Эсен Шишкараев
2016 йил охирида Андижон ва Ўшда бўлиб ўтган расмий делегациялар учрашувларидан сўнг жорий йил бошида кўплаб экспертлар ўзбек-қирғиз муносабатлари жадал суръатларда ривожланишини кутишганди. Воқеалар тезлик билан ривожланадиган туюлганди, аммо бир оз вақт сукунат юзага келди. Мамлакатлар бўлиб ўтган жараёнларни "ҳазм қилиши" ва навбатдаги қадамларни ўйлаб олишлари керак эди.
Сўздан амалий иш сари
Йиллар давомида шаклланган вазиятни бир соат ичида ўзгартириб юбориш осон эмас. Зеро кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш, тегишли фармон ва фармойишлар бериш — хуллас, барча бюрократик "анъана ва удумлар"га риоя қилиш лозим.
Аслида икки республика ҳукуматлари энг асосий муаммо — чегаралар демаркацияси ва делимитацияси борасида мураккаб ишни амалга оширдилар. Томонлар ўртасидаги сўнгги келишувлар бу масалада сезиларли равишда олға қадам ташланганлигидан гувоҳлик бериб турибди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов апрел ойидаёқ "Қирғизистон билан ҳамкорликнинг кўплаб йўналишлари бўйича олдинга қадам ташладик. Хусусан, чегаралар демаркацияси ва делимитацияси каби қийин, нозик масалада ҳам. Бугунга келиб деярли минг километр чегарани белгилаб бўлдик", деганди.
Дарҳақиқат, умумий узунлиги 1370 километрни ташкил этувчи ўзбек-қирғиз чегарасининг 58 участкасидаги атиги 300 километр масофагина келишилмади. Тошкент илгари кузатилмаган равишда айрим ён беришларга рози бўлмоқда, Бишкек эса ўз навбатида муаммоларни ҳал қилишни ортга сурмаяпти. Қирғизистон бош вазири Сооронбай Жээнбеков баҳорда "Улар (ҳукуматлараро комиссия вакиллари — таҳр.) барча чегаралар бўйлаб пиёда юриб аниқлашмоқда" деганди.
Муз ҳақиқатан ҳам жойидан кўчгани ойдинлашди. Бўлиб ҳам, нафақат чегараларни демаркация қилиш, балки фуқароларнинг чегараларни кесиб ўтишлари борасида ҳам. Яқиндагина чегараолди низолари сабаб тез-тез тўқнаш келган давлатлар учун бу олдинга ташланган катта қадамдир.
Тўрт ой ўтиб-ўтмай Бишкекка Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов расмий ташриф билан келди. Сооронбай Жээнбеков билан учрашувда бир нечта келишувларга эришилди. Икки давлат ўртасидаги муносабатлар ҳеч қачон бу даражада юқорига кўтарилмаганди. Гап шундаки, саккиз йил давомида илк марта Бишкекда икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссияларнинг йиғилиши бўлиб ўтди, чегараларни делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича делегациялар учрашуви ҳам 2009 йилдан буён илк бор бўлиб ўтди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликни фаоллаштиришга ҳамда йил давомида мамлакатлар ўртасидаги товар алмашув ҳажмини икки бараварга оширишга тайёр эканликларини билдирган томонлар сўздан амалий ишга ўтишдан чўчимасликларини кўрсатишди.
Ўзгаришлар сезилмоқда
Шу билан бирга ҳар икки томон чегарачи ва божхоначиларининг ўзаро суҳбатларда яна бир оз вақтдан сўнг ўзаро муносабатлардаги ўзгаришларни ҳар бир фуқаро сезиши мумкинлиги ҳақида айтишса-да, Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегарадош вилоятлари орасида ўзгаришлар кузатилмоқда. Икки республика халқлари орасидаги қалин муносабатлар 2010 йилда чегарадн ўтиш тартибининг кескинлашгани боис узилиб қолганди ва одамлар бу муаммо ҳал бўлишини кутишмоқда.
Ўш ва Жалол-Ободдаги бозорлар эса ўзгаришларни баҳордаёқ сезди. Бу бозорлар "made in Uzbekistan" маҳсулотлари: ўйинчоқлар, пластмасса маҳсулотлар ва бошқа халқ истеъмоли моллари билан тўла бошлади. Аммо буларнинг аксарият қисми ҳозирча контрабанда кўринишида келтирилмоқда.
Чегараларнинг очилиши биринчи навбатда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги савдо муносабатлари ривожланишига катта туртки беради. 2010 йилга қадар айрим ўринларда иқтисодиётларимиз чамбарчас боғлиқ бўлганлиги сир эмас. Қирғизистон Ўзбекистондан арзон, лекин малакали ишчи кучи кириб келишига тайёр туриши керак. Бундан ташқари, қўшни республикадан арзон қишлоқ хўжалик маҳсулотлари кириб келиши биринчи навбатда маҳаллий фермерларни қийин аҳволга солиб қўяди. Бошқа тарафдан, бизнинг тадбиркорларимиз Ўзбекистоннинг йирик бозорига киришлари мумкин бўлади.
"Ўзбекистондан минерал ресурслар, пахта хомашёси, автомобилсозлик маҳсулотлари, тиббий ашё ва дори-дармонлар сотиб олишга тайёрмиз. Ўз навбатида Қирғизистон ҳам Ўзбекистонга озиқ-овқат ва қайта ишлаб чиқариш саноати маҳсулотлари, гўшт-сут ҳамда тўқимачилик ва бошқа маҳсулотларни экспорт қила олади", — дея таъкидлаганди Жээнбеков.
Хусусий тадбиркорлар ва тижорат тузилмалари эртагаёқ муносабатларни тиклашга тайёр. Улар бир-бирлари билан қўнғироқлашишяпти ва қачонлардир узилган алоқаларни тиклашяпти — демак, ҳар икки республика аҳолиси ўз ҳукуматларига ишонишмоқда ва улардан аниқ қадамларни кутишяпти.
Келишувлар шу йил охирига қадар амалга ошишига умид қилиб қоламиз. Қирғизистон жанубида Тошкент чегараларни очиш учун Қирғизистонда сайловлар бўлиб ўтишини кутмоқда, деган миш-мишлар юрибди…