ТОШКЕНТ, 5 апр — Sputnik. Тадбир осойишталик посбонлари орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг оилавий аҳволи, муаммолари билан яқиндан танишиш мақсадида ўтказилди, деб хабар қилди Ўзбекистон ИИВ матбуот-хизмати.
"Шунга қарамай, барча профилактика инспекторлари ҳам сидқидилдан хизмат қилаяпти, деб бўлмайди. Улар орасида тамагирлик қилаётган, жамоат жойларида спиртли ичимлик ичаётган, жиноятларни яшираётган ходимлар ҳам учраб турибди. Айбдорлар жиноий жавобгарликка тортилиб, ички ишлар органларидан бўшатилди", — деб қўшимча қилган Собиров.
Раҳбарнинг сўзларига кўра, фуқароларнинг ариза ва шикоятлари билан ишлашга совуққонлик билан муносабатда бўлаётганлар ҳам бор. Жумладан, Андижон тумани ИИБ ҲООБ профилактика инспектори, капитан Сарвар Мамировнинг хизмат хонаси текшириб кўрилганида, фуқароларнинг ўтган йили ёзилиб, ҳалигача кўриб чиқилмаган аризалари топилган.
Йиғилганларга шахсий таркиб бўйича махсус инспекция ходимлари томонидан тасвирга олинган "Пушаймон" номли видео фильм намойиш этилган. Унда профилактика инспекторлари, йўл-патруль хизмати ходимларининг пора олиш чоғида қўлга олингани акс этган. Видео тасвирларда собиқ ички ишлар органлари ходимлари ўз қилмишларидан астойдил пушаймон бўлиб, кўз ёшларини тия олмай тавба-тазарру қилишган, кечирим сўрашган.
Шундан сўнг Андижон вилояти ИИБ фахрийлар кенгаши раиси, истеъфодаги полковник М. Шамшиддинов ходимларни ҳалол хизмат қилишга, ўз бурчини виждонан бажаришга чақирган. Шамшиддинов инспекторларнинг ота- оналарига эса ўз фарзандларининг хизмат фаолияти билан яқиндан танишишни, уларга оқилона маслаҳат бериб, тўғри йўл кўрсатишни тавсия этган.
Тадбир якунида вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари, подполковник Д. Мирзамамедов Ўзбекистон Республикасининг "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги Қонуни кучга кирганини эслатиб, барча ходимлар унинг талабларига қатъий риоя этишлари лозимлигини таъкидлаган.