ТОШКЕНТ, 25 окт – Sputnik. Бугун Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркия президенти Таййип Эрдўғоннинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Туркияга жўнаб кетди, деб хабар қилмоқда президент матбуот хизмати.
Хабарда айтилишига кўра, Шавкат Мирзиёев Анқарада олий даражадаги музокараларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш, глобал ҳамда минтақавий таҳдид ва хатарларга қарши биргаликда курашиш масалаларини муҳокама қилади ҳамда халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашади.
Ўзбекистон делегатсияси, шунингдек, Истанбул шаҳрига ҳам ташриф буюради.
Ташриф якунлари бўйича давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти қабул қилиниши, турли соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, жумладан, Ўзбекистон ва Туркия ишбилармон доиралари ўртасида ўзаро манфаатли алоқалар учун қулай шароитлар яратиш, сайёҳлар алмашинуви ва маданий-гуманитар алоқаларни фаоллаштиришга қаратилган кўплаб ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.