ТОШКЕНТ, 25 май — Sputnik. ФВВ 2017 йил 23-25 май кунлари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида қўмондонлик штаб-ўқув машқлари ўтказилмоқда. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ўқув машғулотларининг асосий мақсади, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида зилзила ва унинг иккиламчи омиллари натижасида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш бўйича шаҳар ва вилоят бошқарув органлари куч ва воситаларининг ҳаракатларини мувофиқлаштириш ҳисобланади.
Машқларга ФВВ, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти шаҳар ва туман ҳокимликлари, коммунал соҳа, жамоат тартибини сақлаш, тез тиббий ёрдам, автотранспорт хизматлари ҳамда ҳудудлардаги маҳалла аҳолисининг бир қисми жалб этилди.
Ўқув машқига жалб этилган куч ва воситаларни бошқариш мақсадида Тошкент вилояти Ўртачирчиқ тумани Янгитурмуш МФЙ, Педагогика касб-ҳунар коллежи ҳудудида асосий бошқарув пункти ҳамда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги Технология касб-ҳунар коллежи ҳудудида ёрдамчи бошқарув пункти ташкил этилди.
Шунингдек, 23 май куни Тошкент шаҳри Яккасарой туманида жойлашган саноат ҳудудида ва "Тошкент ИЭС" ОАЖида, Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманидаги Темир-бетон маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхонасида ҳамда "Иккиламчи қора металларни қабул қилиш" корхонаси Ангрен филиалида зилзила оқибатида содир бўлиши мумкин бўлган табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш, вайрон бўлган биноларда қидирув-қутқарув ишларини олиб бориш бўйича махсус-тактик ўқув машқлари ўтказилди. Ушбу машқларга жами 250 нафар ходим ва 50 та автотехникалар жалб этилди. Мазкур қўмондонлик штаб-ўқув машқлари 25 май кунлари ҳам давом этади.
Бундан ташқари, 2017 йилнинг 23 май куни Андижон вилояти ФВВ томонидан "Қутқарув отряди" Андижон шаҳридаги "Андижон Индустриал-педагогика касб-ҳунар коллежи"да "Қутқарув отряди"нинг авария-қутқарув, сувда-қидирув, радиатсион, кимёвий ва биологик (бактериологик) муҳофаза махсус асбоб-анжомлари ва улардан фойдаланиш бўйича кўргазмали машғулот ўтказилди. Ўтказилган амалий ўқув машғулотида коллежининг 50 нафар ўқитувчи ва 900 нафар ўқувчилари иштирок этди.
Ўқув машқининг мақсади, табиий хусусиятли фавқулодда вазиятлар юз берганда мактаб ўқувчиларининг тўғри ҳаракат қилишга доир билим ва кўникмаларини оширишдан иборат бўлди. Шу билан бирга, тадбир иштирокчиларига зилзилани симулясия қилиш машқи намойиш этилди. Бунда "Ёш қутқарувчи" кўнгиллилар клублари аъзолари ўқувчиларни эвакуатсия қилган ҳолда жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатишди ва амалий маҳоратларини оширдилар.
Тадбир сўнггида, қутқарув отрядининг замонавий асбоб-анжомлари кўргазмаси бўлиб ўтди.
Бизнинг Telegramдаги ўзбекча каналимизга обуна бўлинг ва энг янги хабарларни биринчи бўлиб ўқинг.