ТОШКЕНТ, 25 окт — Sputnik. Каппадокия университети ўқитувчиси, профессор Ҳасан Али Қорасарнинг эътирофича, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Анқарага ташрифи тарихий бўлади ва у икки мамлакатнинг келгуси беш-ўн йиллик муносабатлари йўналишини белгилаб беради.
"Ҳозирда икки давлат ўртасидаги товар айланмаси 1,3 миллиард долларни ташкил этади. Анқара ва Тошкент беш йил ичида ушбу кўрсаткични беш, кейинги 10 йилда эса 10 миллиард долларгача оширишни режалаштирмоқда", — деди Қорасар "Анадолу" агентлигига.
У Туркия президенти Ражаб Тоййип Эрдўғон ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев тўрт марта музокаралар ўтказганини қайд этди. Туркия раҳбарининг Самарқандга ташрифи вақтида икки томонлама муносабатларни фаоллаштириш ҳақида қарор қабул қилинди, тегишли йўл харитаси тайёрланди.
Профессор шунингдек, Эрдўғон ўзбекистонлик ҳамкасби билан Пекин, Остона ҳамда Нью-Йоркда бўлиб ўтган йирик миқёсдаги халқаро тадбирлар доирасида учрашувлар ўтказганига эътибор қаратди. Бу эса, унинг фикрича, Туркия келажакда Ўзбекистонга алоҳида аҳамият қаратишини билдиради.