TOШКЕНТ, 16 август — Sputnik. Қирғизистон Ўзбекистондан автомобиллар сотиб олишдан манфаатдор, деди Қирғизистон ҳукумати раҳбари Сооронбай Жээнбеков Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов билан икки томонлама ҳамкорлик бўйича қирғиз-ўзбек ҳукуматлараро комиссияси йиғилишида. Бу ҳақда Sputnik Қирғизистон хабар қилди.
Жээнбековнинг айтишича, комиссиянинг сўнгги йиғилишидан буён орадан саккиз йил вақт ўтган. Шу боис Қирғизистон Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатидаги устуворлиги Марказий Осиё эканлиги ҳақидаги сўзларини илиқ қарши олди.
"Қирғизистон билан ҳамкорликни фаоллаштириш учун қулай муҳит яратилди, масалан, Умумий имтиёзлар тизими плюс (ВСП+) ёки Евроиттифоқ ва ЕОИҲ бозорларига божсиз чиқиш каби. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича "йўл харитаси"ни қабул қилиш зарур. Биз икки халқнинг ривожланиши тўсиқ ва чекловлар олиб ташланишига боғлиқ деган хулосага келдик", — деди Қирғизистон бош вазири.
Бош вазирнинг сўзларига кўра, у ва унинг ўзбекистонлик ҳамкасби чегарадаги ўтказиш пунктларини очиш, транзит юкларини ўтказиш ва ўзаро лойиҳалар яратиш зарурлигини эътироф этишган.
"Маҳсулот айирбошлаш 1,8 бараварга ошди, лекин шу билан чегараланиб қолмоқчи эмасмиз. Биз Ўзбекистондан минерал ресурслар, пахта хомашёси, автомобилсозлик маҳсулотлари, тиббий ашё ва дори-дармонлар сотиб олишга тайёрмиз. Ўз навбатида Қирғизистон ҳам Ўзбекистонга озиқ-овқат ва қайта ишлаб чиқариш саноати маҳсулотлари, гўшт-сут ҳамда тўқимачилик ва бошқа маҳсулотларни экспорт қила олади. Барча тўсиқ ва чекловларни олиб ташлаш бўйича иш олиб бориш зарур", — деди Жээнбеков.
У икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш бўйича давлат органлари фаол иш олиб бораётганлигини қўшимча қилди.