TOШКЕНТ, 25 июл — Sputnik. Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртлари битирувчиларини танлаб олиш ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимига ишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги қарори эълон қилинди.
Низомга кўра, олий ўқув юрти ва касб-ҳунар коллежлари битирувчилари вазирлик тизимига мутахассисликлари бўйича қуйидаги тартибда танлаб ишга олинади:
Табиий хусусиятли фавқулодда вазиятлар профилактикаси ишларини олиб бориш мутахассислигига олий ўқув юртларининг табиий таълим йўналишларидан бирини, техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар профилактикаси ишларини олиб бориш мутахассислигига олий ўқув юртларининг техника-технология таълим йўналишларидан бирини битирган бўлиши керак.
Радиацион, кимёвий ва биологик (бактериологик) муҳофазаси ишларини олиб бориш мутахассислигига олий ўқув юртларининг физика (ядро физикаси), кимё, кимё-технология, биология, биология-кимё, тиббиёт, радиология, санитар-эпидемиология, геофизика йўналишлари битирувчилари қабул қилинади.
Моддий-техник таъминот, захира ва қурилиш йўналишидаги мутахассисликларга эса олий ўқув юртларининг енгил ва озиқ-овқат саноати, иқтисодиёт, автомобиль, қурилиш йўналишлари битирувчилари қабул қилинади.
Улар муддатли ҳарбий хизматни ўтаган бўлиши керак.
Касб-ҳунар коллежлари битирувчилари эса мутахассис-қутқарувчи лавозимига (дезинфекция инструктори, дозиметрист, газдан қутқарувчи ва шу каби барча қутқарувчи лавозимларига) қабул қилинишда ёши 18 дан кичик 30 ёшдан катта бўлмаслиги, бўйи 175 смдан кам бўлмаслиги, жисмонан бақувват, руҳан соғлом, мустақил фикр юритадиган бўлиши, шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланган ҳолда заҳарли моддалар билан, шунингдек, соғлиғига кўра баландликда ишлашга яроқли бўлиши, муддатли ҳарбий хизматни ўтаган бўлиши керак.
Низомда келтирилишича, қутқарувчи-ҳайдовчи лавозимига ишга кирувчилар камида "ВС" тоифали ҳайдовчилик гувоҳномаси, ҳайдовчининг тиббий кўрикдан ўтганлиги бўйича махсус маълумотномаси бўлиши ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари ва шартли белгиларни мукаммал билиши зарур.
Ғаввос-қутқарувчи лавозимига қабул қилинадиганларга Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-гигиена ва касб касалликлари илмий-тадқиқот институти томонидан сув остида ишлашга рухсат берилган бўлиши керак.
Низомда шунингдек, ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртлари ўқувчи, талабаларини танлаб ишга қабул қилиш тартиби, қутқарувчи лавозимларига номзодларни танлаб олиш шартлари, тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати кўрсатилган.