бўлиб ишлаётган А. Филатов хамроҳлик қилиб кетдилар.
Соат 17-20 да Шароф Рашидович К.Камолов ҳамроҳлигида Амударёнинг пантон кўпригидан ўтиб Гурлан-Амударё-Нукус маршрути билан "тупик"га келдилар. Амударё районининг Крупская номли колхозида тушлик овқатни еганлар. Чарчаганларига қарамай Гурлан ва Амударё районларининг хўжаликларини кўриб чиққанлар.
Тупикга келганларидан кейин вагонда қудалари Калибек Камолов ва унинг хотини Любовь Семеновна билан соат 18 дан 19 гача суҳбатлашиб ўтиришди. Ҳаммаларининг кайфиятлари яхши эди. К.Камалов хотини билан чиқиб кетаётганда эртанги программа ва маршрутларни Шароф Рашидович билан келишиб олди. Улар кетгандан кейин Шароф Рашидович одатдагидек рафиқалари билан сайр қила бошладилар. У кишининг ёрдамчилари Обкомдан келиб Шароф Рашидович билан қисқа суҳбатлашди.
Шундан кейин Шароф Рашидович ва Хурсанд Ғофуровна узунлиги 50-60 метр бўлган йўлакка сайр қилишда давом этди. Йўлакда 2 марта охиригача бориб келгандан кейин учинчи марта 15 метрлар юриб Шароф Рашидович бирдан тўхтаб Хурсанд Гафуровнага бошлари қаттиқ оғрий бошлаганини айтдилар.
Хурсанд Ғофуровна мендан дарров 2 та стул олиб чиқишни сўрадилар. Вагонлар ёнида 3-4 минут ўтиргандан кейин, ранглари оқариб пешаналари терлай бошлади. Шунда мен тезда врачни иккинчи вагондан чақирдим ва ҳаммамиз Шароф Рашидовични қўлтиғидан суяб вагонга олиб кирдик.
Қилинган уколлар ва берилган дорилардан кейин Шароф Рашидовичнинг аҳволи анча яхшиланди. Тошкентдан тиббий гуруҳ келгунига қадар врач 3 марта Шароф Рашидовичнинг қон босимини ўлчаб юракларини кардиограмма қилди. Қон босими борган сари пасайиб кардиограммада ҳар гал янги ўзгаришлар пайдо бўлаётган эди. Соат 19-40 да Шароф Рашидовичнинг бош оғриғи яна кучая бошлаганда керакли уколларни такроран қилди. Шундан кейин Шароф Рашидович ухлади. Аммо ярим соатдан кейин яна безовта бўла бошлади.
Тошкентдан врачлар етиб келгандан кейин, зарур бўлган текширишларни яна бир марта ўтказишди ва врач қўйган диагнозни тасдиқлашди. Яъни Шароф Рашидович иккинчи марта инфаркт касалига йўлиққан эди. Врачлар маслаҳатлашгандан кейин Шароф Рашидовичга яна бир неча уколлар қилинди. 1983 йилнинг 31 октябрь кечаси соат 1 ларга бориб Шароф Рашидович анча тинчландилар.
Лекин чап қўллари оғриётгани ва совуқ қотаётганини айтдилар. Хурсанд Гафуровна ва мен Шароф Рашидовичнинг қўлини навбат билан силаб иситиб турдик. Соат 1-30 да Шароф Рашидович менга врачларни вагонда жойлаштириб, овқатлантиришни илтимос қилдилар. Мен у кишининг топшириқларини бажариб ахборот бердим. Шароф Рашидович тирсаклари оғриётганини айтганда врачлар яна бир неча укол қилишди.
Соат 2 ларга якин Шароф Рашидович чап қўли билан юрагини силаб қўйди. Бир неча минутдан кейин у киши жуда безовта бўлди. Мен дарров Тошкентдан келган врачларни чақирдим.
Улар Шароф Рашидовичга кислород етишмаётганини айтишди.
Мен врач билан маслахатлашиб кечқурун "тез ёрдам" машинасида ҳамма керак бўладиган жиҳозлар ва дори дармонларни вагон олдига тайёрлаб қўйган эдим.
Шароф Рашидович аввалига камтаринлик билан кислород шлангини ўзлари ушлаб ётдилар. Кейин мен илтимос қилиб у кишининг қўлидан кислород шлангини олиб кислород бериб турдим. Вақти-вақти билан Шароф Рашидович сўраганда кўк чой бериб турдик. У киши 2 марта оз-оздан қусди. Соат 3-30 ларда Шароф Рашидович қаттиқ йўтала бошлади ва нафас олишларида хириллаш пайдо бўлди. Соат 4 ларга қадар кислород Шароф Рашидовичнинг нафас олишига ёрдам бериб турди. Лекин соат 4 дан кейин кислород миқдорини кўпайтирганда ҳам у кишига ҳаво етмас эди.
Соат 4-12 да Шароф Рашидович сув сўрадилар. Мен дарров у кишига илиқ кўк чой бердим. Бир қултум чой ичиб "раҳмат" дедилар. Мен яна озроқ ичишни сўраган эдим, у киши яна озрок ичиб "раҳмат ука" деб миннатдорчилик билдирди.
Шундан кейин Шароф Рашидович Хурсанд Ғофуровна билан 5-7 минут касаллиги тўғрисида гапириб турди. Кейин безовталаниб ҳушидан кетди. Врачлар у кишига керакли дори дармонлар қилишди. Доктор Б.П.Наумов Шароф Рашидовичнинг юрагини массаж қилиб сунъий нафас олдиришга кўп ҳаракат қилди. 4-30 ларда дефибриляторни ишлатдик, лекин ўзгариш бўлмади. 4-55 ларда яна ишлатдик, фойда бермади. Шундан сўнг бевосита юракка укол қилишди, аммо бу ҳам фойда бермади. Соат 5-02 да Шароф Рашидовичнинг ҳаётдан кўз юмганини айтишди. Мен чиқиб Г.А.Крайновга маълум қилганимдан кейин у киши МК котиби О.У.Салимовга, Хурсанд Ғофуровна қизлари Дилором Шарафовнага ва мен Давлат Хавфсизлик Комитетининг раиси В.А.Головинга Шароф Рашидовичнинг дунёдан ўтганлиги ҳақида хабар бердик.
Эрталаб соат 7 ларда Шароф Рашидовичнинг ўғли Илҳом Шарафович ҳам етиб келди. Мен Шароф Рашидовичнинг иякларини боғлаб чойшабларга ўрадим ва бошқалар билан бирга тиббий носилкага қўйиб соат 8-30 да ТУ-134 самолётида Тошкентга учдик. Икки соатдан кейин соат 10-20 да Тошкентга етиб келдик.
Шароф Рашидовичнинг жасади қўйилган микроавтобус ичида Бюро аъзолари мендан бўлиб ўтган воқеалар ҳақида сўрадилар. Мен уларга охирги икки кунда бўлиб ўтган воқеалар ҳақида гапириб бердим. Шароф Рашидович жасадини Г.Лопатин кўчасидаги уйларига олиб келдик.
ТашМИ ректори академик У.Орипов бошчилигидаги махсус тиббий гуруҳ Шароф Рашидовичнинг жасадини ёриб у киши ўлимининг сабаблари ҳақидаги маълумотномани ёзди ва эртасига медицина-экспертиза хулосалари матбуотда эълон қилинди".