Ўзбекистон темир йўллари йўловчига қўпол муомалада бўлган кассирларни жазолади

Oбуна бўлиш
Фуқаро Нариммат Йўлдошевнинг Ўзбекистон темир йўллари компанияси кассирлари ҳақида билдирган танқидий фикрлари айрим нашрларда эълон қилингач, компания "ходимларга нисбатан қатъий интизомий чоралар кўрилгани" ҳақида расмий баёнот берди

ТОШКЕНТ, 2 июл — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Илгарироқ "Facebook" ижтимоий тармоғи фойдаланувчиси Нариммат Йўлдошев "Ўзбекистон темир йўллари" кассирларидан норози бўлгани ҳақидаги хабарни чоп этган эдик.

Нариммат Йўлдошев ижтимоий тармоқдаги саҳифасида эълон қилган "Урганчга чипта йўқ, лекин вагонни ярми бўш келди" номли постида чипта сотиб олиш учун бир кун сарсон бўлгани, поездга чиққач эса вагоннинг тенг ярми бўшлигини кўриб, бу ҳолатдан қаттиқ ҳайратлангани ҳақида батафсил баён этганди. Фуқаро бу каби вазият юзага келишида "Ўзтемирйўловчи" АЖ нинг қўпол муомалали кассирларини айблаган ва уларни компанияни касодга учратиш учун четдан ёлланган "қўпорувчилар" деб атаганди.

Нариммат Йўлдошевнинг фикрларини нашрда эълон қилишдан олдин Sputnik Ўзбекистон мухбири Бегзод Раҳмонов компания матбуот-хизматига қўнғироқ қилди. Бўлиб ўтган суҳбатдан сўнг "кассир қиз ногиронларга Оролбўйи шаҳарларига чипта сотиш қоидаларини аниқ билмай туриб, Нариммат акага нотўғри муносабатда бўлган", деган хулосага келди.

Айни вақтда Ўзбекистон Темир йўллари компанияси ўз расмий саҳифасида юқоридаги ҳолат бўйича расман изоҳ берди.

"…Жорий йилнинг 24-25 июн кунлари Тошкент-Урганч йўналишида чипта сотиб олиш бўйича билдирган эътироз ва мулоҳазаларини "Ўзтемирйўловчи" акциядорлик жамияти маъмурияти атрофлича ўрганиб чиқиб, қуйидагиларни маълум қилишни лозим топди.

Маълумки 2017 йил 26 июн куни мамлакатимизда "Рамазон ҳайити куни" деб эълон қилиниб, дам олиш куни деб белгиланди.

Миллий авиакомпанияни коррупцияда айблаган фуқаро ўз сўзларини қайтариб олди
Шу муносабат билан байрам олди вилоятга кетувчи йўловчилар сони бир мунча ортди. Натижада, 24-25 июн кунлари "Тошкент-Урганч" йўналишида ҳаракатланадиган поездларнинг чипталари харакат кунидан олдин тўлиқ сотиб тугатилди.

Шунингдек, байрам муносабати билан "Ўзбекистон темир йўллари" акциядорлик жамияти томонидан 27 июн куни вилоятлардан Тошкент шаҳрига келувчи йўловчиларни жой билан таъминлаш мақсадида 26 июн куни жўнайдиган 58-сонли "Тошкент-Шовот" поездига қўшимча 6 та "пласкарт" вагонлари уланди. Мазкур вагонлар 21-23 июн кунлари йўналиш ҳаракати таркибига киритилди.

Аниқланишича, 26 июн куни жўнайдиган 58-сонли "Тошкент-Шовот" поездининг қўшимча уланган 6 та вагонига умумий 31 та чипта сотилиб, шундан 21 та чипта "Тошкент-Навоий-Учқудуқ-Урганч" йўналишлари бўйича, 5 та чипта "Жиззах-Урганч" йўналиши бўйича ва 5 та чипта "Самарқанд-Урганч" йўналиши бўйича расмийлаштирилган.

"Facebook" ижтимоий тармоғи фойдаланувчиси Нариммат Йўлдошев постида келтирилган чипта сотувчининг муомиласи ва навбатчининг масъулиятсизлиги бўйича билдирилган фикрлар ҳам чиптахоналарда ўрнатилган видео камералар орқали ўрганилиб, таҳлил қилинди. Ҳолат постда келтирилган фикрлар каби ўта кескин бўлмасада, ходимларга нисбатан қатъий интизомий чоралар кўрилди.

Ҳозирги кунда аҳолига хизмат кўрсатиш маданияти ва сифатини ошириш, ишларни янада такомиллаштириш, йўловчиларнинг таклиф ва мулоҳазаларини ўрганиш мақсадида "Ўзтемирйўлйўловчи" акциядорлик жамияти Бош директорининг виртуал қабулхонаси фаолият юритмоқда. Ҳурматли йўловчилар барча мурожатларингизни uzrailpass.uz веб-сайти орқали виртуал қабулхонага йўллашингиз мумкин", — дейилади хабарда.

Айтиш жоизки, "Қўпорувчи кассирларнинг куни битгани ростми?" мақоласи эълон қилингач, таҳририят электрон почтасига фуқаро Мирзо Субхановдан мактуб келди. Хатда юқоридаги сингари вазиятлар юзага келишида фақатгина кассирларни айблаш нотўғри эканлиги алоҳида таъкидлаб ўтилган.

Субханов бу сўзларнинг исботи тариқасида 29 июнь куни ўзи дуч келган муаммони баён этган.

"2017 йил 29 июнь кеч соат 21:20да Тошкент марказий Темирйўл вокзалига Самарқандга чипта олиш мақсадида бордим. Навбатда 90 дақиқадан кўпроқ туришга мажбур бўлдим. Ушбу 90 дақиқа вақт менга Ўзбекистон темир йўлларининг бугунги ачинарли ҳолатини тўлиқ очиб берди", дейилган мактубда.

"Биз кўпгина муаммолар сабабини катта мулозимлардан эмас, балки оддий ишчиларнинг бефарқлигидан ахтаришга одатланганмиз. Натижада, асосан оддий ишчиларни нохақ ишдан бўшатишлари билан чекланишнинг гувоҳи бўлганмиз, холос.

Тизимда тартибсизлик мавжуд бўлса, оддий ишчиларда нима айб?", — давом эттирган ўз фикрини Субханов.

"Масалан, якинда "Жамият" газетасидаги нотариуслар фаолияти юзасидан чоп этилган танқидий маколадан сўнг, айтиб ўтилган "бечора" нотариус ишдан олинди. Лекин кўрсатилган муаммолар умумий тизимда ҳали ҳануз мавжуд.

Танқид бу — бировни ишдан олиш эмас, балки бор муаммони муҳокама қилиб, биргаликда бартараф этиш. Агар темирйўл тизимидаги муаммоларга оддий кассирлар айбдор бўлганида эди, буни бартараф этиш учун бир соат етарли бўларди: яъни эски кассирларни бўшатиб, ўрнига янгиларни олиш билан ҳал қилса бўларди масалани", — дейилган мактубда.

"Ўзбекистон темир йўллари" чипталар нархи арзонлашганини маълум қилди

Субхановнинг ёзишича, 29 июн куни Тошкент вокзалидаги умумий 12 та кассадан факат 4 таси фаолият олиб борган, чипта олиш учун келган одамларнинг сони эса анча кўп бўлган. Бундан ташқари, 4 та кассанинг биттаси ҳарбийлар учун ва биттаси электрон билетлар учун ажратилган ва фақат 2 таси оддий аҳолига хизмат кўрсатган. Шунингдек, чипта нархининг ярмини накд ва ярмини пластикда тўлаш имконияти ҳам мавжуд эмаслиги айтилмоқда. Шундай мурожаат билан юзланган йўловчига кассирлардан "ҳисобот бузилади, иложи йўқ", деган жавоб янграган.

"Темирйўл тизимида 75 минг киши ишласа ҳам, Ўзбекистондаги энг катта вокзалда 12 та кассанинг фақат 4 таси ишлаётганини қандай тушуниш мумкин? Тошкент темирйўл вокзалидаги навбатни бартараф этиш учун "электрон навбат" тизими киритилган ва лекин ундан умуман фойдаланилмайди. Худди санъаткорлар "Бу халқ жонли ижрони тушунмайди" дегани каби, бу ерда ҳам оддий одамлар "электрон навбатни" тушунмайди деб, ишлатилмаяптими?" — истеҳзо аралаш сўраган фуқаро.

Мактуб муаллифи, шунингдек, вокзалдаги вазиятдан туристлар ҳам таажжубланишганига гувоҳ бўлганлигини қўшимча қилган.

"Ёзда об-ҳаво жуда иссиқ бўлаётганига қарамасдан, кондиционерлар ҳалигача ҳамма вагонларда мавжуд эмас экан. Арзон чипта олган кишиларга проводниклар кам пулга бошқа вагонга ўтишни "таклиф" қилишганининг гувоҳи бўлдим", — деб ёзади Субханов.

Ўзбекистон темир йўллари сайти - Sputnik Ўзбекистон
Темир йўл чипталарни харид қилиш бўйича CLICK тизими ишга туширилди
 Хат муаллифига кўра, темир йўл вокзалларида ўрнатилган "электрон навбатни" тўлиқ ишга тушириш, бундан ташқари, биринчи навбатда, янги маркетинг тизимини жорий этиш шарт — яъни поездлардаги бўш жойларни бартараф этиш учун чегирмалар тизимини қўллаш, доимий йўловчиларни рағбатлантириш, кассалардаги навбатларни кескин бартараф этиш ва бу билан хизмат сифатини ошириш каби.

"Темирйўл давлат транспорт тизимининг асосий бўғинларидан ҳисобланади ва унинг ҳозирги ҳолати талаб даражасида эмас. Бунга эса оддий кассирларнинг умуман айби йўқ.

Ҳамма айб, президентимиз айтганидек, ишлашни хоҳламаётган мулозимларда", деб ўз мактубига якун ясаган муаллиф.

Янгиликлар лентаси
0