ТОШКЕНТ, 10 дек — Sputnik. "Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ўзлари томонидан қонунни бузиш билан боғлиқ ҳар қандай ҳолатга принципиал баҳо берилади ва қатъий чора кўрилади", — деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24 йиллиги муносабати билан сўзлаган нутқида.
"Бунга ҳеч кимда шубҳа бўлмаслиги керак", — деб таъкидлади Ўзбекистон президенти.
Мирзиёев, шунингдек, энг аввало маҳалла имкониятларидан кенг фойдаланиш, профилактика инспекторларининг иш самараси ва масъулиятини ошириш, улар учун муносиб хизмат ва турмуш шароитини яратиб бериш чораларини кўриш лозимлиги ҳақида эслатиб ўтди.
"Биз "Адолат – қонун устуворлигида" деган тамойил асосида жамиятимизда қонунга ҳурмат, ҳуқуқбузарлик ҳолатларига муросасизлик ҳиссини кучайтиришга қаратилган ишларимизни жадал давом эттирамиз", — деб қайд этди у.
"Жамият ривожига ғов бўлаётган яна бир иллат – бу коррупция балосидир. Бундай хатарга қарши курашиш мақсадида яқинда Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилган "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги қонунни тезроқ амалиётга жорий этиш чора-тадбирларини кўришимиз лозим. Буларнинг барчаси ўз навбатида инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга, халқимизнинг давлат ҳокимиятига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади", — деб таъкидлади Ўзбекистон президенти.