ТОШКЕНТ, 4 окт — Sputnik. Кеча, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, бош вазир ўринбосари, тегишли идора ва вазирликлар вакиллари иштирокида туризмни ривожлантиришга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда президент матбуот хизмати.
Йиғилишда сўзга чиққан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев туризм соҳасини янада ривожлантириш кераклиги ҳақида гапирди.
"Туризм — иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бири. Мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда, ушбу тармоқни янада такомиллаштириш зарур, буни даврнинг ўзи тақозо этмоқда", — деди Шавкат Мирзиёев.
"Ўзбекистон ҳам саёҳат, ҳам зиёрат учун қулай мамлакат. Чунки она заминимизда бутун дунёга маълум ва машҳур бўлган аждодларимиз мангу қўним топган. Улар қолдирган бой маънавий-маданий меросга халқаро майдонда қизиқиш жуда катта. Соҳани янада ривожлантириш учун, аввало, зарур инфратузилмани такомиллаштириш шарт. Биринчиси, транспорт, иккинчиси логистика", — деб сўзини давом эттирди Ўзбекистон раҳбари.
Нима ишлар қилинди
2016-2017 йилларда Ўзбекистон ҳукумати томонидан соҳани янгилаш ва ривожлантиришга доир муҳим чора-тадбирлар қабул қилинди. "Ўзбектуризм" миллий компанияси ўрнига Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташқил қилинди ва туризм соҳасини янада такомиллаштириш мақсадида 16 та янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Улар, жумладан, туризм соҳаси субектларига сезиларли солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда бошқа енгилликларни ўз ичига олган.
Стандартлаштириш бўйича халқаро ташкилот (ИСО) талабларига мос келишини таъминлаш мақсадида туризм терминологияси ва меҳмонхона хўжаликлари хавфсизлиги талаблари бўйича янги 2 та давлат стандарти ишлаб чиқилди ва рўйхатдан ўтказилди.
Ундан ташқари, Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хоразм вилоятлари ҳамда Хива ва Шаҳрисабз шаҳарлари ҳокимларининг туризм масалалари бўйича ўринбосарлари лавозими жорий этилди.
Хоразм, Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё, Жиззах ва Фарғона вилоятларида туризм инфратузилмасини яхшилаш, янги сайёҳлик йўналишлари ташкил этиш ҳамда ҳудудларнинг туризм салоҳиятини кенг тарғибот қилишга қаратилган дастурлар қабул қилинди.
Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида сайёҳлар учун куну тун фаолият кўрсатувчи, ҳар бирининг ҳудуди 10 гектардан иборат "Қадимий Бухоро" ва "Самарқанд сити" туризм ҳудудларини барпо этиш бўйича ишлар бошлаб юборилган.
Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ, Паркент ва Оҳангарон-Ангрен туризм кластерлари ҳудудларида меҳмон уйларини ташкил этиш бўйича комлпекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилди ва бугунги кунда амалиётга жорий этилмоқда.
Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонга ушбу йилнинг 9 ойи ичида 1,8 млн сайёҳ келган. Бу 2016-йилнинг 9 ойига нисбатан 17 %га кўп, лекин туризм соҳаси вакилларига кўра йил охирига қадар сайёҳлар сони 2,5 миллиондан ошиши кутилмоқда.
Келажак режалари
Келажакда Ўзбекистонда туризмнинг янги йўналишлари очиш ва мавжудларини ривожлантириш мақсад қилинган. Хусусан, алпинизм, отда, туяда, велосипедда саёҳат қилиш, офф-роад сайёҳатлари, балиқ ови, рафтинг, хелиски, геотуризм, таълим туризми, тиббий туризм каби йўналишлари оммавийлаштирилмоқда.
Шавкат Мирзиёв Европа, осиё ва бошқа қитъалардан Ўзбекистонга келаётган туристлар учун махсус дастурлар ишлаб чиқиш ва чартер рейслар ҳамда темир йўл қатновлари сонини кўпайтириш ҳақида ҳам сўзлади.
Шунингдек, президент туризм ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибасини мукаммал ўзлаштириш, ички туризмни ривожлантириш, сайёҳлик обектларини такомиллаштириш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Ўзбекистон раҳбари келажакда сайёҳликни мавсумий эмас, балки йил давомида даромад манбаига айлантириш, хорижий ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, сайёҳларни жалб қилишда янгича усул ва ёндашувлардан самарали фойдаланиш борасида топшириқлар берди.