ТОШКЕНТ, 26 окт — Sputnik. Ўзбекистон ва Туркия президентлари Шавкат Мирзиёев ва Тойиб Эрдўғон ўртасида ўтказилган музокаралар якунида икки мамлакат ўртасида ҳамкорликнинг турли соҳаларига доир 20 дан зиёд ҳужжат имзоланди, деб хабар қилди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Музокаралар давомида Шавкат Мирзиёев ва Тойиб Эрдўғон давлат раҳбарларининг Қўшма баёнотини имзоладилар.
Шунингдек, савдо, саноат, банк-молия, инвестиция, туризм, юк ташиш, соғлиқни сақлаш, кадрлар тайёрлаш, мудофаа ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга доир қатор ҳужжатлар қабул қилинди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Мирзиёев ва Эрдўғон музокаралар ўзаро англашув ва ҳурмат руҳида ўтганини, имзоланган ҳужжатлар Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги узоқ истиқболли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.
Ўзбекистон Туркияга нима етказиб беради?
Ўзбекистон кенг турдаги саноат маҳсулотлари, трансформаторлар, кабель ўтказгичлар ва бошқа электротехника товарлари, полимерлар, мис ва мис маҳсулотлари, минерал ўғитлар, ип-калава, мева-сабзавот, қайта ишланган озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотларни экспорт қилиши мумкин. Шу мақсадда Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон — Туркия ҳукуматлараро комиссияси мажлисларини мунтазам йўлга қўйиш муҳимлиги қайд этилди.
Ўзбекистонда Туркиянинг етакчи компаниялари иштирокида қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш, энг аввало, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарида минерал ва хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш асосида юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил қилиш рағбатлантирилади.
Энергетика ва фойдали қазилмалар, жумладан, қайта тикланадиган энергия, энергияни тежаш ва углеводородлар соҳаларида ҳамкорлик имкониятларини ўрганиш ҳамда тажриба алмашиш қўллаб-қувватланди.
Транспорт ва логистика
Икки давлатни бир-бири билан боғлайдиган транспорт йўлакларини кенгайтириш савдо-иқтисодий алоқалар ривожида муҳим омил бўлиши қайд этилди. Икки мамлакат ҳудуди орқали ўтувчи халқаро транспорт йўлакларининг рақобатбардошлиги ва жозибадорлигини ошириш мақсадида транзит тарифларини мақбуллаштириш ва преференциялар тақдим қилишга келишиб олинди.
Мунтазам парвозлар сони оширилади
Мирзиёев ва Эрдўғон Самарқанд ва Истанбул шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри парвозларни йўлга қўйиш бўйича эришилган келишувни мамнуният билан қайд этиб, фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳамкорликни изчил ривожлантириш, мунтазам парвозлар сонини ошириш ва янги парвозларни йўлга қўйиш тарафдори эканликларини тасдиқладилар.
Ўзбекистон ҳам, Туркия ҳам туризм соҳасида улкан имкониятларга эга. Бу салоҳиятдан тўла фойдаланиш, сайёҳлар алмашинувини ошириш улкан иқтисодий самара беради.
Ўзбекистон президенти томонидан яқинда қабул қилинган Туркия фуқаролари учун виза тартибини соддалаштиришга оид қарори бу борада муҳим қадам бўлди. Қарор асосида тадбиркорлик ва сайёҳлик мақсадида Ўзбекистонга боришни истаган Туркия фуқаролари учун визалар тез ва осон тақдим этилади.
Терроризмга қарши кураш соҳасида ҳамкорлик
Туркия ва Ўзбекистон БМТ, ШҲТ, МДҲ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро тузилмалар доирасида ҳам самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар бўйича томонларнинг позициялари бир-бирига ўхшаш ёки яқиндир.
Президентлар минтақавий ва халқаро даражада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш истагида эканликларини таъкидлаб, кўп томонлама тузилмалар доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга интилишларини билдирдилар.
Томонлар халқаро терроризм, диний экстремизм, ноқонуний миграция, наркотикларнинг ноқонуний муомаласи, трансмиллий уюшган жиноятчилик, шунингдек, бошқа таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашишда икки томонлама ва кўп томонлама тузилмалар доирасида ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳимлигини таъкидладилар.
Фан, таълим, маданият соҳаларига алоҳида эътибор қаратилди
Туркия Ўзбекистонда буюк алломалар меросини ўрганиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашишга қаратилган ташаббуслар ва амалий ишларни юқори баҳолайди.
Самарқандда бунёд этилаётган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Тошкентда ташкил қилинаётган Ислом цивилизацияси маркази бу борада улкан аҳамият касб этади. Олимлар ва илмий марказлар ўртасидаги алоқалар, маънавий ва маданий меросни биргаликда ўрганишга қаратилган лойиҳалар икки халқ дўстлигини янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшиши таъкидланди.
Музокаралар якунида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорликнинг турли соҳаларига доир 20 дан зиёд ҳужжат имзоланди.