TOШКЕНТ, 11 июл — Sputnik. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 2017-2019 йилларда Самарқанд шаҳри ва Самарқанд вилоятининг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш тадбирлари Дастурини тасдиқлади.
Дастурга кўра, Самарқанд шаҳри ҳудудида хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда замонавий меҳмонхоналар, коттежлар, кўнгилочар ва савдо марказлари, шунингдек амфитеатр, турли миллатлар таомларини тайёрлайдиган ресторанлар, кафелар, боулинг марказлари, караоке-бар, сувенир дўконлари ва бошқа туризм инфратузилмаларини ўз ичига оладиган "Samarkand сity" туризм ҳудуди яратилади.
Туризм инфратузилмаси объектларида банкомат ва терминаллар ўрнатган ҳолда махсус эсдалик совғалари шохобчалари шаҳар кўчалари бўйлаб тақсимланади, бутунжаҳон Интернет ахборот тармоғидан фойдаланишга кенг имконият яратган ҳолда туристлар гавжум жойларда Wi-Fi ҳудудлари ташкил этилади.
Бундан ташқари, Самарқанд туманидаги Республика эшкак эшиш канали ҳудудида йил бўйи спорт ўқув-машғулотларини ўтказиш шарт-шароитига эга бўлган замонавий спортзал, спорт майдонлари, ёпиқ бассейн, шунингдек, меҳмонхоналар ва коттежлар мажмуи ҳамда бошқа дам олиш инфратузилмасини ўз ичига олган спорт-соғломлаштириш ва туризм-дам олиш ҳудуди барпо этилади.
Вилоятнинг қатор туманларидаги зиёратгоҳ, мажмуа ва археологик ёдгорликлар реставрация қилинади ва ободонлаштирилади.
Самарқанд шаҳрида миллий либослар намойиш қилинадиган "Эл мероси" театри қурилади.
Дастурда Самарқанд тумани ҳудудида туризм тоифасидаги автобуслар учун тўхташ жойи ва гараж, техник хизмат кўрсатиш устахонаси ҳамда ҳайдовчиларни жойлаштириш учун меҳмонхона ҳамда ошхона қуриш кўзда тутилган.
Самарқанд шаҳрига авиарейслар ва тезюрар "Афросиёб" электропоезди қатновлари сони кўпайтирилади, шаҳарнинг тарихий ҳудудида сайёҳларга хизмат кўрсатувчи ихтисослаштирилган ташкилот ташкил этилади, туристик намойиш объектларига олиб борадиган автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш йўли билан транспорт хизмати яхшиланади.
Дастурга киритилган тадбирларни биргаликда молиялаштириш мақсадида хорижий инвестициялар, донор мамлакатларнинг, халқаро молия институтларининг кредитлари ва грантлари жалб этилади.
"Samarkand city" туризм зонаси ва эшкак эшиш канали ҳудудидаги спорт-соғломлаштириш ва туристик-рекреацион ҳудудида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари, шунингдек инвестиция компаниялари ер, даромад, юридик шахсларнинг мол-мулк, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, микрофирма ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўловлари, Республика йўл жамғармаси ҳамда Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасига мажбурий тўловлардан 2020 йил 1 январгача озод қилинади.