ТОШКЕНТ, 28 мар – Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100-йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Ушбу қарор атоқли давлат арбоби, таниқли ёзувчи Шароф Рашидовнинг ёрқин хотирасини улуғлаш ҳамда таваллудининг100-йиллигини муносиб нишонлаш мақсадида қабул қилинган.
“Республикамизни жуда мураккаб ва оғир йилларда бошқариб, юртимиз тараққиёти йўлида фидокорона хизмат қилган, ижтимоий ва ижодий фаолияти билан миллий адабиётимиз ва маданиятимиз ривожига катта ҳисса қўшган атоқли давлат арбоби, таниқли ёзувчи Шароф Рашидовнинг ёрқин хотирасини улуғлаш ҳамда таваллудининг100-йиллигини муносиб нишонлаш мақсадида”, — дейилган қарор матнида.
Хусусан, Олий Мажлис Сенатининг қарорига мувофиқ Жиззах вилоятининг Жиззах туманига Шароф Рашидов номи берилади ва у ерда унинг хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуаси ва ҳайкали қурилади. Шунингдек, ёш авлодни Шароф Рашидовнинг ҳаёти билан яқиндан таништириш учун Жиззах шаҳрида унинг мемориал уй-музейини ташкил этиш ва музей ҳудудини ободонлаштириш ишлари амалга оширилади.
Шунингдек, Шароф Рашидовнинг ҳаёти ва ижтимоий-ижодий фаолияти ҳақида ҳужжатли филм яратилади. 2017-йил ноябр ойининг биринчи ўн кунлигида Жиззах ва Тошкент шаҳарларида Шароф Рашидов таваллудининг 100-йиллигига бағишланган хотира кечасини ўтказилади.
Шароф Рашидовнинг 100-йиллигини нишонлаш билан боғлиқ тадбирлар Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва бошқа ОАВлар томонидан кенг ёритиб борилади.
Таниқли адиб, йирик давлат арбоби Шароф Рашидов 1917 йилнинг 6 ноябрида Жиззах шаҳрида, деҳқон оиласида таваллуд топган.
1941 йилда Самарқанд Давлат университетини тугатиб муаллим ва мухбир сифатида фаолиятини бошлаган. 1941-1942 йилларда урушда қатнашади. 1950-1959 йилларда Ўзбекистон Олий Кенгаши раёсатининг раиси, 1959-1983 йилларда Ўзбекистон Компартияси марказқўмининг биринчи котиби бўлиб ишлайди. Шароф Рашидов 1983 йилнинг кузида вафот этган.
Шароф Рашидов қобилиятли бошқарувчиликдан ташқари ўз даврининг кўзга кўринган ёзувчиси ҳам бўлган. Адибнинг «Ғолиблар», «Бўрондан кучли», «Қудратли тўлқин» «Кашмир қўшиғи» каби асарларида ўзбек халқининг урушдан кейинги тикланиш йилларидаги меҳнат жасорати бадиий ифодасини топган.