ТОШКЕНТ, 16 сен — Sputnik. Шароф Рашидов таҳсил олган бош биноси пештоқига ўрнатилган ёдгорлик лавҳаси очилди, деб хабар қилди Ўзбекистон Ҳукумати портали.
Шароф Рашидов кейинчалик вилоят, республика идораларида раҳбарлик лавозимларида ишлаган пайтларида ҳам қадрдон университетига тез-тез келиб турган. Устозлари, дўстларини йўқлаган, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатган.
Самарқанд давлат университетида ташкил этилган маънавий-маърифий тадбирда ўзбек халқининг севимли фарзанди ана шундай хотиралар билан ёдга олинди.
Вилоят жамоатчилиги вакиллари, пойтахт ва Жиззах вилоятидан келган меҳмонлар, шоир ва ёзувчилар иштирок этган тадбирда Ўзбекистон президентининг 2017 йил 27 мартдаги "Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида"ги қарорига кўра мамлакатда ушбу сана муносабати билан кенг кўламли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилаётгани таъкидланди.
"Самарқандда Шароф Рашидов бормаган, бу инсоннинг эътибори билан обод этилмаган маҳалла, қишлоқ йўқ, десак, муболаға бўлмайди, — дейди "Нуроний" жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими раиси Ҳ.Нормуродов. — Айниқса, у киши олис қишлоқларда аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш, одамларнинг оғирини енгил қилишга алоҳида эътибор қаратган. Вилоятимиздаги кўплаб чекка қишлоқларда у кишининг ташаббуси билан замонавий турар жойлар, таълим ва тиббиёт муассасалари бунёд этилган".
Тадбирда Шароф Рашидовнинг қизи, Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги Полимерлар кимёси ва физикаси институти директори, академик Сайёра Рашидова отаси хотирасини абадийлаштириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг бошида турган Ўзбекистон президентига миннатдорлик билдирган.