ТОШКЕНТ, 24 июл — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 2017 йил 14 июлдаги буйруғи билан ички ишлар органлари ходимлари учун муомала маданиятини ошириш чоралари белгилаб берилди, деб хабар қилди Ўзбекистон ИИВ матбуот-хизмати.
Ҳужжатга кўра қуйидаги вазифалар белгилаб қўйилди:
муомала маданиятига риоя этиш ички ишлар органлари ходимларининг касбий фаолиятини ва хизматдаги хулқ-атворини баҳолашнинг асосий мезонларидан бири ҳисобланади;
ички ишлар органига ёки аниқ бир ходимга мурожаат қилган ҳар қандай шахс зудлик билан қабул қилиниши ва эътибор билан тингланиши шарт;
ички ишлар органларининг барча даражадаги раҳбарлари ўз ходимларини қўполлик ва лоқайдликка нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш руҳида тарбиялашлари, ўзаро ва фуқаролар билан қўпол муомалада бўлиш ҳолатларига қатъий муносабат билдиришлари ҳамда хулқ-атвор ва муомала маданиятлари билан ўзлари шахсий намуна кўрсатишлари зарур.
Ички ишлар органлари ходими:
ҳар доим аҳоли кўз ўнгида эканлигини ҳамда ички ишлар органларининг обрўси унинг хулқ-атворига ва хатти-ҳаракатларига бевосита боғлиқ эканлигини ҳамда ички ишлар органларига мурожаат қилган ҳар бир фуқарога ёрдам кўрсатиш аҳолида ички ишлар органи фаолияти тўғрисида ижобий фикрни шакллантиришини ёдда тутиши;
ички ишлар органларига олиб келинган ҳар бир инсон шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга эканлигини ёдда тутиши ва айбсизлик презумпцияси принципига амал қилиши;
фуқаролар билан мулоқотда сансалорликка йўл қўймаслиги ҳамда бевосита ўз ваколатлари доирасига кирмайдиган мурожаатлар юзасидан фуқароларни тегишли раҳбар ёхуд малакали масъул ходим билан боғлаши;
ички ишлар органларига чақирилган (олиб келинган) фуқарога биринчи навбатда ўзини таништириши, унга нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиши, унинг чақирилиши ёхуд йўлда тўхтатилиши сабабларини тушунтириб бериши, унинг савол ва тушунтиришларига нисбатан эътиборли бўлиши, унга тааллуқли масалага оид қонун ҳужжатлари нормаларини таништириши, башарти фуқаро такроран чақирилган ҳолларда уни зудлик билан қабул қилиши ҳамда ички ишлар органлари билан ҳамкорлик қилганлиги учун миннатдорлик билдириши зарур.
Ходимлар учун қуйидагилар қатъиян ман этилади:
ўзини фуқаролардан устун қўйиш, уларга нисбатан беписанд муносабатда бўлиш ёки қўполлик қилиш, ёлғон гапириш ёхуд бошқа асоссиз баҳоналар билан уларни чалғитиш;
жисмоний шахслар мурожаатларини кўриб чиқишдан бўйин товлаш ёки кўриб чиқишни асоссиз рад этиш;
хизмат зарурати билан ички ишлар органларига чақирилган (олиб келинган) шахсларни асоссиз куттириб қўйиш;
хизматни олиб бориш вақтида, шунингдек хизмат кийимида спиртли ичимликлар истеъмол қилиш
Ички ишлар органларига мурожаат қилган ҳар бир фуқаронинг муаммосини атрофлича ўрганиш ва ўз ваколати доирасида қонуний ҳал этиш ҳар бир ходимнинг хизмат бурчи эканлиги ҳам ушбу буйруқ орқали белгилаб қўйилди.